08:30 / 16.09.2021
1 534

UzAuto Motors монополиясига аталган стрит-арт чизган кўча рассомининг деворий сурат ўчириб ташланишига муносабати

UzAuto Motors монополиясига аталган стрит-арт чизган кўча рассомининг деворий сурат ўчириб ташланишига муносабати
Фото: Telegram / @inkuzart
Тошкентда @inkuzart тахаллуси билан ижод қилаётган кўча рассомининг 4 сентябрь куни UzAuto Motors монополиясига атаб стрит-арт чизгани ва у орадан икки кун ўтиб тўлиқ ўчириб ташлангани кенг муҳокамаларга сабаб бўлганди. «Podrobno.uz» ижодкор билан суҳбатлашиб, унинг бунга муносабати билан қизиқди.

— Чизган деворий суратларингиз ҳуқуқбузарлик эканини биласизми? Муаммога эътибор қаратишнинг ягона йўли деб билганингиз учун ҳокимиятга қарши қасддан зиддиятга борасизми?
— Стрит-арт бу — эркинлик. У ҳар доим ҳам мукаммал эмас. Мен фақат ердаги жаннатни чизган бўлардим, лекин ҳокимиятдагиларга тилёғламалик қилишни билмайман. Кўча деворига чизиш ноқонуний, лекин халқ муаммоси қўрқувимдан ҳам устун.

Мен қонунга амал қиладиган фуқароман. Танқидий расмларим асосли ва хайрихоҳлик руҳида чизилган, чунки танқидсиз ривожланиш бўлмайди. Улар нафақат танқидга, балки мотивация ва миллий ғурурга ҳам қаратилган.

— Ижодингиз учун сюжетларни қаердан оласиз?
—Мен ватанимни севаман. Аслида Ўзбекистон аксарият давлатларга қараганда жаннатдир. Мени одамлар илҳомлантиради.

— Чизиш учун жойни қандай танлайсиз? Қайси вақт чизасиз, наҳотки ҳеч ким бунга эътибор бермайди?
— Агар ғоя тайёр бўлса, жой қидириб, кечки пайтдан бошлаб эрталабгача чизиб чиқаман. Тунда одам кам бўлади, лекин улар кўрганида доим хурсанд бўлади. Кўпинча ИИБ ходимлари келади. Улар ҳам ҳар хил. Айримлари келиб мақтаб кетади, айримлари эса бўлимга олиб кетмоқчи бўлади.

— Асарларингиз пойтахт ҳокимлиги томонидан атайлаб бўяб кетилишига қандай қарайсиз?
— Бўяб кетишларининг ўзи ачинарли, албатта, аммо адекват муносабатда бўлишга ҳаракат қиламан. Ахир расм бўялгани билан ҳақиқат йўқолиб қолмайди-ку.

— Қачон кимлигингизни кўрсатасиз?
— Ҳеч қачон.

Эслатиб ўтамиз, автомонополияга қарши сурат 4 сентябрь куни АҚШнинг Чилонзордаги эски элчихонаси деворларида чизилган эди. Унда Ўзбекистондаги автосалонларда машина харид қилиш учун юзага келаётган узундан узоқ навбат тасвирланиб, навбат бошида турган инсоннинг қизил бош кийими «шапка» тизимига ишора қилинганди.

5 сентябрь куни ушбу кўча санъати намунаси ўчирилаётгани акс этган видео тарқалди. Шу куни воқеа жойида бўлган «Дарё» мухбири ўчириш ҳаракати муваффақиятсиз тугаганига гувоҳ бўлди. Эртаси куни ушбу деворий сурат оқ бўёқ билан тўлиқ ўчириб ташланди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳам, «Ўзавтосаноат» матбуот хизмати ҳам ҳолат юзасидан изоҳ сўраган «Дарё» мухбирига стрит-артнинг ўчирилишига алоқаси йўқлигини маълум қилган.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)
Мавзуга оид янгиликлар


Янгиликлар » Жамият » UzAuto Motors монополиясига аталган стрит-арт чизган кўча рассомининг деворий сурат ўчириб ташланишига муносабати
[/banner_pushhouse