09:57 / 07.07.2021
2 687

Адлия вазирлиги: Фермер ғалласини тортиб олган қонунбузарлар жазоланади!

 
Мамлакатимизда айни дамларда заҳматкаш деҳқоннинг пешона тери эвазига етиштирилган ғалла хирмонга йиғилмоқда. Шундай пайтда, фермерлар ҳосилининг давлат режасидан ортиқча қисмини ҳам тортиб олиш ҳолатлари, шунингдек, эгасининг розилигисиз омборидан ҳосилни олиб чиқиб кетаётгани ҳақида хабарлар келмоқда.
 
Шу ўринда, Адлия вазирлиги қонунларни менсимасдан фермернинг режадан ортиқча ғалласини тортиб олаётган айрим мансабдор шахсларга амалдаги қонунчиликни эслатиб, уларга нисабатан жавобгарлик белгиланганлиги ҳақида огоҳлантиради.
 
Биринчидан, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Қонунга кўра фермер етиштирган маҳсулот унинг мулкдир ва у давлат ҳимоясида. Конституциянинг 53-моддасига кўра хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир.
 
Худди шундай, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасида мулкчилик тўғрисида”ги, “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида”ги қонунларда ҳам тадбиркор ҳисобланган фермерларнинг мулки давлат томонидан ҳимояланиши кўрсатилган бўлиб, фермерларнинг мулкий ҳуқуқларини бузган шахсларга нисбатан маъмурий (9,8 млн. сўмдан 19,6 млн. сўмгача жарима) ва жиноий (7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш) жавобгарлик белгиланган.
 
Иккинчидан, режадан ортиқча ғаллани олиш мақсадида фуқароларнинг уй-жойларига уларнинг рухсатисиз кириш Конституциянинг 27-моддасига тўғридан-тўғри зид келади ва айбдор Жиноят кодексининг 142-моддасига кўра 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
 
Учинчидан, Фуқаролик кодексининг 354-моддасига асосан, фермерлар шартнома тузишда эркиндирлар. Шартнома тузишга мажбур қилишга йўл қўйилмайди.
 
“Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Қонунга кўра фермерлар давлат эҳтиёжлари учун етиштирган ҳосилни контрактация шартномаларида назарда тутилган ҳажмларда етказиб беришга мажбурдир.

 Контрактация шартномаларида назарда тутилган мажбуриятдан ортиқ ҳажмда маҳсулот талаб қилиш қонунчилик ҳужжатларига зид ҳисобланади.
 
Шартномавий муносабатлар бўйича вужудга келган низолар фақат ўзаро ёки суд тартибида ҳал этилиши лозим. Бундай ҳолатларда зўравонлик ишлатиш ёки ўзгача усулда ноқонуний мажбурлаш – қонун бузилиши ҳисобланади ва жавобгарликни келтириб чиқаради.
 
Адлия вазирлиги тегишли мансабдор шахслар ва давлат хизматчиларини қонунларни ҳурмат қилишга ҳамда фермерларнинг ҳуқуқларини бузмасликка чақиради.
 
Қонунни менсимаган ва фермерларнинг ҳуқуқларини бузган ҳар қандай шахс жавобгарликка тортилиши ҳақида яна бир маротаба огоҳлантирамиз.
 
Ҳурматли фермерлар, ҳуқуқингиз бузилган ҳар қандай ҳолатда, зудлик билан адлия органларига (“1008” – телефон рақам ёки @fermermadadbot – телеграм орқали) мурожаат қилинг.
 
Сизнинг ҳуқуқларингиз албатта ҳимоя қилинади!

Адлия вазирлиги 
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Адлия вазирлиги: Фермер ғалласини тортиб олган қонунбузарлар жазоланади!