15:30 / 10.10.2021
1 918

Навоийда Қизил китобга киритилган мингдан ортиқ йўрға тувалоқлар табиатга қўйиб юборилди

Навоийда Қизил китобга киритилган мингдан ортиқ йўрға тувалоқлар табиатга қўйиб юборилди
Фото: Навоий вилояти Экология бошқармаси матбуот хизмати
Навоий вилоятида Қизил китобга киритилган 1070 та йўрға тувалоқ очиқ табиатга қўйиб юборилди. Бу ҳақда вилоят Экология бошқармаси матбуот хизмати хабар қилди.

Маълум қилинишича, 2021 йилнинг сентябрь ойида Давлат Экология қўмитаси, Навоий вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг биохилма-хиллик ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар масалалари бўлими мутахассислари ҳамда Амирликларнинг Йўрға тувалоқни асраш маркази нодавлат нотижорат ташкилоти ҳамкорлигида Навоий вилоятининг Томди, Учқудуқ ва Конимех туманларининг чўл ҳудудларига жами 1070 нафар марказда етиштирилган йўрға тувалоқнинг ёввойи табиатга навбатдаги учирилиши самарали амалга оширилди.

Фото: Навоий вилояти Экология бошқармаси матбуот хизмати
«Улар ёввойи табиатда яшаш, ўзларининг озиқаларини топиш, йиртқичларни таниб олиш ва улардан ўзларини яшириш кўникмаларига эга бўлади», — дейилади хабарда.

Маълумот учун, Навоий шаҳридан қарийб 50 километр узоқликдаги чўл ҳудудида 300 гектар ер майдонни эгаллаган Амирликларнинг йўрға тувалоқни асраш маркази (АЙТАМ) жойлашган. Марказ БАА вице-президенти, Дубай амири Шайх Муҳаммад ибн Рошид Ал-Мактум ташаббуси билан 2008 йил апрель ойида ташкил этилган.

АЙТАМ фаолиятининг асосий мақсади — Ўзбекистонда Осиё йўрға тувалоғининг барқарор популяциясини қўллаб-қувватлаш, уларни кўпайтириш, асраш ҳамда ҳар йили қушларни ёввойи табиий муҳитга қўйиб юбориш каби тадбирлар мажмуасидан иборат. Қушларни ёввойи табиатга учириш мавсуми, асосан, сентябрь—октябрь ойлари ҳисобланади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Навоийда Қизил китобга киритилган мингдан ортиқ йўрға тувалоқлар табиатга қўйиб юборилди