Видеодан кадрлар
Бугун автоблогер Бобур Ғаниевнинг бир қанча орган ходимлари орасида чўкалатиб қўйилиб, сўроқ қилингани видеоси ижтимоий тармоқларда тарқатиб юборилди.
Тез орада Тошкент шаҳар ИИББ ҳолат бўйича расмий муносабат билдирди:
30 сентябрь куни тахминан соат 23.30ларда «Хавфсиз пойтахт» профилактик тадбири давомида Эпика русумли автомобиль тўхтатилган. Ҳайдовчи Аброр Козубаевнинг ҳужжатлари текширилган. Шу жараёнда йўловчи сифатида ўтирган Бобур Ғаниев ЙПХ инспекторини ҳақорат қилиб, жанжал кўтарган. Қонуний талабларга бўйсунмай, жамоат тартибини бузган. Шундан сўнг, у ИИО ФМБга олиб борилган, ҳолат юзасидан ҳужжатлар расмийлаштириш ва текширув ўтказиш жараёнида Ғаниевнинг шахсий уяли телефон аппаратида порнографик мазмундаги қонунда тақиқланган видеоматериаллар ва фотосуратлар борлиги аниқланган.
«Қора Малибу-2» воқеаси каби ва бошқа чиқишлари билан танилган Бобур Ғаниевнинг бу тарзда қўлга олиниши ва унга қўйилган айбловлар тармоқ фаолларида саволлар туғдирди.
Журналист ва блогер Алишер Рўзиохунов ўзи учун шубҳали туюлган ушбу ҳолатда айрим саволларга жавоб топилмаганини ёзди:
1. Эпикани тўхтатиб, ҳайдовчи ҳужжатларини текшириб, шунчаки қўйиб юбормагандирсизлар? Афғонистонда аҳволни биласизми? Кеча шу ерда икки киши машинадан тушиб пичоқлашиб кетди? Ака, таблеткага ўтириб қолган наркоманлар кўп, деган важлар юкхонани очинг, ўриндиқни силжитинг, уни кўрсат, бу ерни оч, деб «кўздан кечириш» (моҳиятан тинтув) бўлмадими? Шу пайтда Ғаниев қилаётган ишларингиз аслида қонундан ташқари, сайловни важ қилиб, ошиқча ҳаракатланяпсиз, демаганми?
2. Ҳай, майли, Бобур Ғаниев жамоат тартибини бузибди, ходимларни ҳақорат қилибди. Идорада буларни расмийлаштириш давомида унинг телефонини нега титкиладингиз? Ë уятсиз овозлар тўсатдан чиқиб кетиб қолдими? Балки кўча ўртасига чиқиб олиб, қонунсиз ўтказилаётган рейдларингизнинг танқидий видеосини қидириб, ўчириб ташламоқчи бўлганингизда топилгандир?
3. Қачондан буён телефон хотирасида сақланаётган порнографик видео қонунда тақиқланган объект бўлди? Масалан, Жиноят кодексининг 130-моддасида порнографик маҳсулотни тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш тақиқланган ва шунга жазо бор. Уни сақлашга эмас. Уят бўлсаям, агар Бобур Ғаниев ушбу порнографияни ўз шахсий эҳтиёжларимни қондириш учун телефонимда сақлайман деса, нима дея олардингиз?
4. Оддий фуқаролар шахсий уяли алоқа воситалари эшик олдида қолдирилиши сўраладиган, журналист ё оператор ҳам минг чиғириқдан кейин камера олиб кирадиган ИИО ФМБ биноси ичида нима гап сўз бўлаётганини ким тасвирга олиб, нима мақсадда тарқатган?
Мен Тошкент шаҳар ИИББдан бу борада жавоб кутмайман. Шунчаки, ўзимга омонлик сўрайман. Яна 4та саволим туфайли ўзимни телефонимдан Ал-Қоида гуруҳи билан ёзишмалар «пайдо бўлиб» қолмасин, – деб ёзади у.
Телеграмдаги «Олтин воҳа» канали муаллифи автоблогер Бобур Ғаниевга қўйилаётган айбловларга ишонмаслигини билдиради.
«Заиф далиллар, ишончсиз гаплар. Шунча айбловларни ёнига машинасидан наркотик модда топилди, деган классик стил етишмаяпти, холос.
ГАИ ходимига бўйсунмаслик ва телефонидан порнография чиққани сингари гаплар – бу таниш, фойдаланавериб сийқаси чиққан сценарий. Эски почерк.
Ҳолбуки, у каби автоблогерларнинг қақшатқич танқидлари туфайли тизим ўзгаришга юз тутган, порахўр ГАИлар соҳадан кетаётган эди. Яна қанча ноқонуний ишлаётган ходимлар ўз устида ишлашга мажбур бўлган, йўл қоидасини очиб ўқиб, ёд олмаса бўлмаслигини, ишлолмаслигини тушунган.
… Биргина қора Малибу воқеаси эсланг, тепадан келган қўнғироқни хушламайгина қабул қилган ходим, журналистларга қарата: «Чиқарасизми шу жойиниям?» деб савол берди. Чунки, улар ҳам зада бўлган, жонига теккан. Коррупция, кибру ҳаво, тўрачиликка биргаликда курашилмаса, ОАВ, блогерлар билан ИИВ ходимлари икки фронт бўлса, ўзларига жабр. Ҳалол-пок хизматни ўтаётган оддий ходим қора Малибуни тўхтатса, кейин бир нокас раҳбарнинг битта телефони билан хонимчалар ишни битирса, мундир кийган оддий ходимлардаги ватанпарварлик туйғуси топталиб бораверади. Тизим ичдан емирилади.
Умуман, ҳуқуқ-тартибот идораларида ишлайдиган ходимлар билиб олиши керакки, улар халқ хизматкори, Скобелевнинг жазо отряди эмас. Ким нима қилса, ўзига қайтади. Эсланг, яқин ва узоқ тарих энг катта сабоқ бўлиши керак эди буларга.
Айниқса, Бобур Ғаниевни чўккалатиб қўйиб, видеога олиб, уни тарқатиш ИИВ учун иснод…», деб ёзади муаллиф. “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шимолий Корея Россияга узоққа зарба берувчи қуроллар юборди
Тюмен областига Ўзбекистондан меҳнат мигрантлари ишга жалб қилинади
Дунёнинг машҳур аёллари кунни қандай бошлайди?
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди
КХДР Россияга 100 минггача ҳарбий юбориши мумкин
Ижтимоий тармоқлар даврида руҳий саломатликни қандай сақлаш мумкин?
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди