14:25 / 07.07.2021
3 910

Президент фармони билан Ўзбекистонда экстремизм ва терроризмга қарши курашиш стратегияси тасдиқланди


Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 1 июлдаги фармони (ПФ-6255) билан 2021−2026 йилларга мўлжалланган экстремизм ва терроризмга қарши курашиш бўйича Ўзбекистон Миллий стратегияси тасдиқланди, деб хабар беради «Gazeta.uz».

«Стратегиянинг мақсади Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ҳимоя қилиш, миллий хавфсизлик, шунингдек, фуқароларнинг ушбу соҳадаги ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга имкон берадиган экстремизм ва терроризмга қарши курашиш бўйича самарали ва бир вақтнинг ўзида мувофиқлаштирилган давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлашдир», — дейилади ҳужжатда.

Стратегияда қайд этилишича, экстремизм ва терроризмга қарши курашишдаги мавжуд тажриба, шунингдек, минтақа давлатларидаги мазкур таҳдидларга қарши курашиш бўйича ҳолатнинг ретропроспектив ва қиёсий таҳлиллари шуни кўрсатмоқдаки, Марказий Осиёда экстремистик ва террорчилик фаолияти, асосан, миллатчилик (миллий), ижтимоий, диний ва бошқа радикал сиёсий ғоялар остида амалга оширилмоқда.
Қуйидагилар стратегиянинг устувор йўналишлари этиб белгиланди:
  • экстремизм ва терроризм мафкураси тарқалишининг олдини олиш мақсадида ватанпарварлик, анъанавий қадриятлар ва бағрикенглик ғояларини тарғиб қилиш;
  • вояга етмаганлар ва ёшлар орасида экстремистик ғоялар тарқалишининг олдини олиш;
  • хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг экстремизм ва терроризмга қарши курашишдаги ролини кучайтириш;
  • узоқ муддат хорижда бўлган фуқароларни экстремизм ва терроризм ғоялари таъсиридан ҳимоя қилиш;
  • экстремистик ва террорчилик мақсадларида интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланишга қарши курашиш;
  • фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситаларининг экстремизм ва терроризмга қарши курашишдаги иштирокини таъминлаш;
  • экстремистик ва террорчилик ҳаракатлари, шунингдек, уларни молиялаштирганлик учун ҳуқуқий таъқиб ва жавобгарликка тортиш чораларини такомиллаштириш;
  • экстремизм ва терроризмга қарши курашиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш;
  • халқаро ва минтақавий ҳамкорлик.
Стратегияни уч босқичда амалга ошириш кўзда тутилмоқда.
Биринчи босқичда (2021 йил) қуйидагилар режалаштирилмоқда:
  • стратегияни амалга ошириш учун қулай шарт-шароитларни яратиш, давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштиришни таъминлаш, мазкур муаммони биргаликда ҳал қилиш учун кенг жамоатчилик ва халқаро ташкилотларни жалб қилиш;
  • экстремизм ва терроризмга қарши курашиш соҳасида Ўзбекистон қонунчилигини ривожлантириш истиқболларини белгилаш;
  • экстремистик ва террорчилик фаолиятига қарши курашиш бўйича давлат ҳокимияти ва ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятининг ташкилий таъминлангани ва уйғунлигини такомиллаштириш;
  • вазиятни мониторинг ва таҳлил қилишнинг комплекс дастурларини ташкил этиш, шунингдек, муаммоларни аниқ белгилаш ҳамда уларни бартараф этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш.
Иккинчи босқичда (2022−2025 йиллар) қуйидагилар белгиланди:
  • экстремизм ва терроризмга қарши курашиш соҳасидаги вазифаларни ҳал қилишга қаратилган амалдаги қонунларни ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш ва янгиларини қабул қилиш;
  • миллий ахборот маконини экстремистик ва террорчилик мафкура кириб келишидан қўшимча ҳимоялашга қаратилган тизимни яратиш;
  • стратегияни амалга оширишда эришилган натижаларни мониторинг қилиш;
  • экстремизм, терроризм ва уларни молиялаштиришдан келиб чиқарадиган хавф, таҳдид ва хатарларни, шунингдек, мамлакатдаги миллатлараро ва конфессиялараро муносабатларни комплекс таҳлил қилиб, вазиятнинг ривожланиш истиқболлари бўйича прогнозларни ҳамда аниқланган хавф, таҳдид ва хатарларни камайтириш ва бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш.
Учинчи босқичда (2026 йил) ушбу стратегияни амалга ошириш натижаларини умумлаштириш ҳамда мазкур соҳада стратегик режалаштириш бўйича янги ҳужжатларни ишлаб чиқишга қаратилган таклифларни тайёрлаш, шунингдек, идоралараро даражада ташкилий характердаги чоралар қабул қилинишини таъминлаш назарда тутилади.

Ҳужжатда қайд этилишича, стратегияни амалга ошириш экстремизм ва терроризмга қарши курашиш бўйича ҳуқуқий, ташкилий ва мафкуравий механизмларнинг самарали тизимини, шунингдек, жамиятда бағрикенглик маданиятини шакллантириш ва бошқа имкониятларни тақдим этади.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Президент фармони билан Ўзбекистонда экстремизм ва терроризмга қарши курашиш стратегияси тасдиқланди