18:33 / 10.08.2021
2 636

Миллий ва хорижий сериаллар ўртасида соғлом рақобат бўлиши керак?


1 августдан бошлаб, Ўзбекистон телеканалларида хорижий сериаллар ўрнига фақат миллий сериалларни намойиш этиш тартиби кучга кирди. Бу ҳақдаги қарор Ҳукумат комиссиясининг 2021 йил 28 январдаги йиғилишига оид 135-сон баёнида акс этган.

Хўш, ахборот сиёсатидаги тақиқлар занжирига келиб қўшилган бу янги чеклов қандай оқибатларга олиб келиши мумкин? Нима учун айнан бу масалада ҳам тақиқлаш йўлидан борилмоқда? Бундай ҳолат дунё мамлакатлари тажрибасида учрайдими ўзи? Умуман, Конституция ва соҳага оид қонунчиликка бу қай даражада мос?

Киношунос Отабек Тиллаев мақоласида шу мавзуда атрофлича сўз юритади.

Нега тақиқларга ёпишиб оляпмиз?
Техника-технология юқори чўққига кўтарилган бир даврда яшаяпмиз. Шундай шароитда зиёлилар қатлами телевидение орқали намойиш этиладиган телесериалларнинг жамиятга таъсири масаласида фикр-мулоҳаза билдириши, ўзаро баҳсга киришиши табиий бир ҳол.

Аслида, хорижий сериалларнинг муайян миллатга таъсири масаласи у қадар янги мавзу эмас. Халқаро миқёсда тарқатиладиган теледастурларнинг, айниқса, драматик асарлар ва сериалларнинг томошабинлар миллий маданиятига таъсири масаласи 1960 йиллардан эътиборан муҳокама мавзусига айлана бошлаган. 90 йилларнинг охирига келиб эса халқаро алоқалар соҳасида бу масалага бағишланган қатор тадқиқотлар пайдо бўлди.

Умумий нуқтайи назардан, ушбу тадқиқотларда дастурий саноат ривожланган Ғарб мамлакатларидан, хусусан, АҚШдан «ривожланаётган» ёки «кам ривожланган» мамлакатларга бир йўналишда интенсив дастур оқимининг таъсири «модернизация» ва «қарамлик» (1960-йиллар), «маданий империализм» (1970-йиллар), «ўзаро глобаллашув» (1980-йиллар) ва «маданий ҳомогенизация» ва «америкалаштириш» (1990-йиллар) тушунчалари билан боғлиқ ҳолда кўриб чиқилади.

UNESCO соябони остида ташкил этилган «Янги дунё ахборот ва коммуникация тартиби»ни яратишдан кўзланган мақсад ҳам маданий тижоратда Ғарб гегемонлигининг олдини олиш ва шу тариқа ривожланаётган мамлакатларнинг миллий ўзига хослигини сақлаб қолиш эди.

Худди шундай, Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг давлат ва хусусий телеканаллар фаолиятининг йўлга қўйилиши, эфир соати таркибий хилма-хиллигини таъминлаш ва аудиториянинг талаб-эҳтиёжларига эътибор қаратилиши ортидан хорижий сериалларнинг эфир ҳажми сезиларли даражада ошиб борди.

Ўз навбатида, телесериаллар сонининг кўпайиши ва жамият кун тартибининг банд этилиши сериал ва жамият муносабатларини ўрганиш заруриятини пайдо қилди. Аммо ортда қолган микро-тарихий жараёнда бу иш билан соҳа мутахассисислари ва олимлар эмас, «маънавият ҳимоячилари» шуғулланиб келди.

Натижада «манаъвиятчилар» томонидан хорижий сериалларнинг миллий маданиятга таъсири масаласи «олабўжи» қилиб кўрсатилди ва бу «олабўжи»га қарши аксарият ҳолатларда жуда кулгили ва самарасиз усуллар билан курашиб келинди.
Энг ёмони, биз бу масалада яқин тарихимиздан ҳам тўғри хулоса чиқара олмадик. Энди эса яна дарров тақиқларга ёпишяпмиз.

Бу чеклов Конституция ва ОАВ қонунчилигига қай даражада мос?
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 67-моддасида, оммавий ахборот воситалари фаолиятида цензурага йўл қўйилмаслиги қатъий белгилаб қўйилган.

«Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонуннинг 7-моддасида ҳам цензурага йўл қўйилмаслиги алоҳида таъкидланади. Унга кўра, Ўзбекистон Республикасида ОАВни цензура қилишга йўл қўйилмайди. Эълон қилинаётган хабарлар ва материаллар олдиндан келишиб олинишини, шунингдек, уларнинг матни ўзгартирилишини ёки бутунлай нашрдан олиб қолинишини (эфирга берилмаслигини) талаб қилишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ.

Айни шу қонуннинг 5-моддасида ҳам ОАВ эркинлиги ўз аксини топган. Яъни давлат оммавий ахборот воситаларининг фаолияти ва ахборотдан фойдаланиш эркинлигини, мулк ҳуқуқини, давлат органларининг ғайриқонуний қарорларидан, мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатларидан (ҳаракатсизлигидан) ҳимоя қилинишини кафолатлайди. Оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш тақиқланади.

Қолаверса, Конституциямизнинг 12-моддасига асосан, ҳеч қайси мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилиши мумкин эмас.
Юқорида келтирилган асослардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, хорижий сериалларни эфирдан олиб ташлаш талаби – Конституция ва қонунларга зид. Чунки муайян контент, хусусан, хорижий сериаллар порнографик характерда бўлмаса ёки унда Ўзбекистон Республикасининг мавжуд конституциявий тузумини, ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга даъват қилинмаган; уруш, зўравонлик ва терроризм, шунингдек, диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари тарғиб қилинмаган; миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатувчи ахборот тарқатилмаётган бўлса, уни эфирга узатмасликни талаб қилиб бўлмайди.

