19:31 / 28.06.2021
1 402

Кувайт авиакомпанияси Тошкентга парвозларни бошлайди


Фото: Simple Flying
Кувайт халқаро аэропортида 27 июнь куни Ўзбекистоннинг Кувайтдаги элчихонаси вакиллари иштирокида Jazeera Airways авиакомпаниясининг Кувайт—Тошкент йўналиши бўйича биринчи рейсининг очилиш маросими ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Унда Кувайт авиация маъмурияти расмийлари, Jazeera Airways раҳбарияти, ишбилармон доиралар, сайёҳлик агентликлари ва қабул қилувчи мамлакат оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Jazeera Airways бош директори Роҳит Рамачандран ўз нутқида Кувайт ва Ўзбекистон пойтахтлари ўртасида тўғридан-тўғри рейсларни очиш муҳимлигини таъкидлади.

Фото: Facebook / Jazeera Airways
«Биз Кувайт халқаро аэропортидан Ўзбекистон пойтахтига тўғридан-тўғри рейсни очганимиздан мамнунмиз. Бой тарихга эга ушбу мамлакат нафақат кувайтликлар, балки минтақадаги бошқа мамлакатлар фуқаролари учун ҳам энг оммабоп йўналишлардан бири ҳисобланади.

Мунтазам қатновларнинг ташкил этилиши икки мамлакат халқлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга, Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини кўпайтиришга, икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантиришга ёрдам беришига ишончим комил», — деган у.

Аҳмад Саллам, «Ал-Машура» туризм компанияси бош менежери:
- Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг Форс кўрфази - араб давлатлари билан алоқалари барча соҳаларда мустаҳкамланиб бормоқда. Кувайт ва Тошкент ўртасидаги тарихий тўғридан-тўғри авиарейсларнинг очилиши, аввало, икки дўст мамлакат фуқароларининг янада қизғин мулоқотига, бизнес ва дўстона алоқаларини мустаҳкамлашга кўмаклашади. Кувайт давлати кувайтликлар ва ўзбекистонлик сайёҳларга қулай саёҳат ташкил этиш учун қўшимча имкониятлар яратаётган ушбу тадбирни мамнуният билан кутиб олди. Умид қиламизки, бугунги тадбир ҳам мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли бизнес, савдо-иқтисодий ҳамкорликни равнақ топтиришга хизмат қилади.

Волид ал-Рашид, «Султан трэвел» туризм агентлигининг менежери:
- Ўзбекистон - Ислом цивилизациясининг буюк мутафаккирлари юрти. Ўзбек халқининг бой тарихи, маданияти ва анъаналари Яқин Шарқ минтақаси халқлари эътиборини ҳамиша ўзига тортиб келган. Кувайтнинг сайёҳлик компаниялари учун икки мамлакат пойтахтлари ўртасида тўғридан-тўғри парвозларнинг очилиши Ўзбекистонга  янги сайёҳлик йўналишларини ташкил этиш имконини беради.

Spot’нинг Кувайт ахборот агентлиги (KUNA)га таяниб маълум қилишича, парвозлар А320-214 ва А320-251N самолётларида сешанба ва шанба кунлари амалга оширилади.

Эслатиб ўтамиз, Кувайтнинг Jazeera Airways авиакомпанияси Ўзбекистонга мунтазам қатновларни амалга ошириш учун 2021 йил апрелида рухсатнома олганди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Кувайт авиакомпанияси Тошкентга парвозларни бошлайди