10:23 / 15.08.2021
1 972

Ўзбекистон 84 нафар афғон ҳарбий хизматчисини қабул қилди

Ўзбекистон 84 нафар афғон ҳарбий хизматчисини қабул қилди
80 дан ортиқ афғонистонлик ҳарбий хизматчилар Ўзбекистон давлат чегарасини кесиб ўтди ва чегарачилар томонидан қўлга олинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Юсуп Кабулжанов маълум қилди.

Мозори-Шариф қулаганидан сўнг Афғонистоннинг Ҳайратон шаҳрини Ўзбекистоннинг Термиз шаҳри билан боғловчи «Дўстлик» кўпригидаги вазият. 2021 йил 14 август.
Фото: Telegram / @tashkent_land

«2021 йилнинг 14 август куни Афғонистон билан давлат чегарасининг бўлинмаларидан бирида Афғонистон Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчиларидан иборат 84 кишилик гуруҳ давлат чегарасини кесиб ўтди ва ДХХ Чегара қўшинлари чегара отрядлари томонидан қўлга олинди. Чегарани бузганлар қаршилик кўрсатмаган ва кўмакка муҳтожлигини билдирган, жумладан, 3 нафар яраланган шахсга тиббий ёрдам сўраган», — дейилади хабарда.

Афғонистоннинг мазкур фуқаролари билан зарур текширув-фильтрлаш жараёнлари ва санитария-эпидемиология тадбирлари ўтказилган, уларнинг айримларига тиббий ёрдам кўрсатилган, шунингдек, озиқ-овқат ва уларнинг вақтинча жойлашиши ташкил этилган.

Шу билан бирга, Термиз—Ҳайратон кўпригининг Афғонистон қисмида Афғонистон ҳукумат кучларининг ҳарбий хизматчилари тўплангани қайд этилди. Бу шахсларга инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш чоралари кўрилмоқда.

«Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистон фуқароларининг ватанига қайтиши ва Термиз—Ҳайратон кўприги ҳудудидаги вазиятни тартибга солиш борасида Афғонистон томони билан музокаралар олиб бормоқда», — дейилади ТИВ хабарида.

Бундан ташқари, 14 август кун давомида Термиз—Мозори-Шариф темир йўл участкасида хизмат кўрсатувчи Ўзбекистон фуқароларини ватанга қайтариш ташкил этилган.

Таъкидланишича, давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш кучайтирилган тартибда олиб борилмоқда, барча зарур хавфсизлик чоралари кўрилган. Термизда хавфсизлик идоралари раҳбарлари ва давлат ҳокимияти органлари вакилларидан иборат тезкор штаб жойлаштирилган.

Айни вақтда, Афғонистоннинг ToloNews телеканалининг Telegram’даги саҳифасида 15 август куни соат 9:18 да жойлаштирилган хабарга кўра, Термиз ва Ҳайратонни боғлаб турувчи «Дўстлик» кўприги ҳамон афғонистонликлар билан тўла, чегара ёпиқ («минглаб афғонистонлик жангчилар Ҳайратон кўприги очилиб, ундан ўтишни кутмоқда»). «Ўзбекистон чегарачилари фақат юқори мартабали афғон амалдорларининг киришига рухсат берган», — дейилади телеканал хабарида.

Термиз—Ҳайратон кўприги, 15 август, якшанба тонгидаги ҳолатдан лавҳа.
Фото: Telegram / @tolo_news

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистон 84 нафар афғон ҳарбий хизматчисини қабул қилди