Томошабин танлов имкониятидан маҳрум қилинади
Таъкидлаб ўтилганидек, Ўзбекистондан бошқа мамлакатларда ҳам хорижий сериаллар ва уларнинг миллатга таъсири масаласи эътибор марказида бўлиб келган ва ҳозир ҳам шундай. Аммо масала шундаки, барча мамлакатлар хорижий сериалларни тақиқлаш орқали, уларни эфирдан буткул олиб ташлаш орқали эҳтимолий таъсирнинг олдини олиш йўлидан бормаяпти. Бу амалиёт ҳатто энг ёпиқ мамлакатларда ҳам деярли учрамайди.

Зотан, ахборот маконига қандайдир деворлар, симтўсиқлар қўйиш имконсиз бўлган ҳозирги шароитда бу усул ўзини оқламаслиги ва ҳатто ўзига хос акс таъсирни келтириб чиқариши ҳам мумкин. Чунки инсоннинг табиати шундай: у тақиқланган нарсага қизиқади.

Агар бугун биз қайсидир сериални тақиқласак ёки хорижий сериаллардан буткул воз кечиб, савияси ҳаминқадар бўлган ўз сериалларимизни аудиторияга зўрма-зўраки тиқиштириш йўлидан борсак, кундан кунга сафи сийраклашиб бораётган мавжуд телетомошабинни ҳам йўқотамиз. Энг камида, унинг дидини ўтмаслаштирамиз, уни танлаш имкониятидан маҳрум қилган бўламиз.

Миллий ва хорижий сериаллар ўртасида соғлом рақобат ва мувозанат бўлиши керак
Албатта, миллий сериаллар яратилишини ҳар қандай ақли солим инсон ёқлайди. Чунки гарчи ижод маҳсули бўлса-да, у миллий маҳсулот ҳисобланади. Аммо бизни узоқ йиллардан бери қийнаб келаётган муаммо – сериалларнинг яратилмаётгани эмас, балки уларнинг сифати билан боғлиқ бўлган масаладир.

Миллий сериаллар сифати – оғриқли нуқтамиз экани рост. Бироқ ҳозир тушкунликка тушадиган пайт эмас. Эшик-деразаларимизни тақа-тақ ёпиб олиб, қоронғи хонада бошимизни чангаллаганча миллий сериал яратаман, деб ўзимизни зўриқтиришга ҳам ҳожат йўқ, аслида. Чунки ижод, энг аввало, эркинликнинг мевасидир ва унда бир-биридан таъсирланиш, бир-биридан улги олиш, тажриба алмашишга табиий жараён сифатида қаралади.

Шу маънода, миллий сериаллар маласаласини ижодий муҳит уфқини кенгроқ олиб, тизимли ёндашув билан, соҳага профессионалларни жалб қилиш ва уларни етарлича қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш орқали ҳал қилиш мумкин. Шундагина миллий ва хорижий сериаллар ўртасида ўзига хос рақобат ва мувозанат муҳити шаклланади.

Албатта, у ёки бу нарсанинг яхши-ёмон экани қиёс қилинганда, таққосланганда билинади. Худди шундай сериалларнинг сифат даражаси ҳам. Йиллар давомида ўткир сюжетли, инсон диққатини экранга михлаб қўювчи хорижий киноасарларни кўришга одатланган, боринг ана, одатлантирилган аудиторияни зерикарли ва тузук-қуруқ композицион қурилишга эга бўлмаган савиясиз миллий сериаллар билан тутиб туриб бўлмайди. Бунинг имкони ҳам йўқ!
Қолаверса, ҳозирги томошабинни ниманидир кўриш ёки кўрмасликка ҳеч ким ҳеч бир шаклда мажбурлай олмайди.

Чеклов телереклама бозорига ҳам жиддий таъсир кўрсатиши мумкин
Яхши кўрсатувлар, яхши дастур-лойиҳалар, хусусан, яхши сериаллар – телереклама бозорининг ўзига хос генераторидир. Табиийки, реклама берувчи ўз рекламасининг тегишли аудиторияга етиб боришини, ўзи ҳам бунга ишонч ҳосил қилишни истайди. У учун энг мақбул танловлардан бири – миллионлаб аудиторияни экран бошига жамлайдиган дастур-сериалларнинг намойиш вақтидир.

Қолаверса, иккинчи томон – хоҳ у давлат, хоҳ у хусусий телеканал бўлсин – мазкур жараёндан моддий манфаат кўради. Хорижий сериалларнинг эфирдан буткул олиб ташланиши бўйича қўйилаётган талаб мана шу бозорга ҳам жиддий салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Хулоса
Бирон масалада тақиқни ягона ечим деб билиш – энг осон ва зарарли танловдир. Чунки бугун қўйилган бир чеклов эртага бошқа бир тақиқнинг туғилишига сабаб бўлиши эҳтимолдан холи эмас.
Машҳур ёзувчи таъкидлаганидай, бир марта содир бўлган нарса, иккинчисига содир бўлмаслиги мумкин, аммо иккинчи кез содир бўлган нарса учинчисига, албатта, содир бўлади.

Отабек Тиллаев,
киношунос

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Миллий ва хорижий сериаллар ўртасида соғлом рақобат бўлиши керак?