19:30 / 03.06.2021
2 441

1 август — ОТМларга кириш имтиҳонлари ўтказиладиган кун қандай об-ҳаво кутилмоқда?


«Ўзгидромет» 2021 йил 1 август — ОТМларга кириш имтиҳонлари ўтказиладиган кун қандай об-ҳаво кутилаётганини маълум қилди.

Қайд этилишича, 2020 йилнинг ёз ойлари қолган йилларга нисбатан салқинроқ бўлган. Жумладан, 2020 йилнинг мутлақ максимал ҳаво ҳарорати 40,2 даража иссиқни ташкил этган, бу қиймат 2019 йилнинг мутлақ максимал ҳаво ҳароратидан 2,3 даражага, 2018 йилдан эса 2,8 даража салқинроқ бўлган. Бундай ҳолат 2020 йил 1 август кунида ҳам кузатилган. Шу куни ҳаво ҳарорати 2019 йилнинг 1 август кунидаги максимал ҳаво ҳароратидан 6,5 даражага, 2018 йилнинг 1 августидан эса 3,7 даража салқинроқ бўлиб, 32,5 даража иссиқни ташкил этган.

«2021 йилнинг 1 август куни ҳаво ҳарорати меъёр атрофида бўлиши кутилмоқда. Шу куни об-ҳаво асосан кам булутли бўлади, ёғингарчилик кутилмайди (10—20 фоиз қисқа муддатли ёмғир ёғиш эҳтимоли бор). Шамол ўртача тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 20-25 даража, кундузи 35-40 даража бўлади», — дейилади хабарда.

«Ўзгидромет»нинг қайд этишича, юқори ҳаво ҳарорати инсон организмига салбий таъсир кўрсатади. У терлашга олиб келиши, бу эса ўз навбатида организмни сувсизланишига, минерал сувлар ва фойдали витаминларни йўқолишига, шунингдек, юрак-қон томир тизими фаолиятида жиддий ўзгаришларни келтириб чиқиши, нафас олиш тезлигини ошириши ҳамда эътиборнинг заифлашиши, реакцияни пасайишига ва бошқа салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Об-ҳаво шароитининг инсон организмига таъсирининг юмшатиш мақсадида «Ўзгидромет» қуйидагиларни тавсия этган:
  • республикада одатда ҳаво ҳароратининг юқори даражага кўтарилиши 12:00 дан 15:00 лар даврига тўғри келади. Бундан келиб чиқиб тест синовлари соат 09:00 дан 11:00 гача бўлган вақтда ўтказиш;
  • имтиҳонларни иложи борича бино ичида ёки салқин жойларда ўтказиш;
  • абитуриентларни мунтазам равишда ичимлик сувлари билан таъминлаб бориш.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилда ОТМга кириш учун ўтказиладиган имтиҳонлар 2 сентябрдан бошланиб, стадионларда бўлиб ўтган эди.
ДТМ бош бошқармаси бошлиғи Фарҳод Мирзаев 2021/2022-ўқув йили учун ОТМларга кириш тест синовларини 2 та сценарий — ёпиқ ва очиқ майдонларда ўтказиш келишиб олинганини маълум қилди. Унинг айтишича, тест синовлари ўтказиш учун 46 800 нафар абитуриент учун мўлжалланган 96 та катта сиғимли ёпиқ бино, 59 040 нафар абитуриентни сиғдирадиган 65 та стадион танланган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » 1 август — ОТМларга кириш имтиҳонлари ўтказиладиган кун қандай об-ҳаво кутилмоқда?

Жамият янгиликлари