4 494
Қашқадарёда унаштирилган йигит ва қизни асоссиз жазолаб, уларни қўрқитиб босим ўтказган ИИБ ходимлари ишдан бўшатилди

Қашқадарё вилояти Косон туманида унаштирилган йигит ва қизни асоссиз жазолаган, қизни енгилтабиат аёллар рўйхатига тиркаш билан қўрқитиб босим ўтказган ИИБ ходимлари ишдан бўшатилган. Уларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан тўпланган ҳужжатлар туман прокуратурасига тақдим этилган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, 2021 йил 8 апрель куни Косон тумани Дўстлик маҳалласи ҳудудида фуқаро Ғ.А. унаштирилган қизи О.Ҳ. билан «Кобальт» машинасида ўзаро суҳбатлашиб ўтирганда, катта лейтенант И.Файзуллаев ҳамкасби катта лейтенант Ф.Астанов билан бирга бориб, улардан ҳужжат сўраган ва «Кобальт»ни асоссиз равишда ва ҳеч қандай ҳужжатларсиз жарима майдонига киритган.
Сўнг, О.Ҳ.ни енгил табиатли аёл сифатида рўйхатга олишларини айтиб, дастлаб туман тиббиёт бирлашмасида тан жароҳати бор ёки йўқлиги ҳақида тиббий кўрикдан ўтказишган, кейин туман ИИБга олиб боришган.
Қайд этилишича, Қашқадарё вилояти ИИБ масъул ходимлари И.Файзуллаев ва Ф.Астановдан Ғ.А. ва унинг унаштирилган қизи О.Ҳ.ни нима сабаб туман ИИБга олиб келиниб, сабабсиз ушлаб ўтиргани сўралганда, улар ҳеч қандай асослантирувчи ҳужжатлар тақдим эта олмаган.
Ҳолат юзасидан масъул ходимлар томонидан катта лейтенант И.Файзуллаев ва катта лейтенант Ф.Астановлардан тушунтириш хати олиб бўлингандан сўнг, улар ҳолат юзасидан ҳужжатлар расмийлаштиришга ҳаракат қилиб, билдирги ёзиб рўйхатдан ўтказишга эришишган.
Масъул ходимлар томонидан ўтказилган хизмат текширувида И.Файзуллаев ва Ф.Астанов Ғ.А. билан О.Ҳ. маҳалладош экани, уларнинг шахси, яшаш манзили аниқ бўлишига қарамасдан, ҳеч қандай ҳужжат расмийлаштирмасдан 4 соат давомида ушлаб ўтиргани аниқланган.
Бундан ташқари, улар Ғ.А.дан 4,9 миллион сўм миқдорда пул олиб келишини талаб қилиб, унинг ёнида бўлган «Самсунг» русумли қўл телефони ва 200 минг сўм пулларини олиб, «Кобальт»ни жарима майдончасидан чиқаришга рухсат берганлиги аниқланган.
Таъкидланишича, мазкур ҳолат юзасидан Косон тумани ИИБ масъул ходимлари томонидан хизмат текшируви ўтказилиб, катта лейтенант И.Файзуллаев ва катта лейтенант Ф.Астановлар ИИО сафидан бўшатилган ва тўпланган ҳужжатлар уларнинг ҳаракатига қонуний баҳо бериш учун Косон туман прокуратурасига юборилган.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар