11:11 / 30.06.2021
2 618

Самарқандда кредити бор шахс ўзини баланд бинодан ташламоқчи бўлди


Ижтимоий тармоқларда «Бир одам давлат унга кредит бермаётганлиги учун ўзини баланд бинодан ташламоқчи бўлди» сарлавҳаси остидаги видеолавҳа тарқалди. Видео бўйича Самарқанд вилояти Оқдарё туман ҳокимлиги маълумот берди.
Қайд этилишича, ҳолат 2021 йилнинг 28 июнь куни Оқдарё туманида содир бўлган.

Аниқланишича, Оқдарё тумани «Тўрон» МФЙ Арпа қишлоғида яшовчи фуқаро Э.Ф. 2020 йил апрель ойида ҳунармандчиликка ёғоч маҳсулотлари сотиб олиш учун «Микрокредитбанк»нинг Лойиш филиалидан 30 миллион сўм кредит олган.

Фуқаронинг ойлик кредит қарзини тўлаш суммаси 2 миллион 895 минг сўм бўлиб, 2021 йил май—июнь ойлари учун тўловни амалга оширмаган.

Суд қарорига асосан, мажбурий ижро бўлими ходимлари қарзни ундириш мақсадида фуқаронинг уйига борган. Бундан норози бўлган Э.Ф. тумандаги «Микрокредитбанк» АТБ Оқдарё филиали олдидаги бинонинг юқори қаватига чиқиб, ўзини ташламоқчи бўлган.

Жамоат тартибини сақлаш мақсадида ҳодиса жойига ИИБ ходимлари етиб бориб, фуқаро билан тушунтириш ишларини олиб борганидан сўнг Э.Ф. фикридан қайтган.

Шунингдек, фуқаро унинг турмуш ўртоғи М.Н.нинг ҳам «Микрокредитбанк»дан тўланмаган 2 ойлик, жами 2 миллион 50 минг сўм қарздорлиги мавжудлиги аниқланган. Фуқаро Ф.Э.га нисбатан банк томонидан қонун бузилиш ҳолатлари содир этилмаган.
«Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, ижтимоий тармоқларда “давлат кредит бермаганлиги учун фуқаро ўзини бинодан ташламоқчи бўлди”, деб нотўғри талқин қилинганлигини маълум қиламиз», — дейилади ҳокимлик хабарида.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Самарқандда кредити бор шахс ўзини баланд бинодан ташламоқчи бўлди