11:57 / 20.05.2021
1 488

ДХХ бир миллион долларга ер сотаётганларни қўлга олди

ДХХ бир миллион долларга ер сотаётганларни қўлга олди

Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилди. Унда Тошкент вилояти Қибрай туманида яшовчи икки нафар фуқаро мазкур туманнинг Салар шаҳарчаси ҳудудидаги 2 гектар ер майдонини 1 млн. 10 минг АҚШ долларига сотган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди.

Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида аниқланишича, мазкур ер майдони 2018 йил Қибрай тумани ҳокимининг тегишли қарори билан қурилиш материаллари ишлаб чиқариш цехи ташкил этиш учун Тошкент шаҳрида яшовчи, 1963 й.т. фуқарога ажратиб берилган бўлиб, лекин, бугунга қадар ушбу манзилда ҳеч қандай амалий иш қилинмаган. Ҳозирда мазкур ер эгасини тергов ҳаракатларига жалб этиш чоралари кўрилмоқда.

Бухоро вилояти Пешку туманида яшовчи, муқаддам ҳокимият тизимида ишлаган икки нафар фуқаро қурилиш билан шуғулланувчи масъулияти чекланган жамият раҳбарининг ишончига кириб, унга мазкур туман ҳудудида қўп қаватли уй-жой қуриш учун ажратилган 19 сотих ер майдонини ҳокимиятдаги мансабдор танишлари орқали олиб беришни айтиб, эвазига 38 минг АҚШ доллари талаб қилади.

ДХХ Бухоро вилояти бошқармаси ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фирибгар шахслар сўралган пулни олган вақтларида ушланди.

ДХХ Сурхондарё вилояти бошқармаси ҳамда Департамент ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда вилоят ҳокимлигининг қурилиш мажмуаси собиқ ходими, Термиз шаҳрида яшовчи аёл Бандихон туманида жойлашган ўзининг номидаги масъулияти чекланган жамият балансида бўлган 2 гектар суғориладиган ер майдонини 30 минг АҚШ долларига сотган вақтида ушланди.

Аниқланишича, ушбу ер майдони 2020 йил вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги ер участкалари бериш масалаларини кўриб чиқувчи комиссиянинг йиғилиш баёни асосида иссиқхона қуриш мақсадида бепул ажратилган, бироқ, ҳозирга қадар ҳеч қандай амалий иш қилинмаган.

Тошкент шаҳар Яккасарой туманида истиқомат қилувчи шахс 148 минг АҚШ доллари эвазига мансабдор танишлари орқали Янгиҳаёт тумани ҳудудидан 14 сотих ер майдонини тегишли ҳужжатларини расмийлаштириб, олиб беришни ваъда қилади.

ДХХ ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, у 20 минг АҚШ долларини аванс сифатида олган вақтида ушланди. Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Жамият » ДХХ бир миллион долларга ер сотаётганларни қўлга олди