18:06 / 17.05.2021
2 554

Ўзбекистонда муддатидан илгари пенсия тайинлаш тартибига ўзгартиришлар киритилди


Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг буйруғи билан Алоҳида асосларга кўра меҳнат шартномаси бекор қилинганда ишдан бўшатилган ходимларга муддатидан олдин пенсия тайинлаш тартиби тўғрисидаги йўриқномага ўзгартиришлар киритилди, деб хабар беради Норма. Ҳужжат «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги ЎРҚ-642-сон қонунига мувофиқ қабул қилинган.

Йўриқнома қуйидаги сабабларга кўра ишдан озод этилган ходимларга муддатидан олдин пенсия тайинлаш тартибини белгилайди: технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги.

Мазкур шахсларга улар расман ишсиз деб эътироф этилган ва зарур меҳнат стажига эга бўлган тақдирда муддатидан олдин (қонун ҳужжатларида белгиланган умумий асосларга кўра пенсия тайинлаш муддатидан икки йил олдин) пенсияга чиқиш ҳуқуқи тақдим этилади:
  • эркаклар — 58 ёшда бўлиб, меҳнат стажи 25 йилдан кам бўлмаган тақдирда;
  • аёллар — 53 ёшда бўлиб, меҳнат стажи 20 йилдан кам бўлмаган тақдирда.
Биринчидан, «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири қабул қилиниши муносабати билан уларга мувофиқ  йўриқнома қабул қилинган НҲҲлар аниқлаштирилди — «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги қонуннинг 49-моддасининг 8-қисми, «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонуннинг 14-моддаси, Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2- қисмининг 1-банди.

Иккинчидан, белгиланишича, ишдан озод этилган шахслар меҳнат шартномаси бекор қилинган кундан сўнг, 30 календарь кун ичида ҳудудий аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига мурожаат қилса, марказ ходимлари 3 ойлик давр ичида (аввал — агар ишдан озод этилганлар 10 кун ичида мурожаат қилса) мақбул келадиган ишни топишда ёрдам беришлари керак.

Агарда озод этилган шахслар 30 календарь кундан кейин мурожаат қилса, аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ходимлари 10 кун муддат ичида мақбул келадиган ишни топишда ёрдам беришлари зарур.
Ушбу ҳужжат 2021 йил 4 майдан кучга кирган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонда муддатидан илгари пенсия тайинлаш тартибига ўзгартиришлар киритилди