22:54 / 06.08.2021
2 904

МИБ: “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларга 265,8 млрд сўм маблағлар йўналтирилди


Жорий йилнинг 6 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси раҳбарияти ҳамда масъул ходимлари билан “Ижро тизимидаги янгиликлар ва самарадорлик” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда, Бюро директорининг биринчи ўринбосари Шавкат Хайдаров, Бюро марказий аппарати ҳамда Тошкент шаҳар бошқармаси ходимлари, шунингдек Миллий телерадиокомпания, Миллий ахборот агентлиги ҳамда расмий интернет-сайтлари вакиллари иштирок этишди.

Таъкидлаш жоизки, Мажбурий ижро бюроси суд ва бошқа орган қарорларини ижро этиб, амалда одил судловни таъминлашга хизмат қилади.

Бюро органлари фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларининг доимий равишда қўлланилиб борилиши, ўз навбатида ижро ишларининг самарадорлигига хизмат қилмоқда.

Тадбирда Бюро Бюро директорининг биринчи ўринбосари Шавкат Хайдаров ҳамда масъул ходимлар томонидан соҳада изчиллик амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтишди.

Жумладан, мавжуд қарздорликлар, республикадан четга чиқишга қўйилган тақиқлар бўйича маълумотларни олиш, шу жумладан ижро иши жараёнини “онлайн” режимда кузатиш имконини берувчи дастурий таъминот “MIB.UZ” мобиль иловаси жорий этилганлиги, шунингдек, ижро жараёнида ташқи аралашувларнинг олдини олиш мақсадида, “МИБ-Портал” дастурий таъминоти  орқали “Ақлли  ёрдамчи” (Умный помощник) лойиҳаси ишга туширилганлиги ҳақида тушунтириш беришди.

Айтиш ўринлики, Бюро органлари томонидан жорий йилнинг 7 ойида жами 12,9 трлн сўмлик ҳужжатлар ижроси таъминланиб, амалда ундирув кўрсаткичи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2 баробарга ўсди.

Биргина, давлат фойдасига 5,2 трлн. сўм маблағ ундирилиб, бу борадаги кўрсатгич 2,3 баробарга ошди. Тадбиркорлик субъектлари фойдасига 4,8 трлн сўм, банклар учун 2,2 трлн сўм ва фуқароларимиз манфаатларига 750,9 млрд сўм ундирилди. 

Ижтимоий аҳамиятга эга бўлган ижро ҳужжатлари бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, моддий ёрдамга муҳтож фарзандлар фойдасига 37 млрд. 300 млн. сўмлик алимент пуллари ундирилди, 4 млрд. 200 млн. сўмлик (31 та) уй-жой ва 1,5 млрд. сўмлик (15 та) транспорт воситаси алимент учун олдиндан тўлов сифатида берилиши таъминланди.

Ҳозирда, ягона ахборот тизимига 293 мингдан зиёд алимент олувчи ва тўловчи ҳақидаги маълумотлар киритилиб, ижро ҳаракатларини “онлайн” режимда танишиб бориш имкони яратилди.

Республикамиздаги ҳар бир алимент олувчи номига банк ҳисоб-варағи очилиб, уларга 98 минг дона пластик карточка тарқатилди. Шунингдек, алимент тўлаш учун истаги бўлиб, иш масаласида ечим тополмаган  34 минг 402 нафар ишсиз алимент тўловчиларнинг иш бандлиги ҳал қилинди.

Оиланинг жамиятдаги ўрни ва унинг муқаддаслиги масаласида олиб борилган профилактика ва тушунтириш ишлари натижасида 11 минг 400 дан ортиқ оилалар яраштирилди.

Қонунга хилоф равишда ишдан бўшатилган 643 нафар фуқаролар ишга тикланди ва уларга тўланмай қолган 32,5 млрд сўмлик иш ҳақлари ундириб берилди.

Бюро органлари учун доимо эътиборда бўлиб келаётган - “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган эҳтиёжманд бўлган фуқароларимизга 265,8 млрд сўм маблағлар ўтказиб берилди.

Тадбир давомида, тадбир иштирокчиларга яна бир янгилик – MIB.UZ мобиль иловасида янги “Бўлажак ҳамкорингизни билинг !” хизмати ишга туширилганлиги ва бунинг имкониятлари ҳақида батафсил изоҳ берилди.

Ушбу хизмат орқали, фуқароларимиз ҳамда тадбиркорлар ҳамкорлик ва молиявий келишув қилмоқчи бўлган субъектларга тегишли шахсларнинг фуқаролик паспорти серияси, рақами ёки корхонанинг ИНН(СТИР) рақамларини киритиш йўли билан ўша корхона ёки фуқароларнинг номида мол-мулклари мавжуд эмаслиги сабабли, амалда ундириш имкони йўқлиги ҳақида маълумотларга эга бўлишади.

Матбуот анжумани давомида, оммавий ахборот воситалари вакилларининг қизиқтирган ва жамоатчилик эътиборида бўлган долзарб саволларга Бюро раҳбарияти ҳамда масъул ходимлар атрофлича тушунтиришлар беришди.
 
Бош прокуратура ҳузуридаги 
Мажбурий ижро бюроси

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият