22:02 / 23.09.2021
2 826

Тошкентда 5 талабанинг заҳарланиб вафот этишида айбланган ижарачи аёлга суд ҳукми ўқилди

Тошкентда 5 талабанинг заҳарланиб вафот этишида айбланган ижарачи аёлга суд ҳукми ўқилди
Фото: «Xabar.uz»
Тошкент шаҳри Юнусобод туманида ис газидан заҳарланиб вафот этган ижарада турувчи беш талаба ўлимида айбланган аёлга суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судининг Жамоатчилик ва ОАВ билан ҳамкорлик бўйича бош консултанти Садоқат Аллаберганова маълум қилди.

Аниқланишича, судланувчи аёл олти нафар талаба билан қонуний ижара шартномаси тузмай, уларни ҳаёт учун хавфли ва техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этилмаган уйига ижарага қўйган. Қайд этилишича, хонадон «Ҳудудгаз пойтахт» МЧЖнинг туман филиали ходимлари томонидан текширилган.

Улар иситиш печининг дудбурони носозлиги: тортмаётгани, чиригани сабабли қайта уланмаслиги, газ идорасининг масъул ходими томонидан иситиш печи дудбуронининг созлиги текширилгандан сўнггина иситиш печини ёқиш шартлиги ҳақида огоҳлантирган.

Бироқ уй эгаси ижарада яшовчи талабаларга газ идораси ходими билан телефон орқали гаплашиб, ундан оғзаки равишда рухсат олганини айтган ва талабаларнинг ўзига дудбуронни созлашга рухсат берган.

Шунга кўра, ижарачилар ўзлари билганича ертўлада жойлашган печ дудбуронининг қувурларини тўлиқ тозаламай, газни ёқиб, ижара уй хоналарини иситиб келган. Бу орқали уй эгаси Вазирлар Маҳкамасининг «Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган 2-илова 139-қисмининг бир қанча бандларини бузган. Оқибатда ижарада яшовчи 5 нафар ижарачининг мурдалари номаълум этиологик моддадан заҳарланиш ташхиси билан топилган.

Республика суд-тиббиёт экспертизаси Тошкент шаҳар Морфология бўлимининг хулосасига кўра, ижарачиларнинг ўлимига ис газидан ўткир заҳарланиш натижасида ўткир нафас ва юрак-қон томир етишмовчилиги сабаб бўлган.

Бундан ташқари, Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза марказининг 2021 йил 23 апрелдаги комплекс экспертиза хулосасига кўра, хоналарда ўрнатилган газ ускунаси ва жиҳозлари техник ва меъёрий қоида талабларига асосан ўрнатилмагани, амалдаги талабларга жавоб бермаслиги, газ ускунаси ва жиҳозларининг дудбуронлари тўғри ўрнатилмагани амалдаги талабларга жавоб бермаслиги аниқланган.

Ҳолат юзасидан Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судида уй эгасига нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди. Унда судланувчи Жиноят кодексининг 102-моддаси 2-қисми (эҳтиётсизлик орқасидан икки ва ундан ортиқ одам ўлдириш) билан айбдор деб топилган ва унга шу модда билан 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тошкентда 5 талабанинг заҳарланиб вафот этишида айбланган ижарачи аёлга суд ҳукми ўқилди