08:44 / 15.07.2021
3 009

Россиялик блогерни UZB рақамли машиналар қўриқлаб юрди. Унинг ҳаракатларига нега ҳуқуқий баҳо берилмади?


Россиялик бир блогернинг пул тарқатиш ваъдасига ишонган 200 дан ортиқ ёшлар 13 июль куни кечқурун Тошкентдаги Амир Темур хиёбони атрофида тўпланди. ИИВ ва Миллий гвардия махсус бўлинмалари йиғилганларни ҳайдаб солди. Блогер билан эса профилактик суҳбат ўтказилди холос. Яна бир эътиборли жиҳат, меҳмонни номаълум сабабларга кўра ЙПХ ходимлари ва ҳатто UZB-тоифа рақамли машиналар ҳам қўриқлаб юрди, бу ҳимоя ўзбекистонлик солиқ тўловчиларга қанчага тушгани маълум эмас.

Хўш, юзлаб ёшларни ярим кечаси, боз устига коронавирус яна авж ола бошлаган вақтда бир жойга йиғилишга мажбур қилган блогер ким ўзи?

Тармоқда “Субо” тахаллуси билан фаолият олиб борувчи 22 ёшли Субхан Мамедов ўзининг Instagram ва YouTube саҳифаларига пранклар, қўшиқлар ва бошқа турли хил видеолар жойлаб боради. Жами обуначилари сони 4 миллиондан ошади.
“Субо”нинг айтишича, у аслида Нукусга, ўзининг обуначиси бўлган бир беморнинг оиласи билан танишиб, уни Дубайга олиб кетиш учун келган.

У Нукусдаги ишларини тамомлагач, кеч соат 23да Тошкентда бўлиши ва Амир Темур хиёбонида мухлислари билан қисқача учрашув ўтказгач, уларга гўёки пул тарқатиши ҳақида Instagram stories'да ёзиб қолдирган.

Қизиқ тарафи, “Субо” Ўзбекистон бўйлаб ҳаракатланганида Хоразмдан Нукусга кетишида ва бошқа бир қанча видеоларида йўл-патруль хизмати машиналари ва махсус сигналли, UZB тоифасидаги рақамга эга автомобиллар ҳамроҳлиги, ҳимояси остида юрган.
Блогер қайси асосларга кўра ҳимоялангани, уни қўриқлаш учун ўзбекистонлик солиқ тўловчилар ҳисобидан қанча сарфлангани номаълум.

Тошкентга йўл олган Субхан Мамедовни 200 га яқин ёшлар Амир Темур хиёбонида кутиб туришган. Тармоқда тарқалган видеоларда дастлаб навбатчиликда юрган ички ишлар ва миллий гвардия ходимлари тўпланганларни огоҳлантириш билан тарқатиб юбормоқчи бўлганини кўриш мумкин.

“Субо” етиб келгач, ИИВ ходимлари уни ўраб олган одамлар орасидан олиб чиқиб кетишади. Тўпланганларни тарқатиш учун қўшимча кучлар чақирилади. Махсус бўлинмалар оломонни тарқатиш учун қандай куч воситаларидан фойдалангани номаълум. Уларда фақат резина дубинка ва каска бўлганини кўриш мумкин.

Видеолардан бирида орган ходимларидан бири жараённи видеога олаётган шахсга қаршилик қилганини кўриш мумкин.
Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг маълум қилишича, блогерни обуначилари ўраб олганда ходимлар уни олиб чиқишган ва бўлимда профилактик суҳбат ўтказилган. Тўпланган фуқаролар ҳам фақат тарқатиб юборилган, ҳеч кимга маъмурий баённома тузилмаган. Шунингдек жароҳатланганлар ҳам бўлмаган.

Фуқароларни бундай чақириқларга учмасликка ва карантин қоидаларига риоя этиб, оммавий тўпланмасликка чақирган пойтахт ИИББ негадир бир қанча ҳуқуқбузарлик содир этган россиялик блогер билан фақат профилактик суҳбат ўтказиш билан чекланган холос.

Масалан, мамлакатда коронавирус билан боғлиқ эпидемиологик вазият ёмонлашаётгани фонида Республика махсус комиссияси қарори билан очиқ майдонлар ёки ёпиқ мажмуаларда бўлишидан қатъи назар, барча турдаги оммавий байрам тадбирлари тўхтатилган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 200-1-моддасига кўра, оммавий тадбирлар ўтказиш қоидаларини бузиш фуқароларга 5–15 БҲМ, мансабдорларга эса 15–25 БҲМ жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу кодекснинг 54-моддасида карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлишининг ёки тарқалишининг олдини олиш мақсадида белгиланган мажбурий қоидаларни бузиш фуқароларга 20 БҲМ, мансабдор шахсларга эса 30 БҲМ жарима солишга сабаб бўлиши ёзилган.

Бундан ташқари, блогернинг ҳаракатлари таркибида йиғилишлар ва намойишлар уюштириш тартибини бузиш ва ёлғон ахборот тарқатишга доир ҳуқуқбузарлик элементлари бор ёки йўқлигига ҳам ҳуқуқий баҳо берилмаган.

Ҳаракатларида қатор ҳуқуқбузарлик аломатлари бўлган россиялик блогерга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан фавқулодда эҳтиром ва илтифот кўрсатилишининг сабаблари жамоатчилик вакилларида эътироз уйғотмоқда.

“Қонун маҳаллий блогерга ҳам, хорижий блогерга ҳам баробар бўлиши керак. Тартиббузарларни бундай эҳтиром ила яна кузатиб қўяверсак, эртага ўзимизга қийин бўлади”, – дея ёзди Масс-медиа фонди раиси Комил Алламжонов.

Блогер Отабек Бакиров эса Россияда ўзбекистонликлар шу каби қилиқлар қилишса, қандай чора кўрилиши ҳақидаги саволни ўртага қўйган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги фуқароларни карантин қоидаларига ва чекловларига қатъий риоя этишга, оммавий тўпланмасликка чақирди.
“Тошкентдаги Амир Темур хиёбонида россиялик блогерни кутиб олиш учун 150-200 нафарга яқин ёшлар йиғилган. Бу йиғинда иштирок этган ёшлар томонидан мамлакатимизда ўрнатилган ижтимоий масофа сақлаш, ниқоб тақиш каби карантин қоидаларига мутлақо риоя этилмаган. Айтиш керакки, бу ҳолат коронавирус инфекциясининг янада кенг тарқалиши ва эпидемиологик вазият янада оғирлашишига олиб келиши мумкин”, – дейилади ССВ баёнотида.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев эса “содда одамларнинг ишончи ҳисобига бойлик орттирувчи бир шахс”нинг Ўзбекистонга келиб, айни карантин вақтида пойтахтнинг қоқ марказида уюштирган тартибсизлигини ҳеч нима билан оқлаб бўлмаслиги билдирди.

“Ўзимизни оддий фуқароларга битта маска тақмагани учун максимал жазо берилаётгани олдида бу шахс билан шунчаки профилактик суҳбат ўтказиш билан чекланилган бўлса, мен ҳам қойил қолмадим. Бу нима аҳвол?” – дейди депутат.
Бир неча соат аввал блогер БААга етиб олгани ва Ўзбекистонда бўлган ҳодиса юзасидан афсусдалигини айтиб чиқди.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Россиялик блогерни UZB рақамли машиналар қўриқлаб юрди. Унинг ҳаракатларига нега ҳуқуқий баҳо берилмади?