20:44 / 23.05.2021
2 517

Олий таълим вазири: «Талабадан форма талаб қилинишига қаршиман»


Тошкент шаҳрида «Тошкент 5 ташаббус ҳаракати» тадбирлари доирасида Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқуловнинг ёшлар билан очиқ мулоқоти бўлиб ўтди. 

Kun.uz мухбирига кўра, мулоқот давомида вазир ОТМларда форма масаласи ва диний таълим муассасаларида квоталарнинг камлиги ҳақидаги саволга ҳам жавоб берди.

«Кийиниш масаласида мен либерал фикрлайман. Яъни талабадан форма талаб қилинишига қаршиман.
Термиз давлат университетида ректор бўлиб ишлаганимда ҳам, республикада биринчилардан бўлиб иккита ишни қилгандим.

Биринчиси: беш кунлик ўқишга ўтгандик, иккинчиси: кийимга бўлган талабни бекор қилгандим. Фақат одоб-аҳлоқ нормаларидан чиқиб кетмаган ҳолда. Бу ҳолат талабаларнинг билим олишига ижобий таъсир кўрсатди.

Талабаларнинг норози бўлишга ҳаққи бор. Ўқитувчиларнинг кўпчилиги илм талаб қилиш ўрнига галстук талаб қилади. Нега қийшайиб ўтирибсан?, нега галстугинг йўқ?, нега бундай қиляпсан? ...ҳ.к.

Иккинчидан, иқтисодий жиҳати. Ўзбекистонда ҳозир текстил соҳаси ривожланиб боряпти. Кийимлар ҳам рақобатбардош ва арзон бўлиб боряпти. Кийим ўз функцияларини бажарса бўлди.

Шунинг учун ҳам бу борада сиз билан ҳамфикрман», – деди вазир ОТМларда талабаларга кийим масаласида чекловлар қўйиш нотўғри эканлиги ҳақида гапириб.

Абдуқодир Тошқулов шунингдек, диний таълим муассасаларига кириш учун квоталарнинг камлиги ҳақидаги саволга ҳам жавоб берди. Унга кўра, бу борада ростдан ҳам квоталар етарли эмас.

«Тан олиш керак, шундай ҳолат. Биласизми, диний таълим берадиган муассасалар ОТВ тасарруфида эмас. Бу фаолият Диний қўмита томонидан мувофиқлаштирилади.

Шундай бўлса-да, фикрингизнинг бир жиҳатига қўшиламанки, квотанинг камлиги, устозларнинг камлиги ҳисобига чеккадан келиб, диний таълим бериш ҳолатлари сезиляпти.

Бунда ўзига яраша масалалари бор. Лекин мен диний масалада чуқур кетмоқчи эмасман. Чунки дин ҳақида гапириш учун одам 30-40 йиллик билимга эга бўлиши керак. Илми толиблик даражасини олиш учун ҳам 10 йиллик маълумотим етмайди.
Айтмоқчи бўлганим, ўзимизнинг олимлар таҳсил бериши керак. Дин борасида бошқа мазҳаб ва мазҳабсизликлар тарғиб қилинмаслиги учун», – деди Олий таълим вазири.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият