16:23 / 23.05.2021
1 040

Сергелидаги бешта ҳовлининг ёниб кетишига сув етишмовчилиги ва йўллардаги тирбандлик сабаб қилиб кўрсатилди

Сергелидаги бешта ҳовлининг ёниб кетишига сув етишмовчилиги ва йўллардаги тирбандлик сабаб қилиб кўрсатилди

Фото: Видеодан кадр / «Qalampir.uz»
Тошкентнинг Сергели туманидаги хонадонларнинг бирида 20 май куни ёнғин чиқиб, ўт яна икки хонадонга ҳам ўтгани ҳақида хабар берилган эди. ФВВ ёнғинни бартараф этишда ўт ўчирувчилар тирбандликда қолиб кетгани ва сув босими пастлиги муаммоси таъсир кўрсатганини қайд этди.

Сергели тумани «Паст Дархон» МФЙ Наврўз 6-тор кўчасида жойлашган хонадонларнинг бирида ёнғин бўлаётганлиги юзасидан хабар Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг тезкор-қутқарув гуруҳига 20 май соат 07:35 да келиб тушган. Ярим соатдан сўнг ФВВ матбуот хизмати ёнғин ҳақида дастлабки ахборот берган ва бу вақтда фақат битта хонадонда ёнғин қайд этилган бўлган.

Кейинроқ ФВВ мазкур ҳодиса юзасидан қўшимча маълумотларни тақдим этиб, ёнғин жойига биринчи бўлинма соат 07:45 да (10 дақиқада) етиб боргани, қолган ёнғин-қутқарув бўлинмалари соат 07:47 дан соат 08:24 га қадар, жами 5 та бўлинма ёнғин жойига етиб борганини маълум қилган.

«Ёнғин содир бўлган хонадон қўшни хонадонларга зич қилиб қурилгани, ёнғинга қарши деворлар бўлмагани, шу билан бирга, шамол тезлиги юқори бўлиб тургани сабаб ёнғин бошқа хонадонларга ҳам тезлик билан тарқалиб, оқибатда 3 та хонадонга тегишли 200 метр квадрат майдонда ёнғин юзага келган», — деб қайд этган вазирлик.

ФВВ, шунингдек, тонгги вақтда пойтахт кўчаларида тирбандликлар бўлганини, «Паст Дархон» МФЙ, Наврўз 6-тор кўчасидаги ерости гидрантининг сув босими паст бўлгани, бу каби ҳолатлар ёнғинни тезлик билан бартараф этишга салбий таъсир кўрсатганини билдириб ўтган.

Ёнғиндан жабрланган ва ҳалок бўлганлар қайд этилмаган. Ҳозирда ёнғин сабаблари ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.
MY5 телеканали маълумотларига кўра, 19 май куни соат 19:10 да Сергели туманининг қатор маҳаллалари электр энегиясидан узилган. Эртаси куни электр таъминоти тикланган, бироқ «Наврўз» маҳалласида электр узатиш тармоқларида «айрим муаммолар» юзага келган ва оқибатда ёнғин содир бўлган.

Маҳаллада яшовчи аёл электр тикланганидан сўнг «ҳаммаёқ ёруғ бўлиб кетганини» айтган. Телеканалнинг қайд этишича, ёнғин тўртта хонадонни яроқсиз аҳволга келтирган.

«Ўт ўчирувчилар 45 дақиқада келди, дейди аҳоли вакиллари. Эрталабки 7 ларда содир бўлган ёнғинни ўчиришга 5 соат сарфланган», — дейилади MY5 хабарида.

Яна бир фуқаро жабрланганлар йўқлиги, лекин ҳеч нарса, шу жумладан, ҳужжатлар ва пуллар ҳам ёниб кетганини таъкидлаган.

Ёнғин куни воқеа жойига бориб, аҳоли билан суҳбатлашган «Qalampir.uz»нинг маълум қилишича, ҳодиса оқибатида бешта уй ёнган. Ёнғиндан уйи зарарланган фуқаролар бунга электр корхонасини айбламоқда. Уларга кўра, воқеадан бир кун аввал юз берган шамолдан сўнг тармоқда узилган симлар бор-йўқлигини текширмасдан туриб, электр тармоғини қайта тиклаган.

Фуқароларнинг бу фикрига Зангиота тумани электр тармоқлари корхонаси бош мутахассиси қуйидагича муносабат билдиган: «Соҳа мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилади, бу қисқа туташувданми ёки бошқа нарсадан. Аниқлик киритиб, ўрганиб чиқиш хулосаси тақдим этилади».

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Жамият » Сергелидаги бешта ҳовлининг ёниб кетишига сув етишмовчилиги ва йўллардаги тирбандлик сабаб қилиб кўрсатилди