Фото: Facebook / Жамил Қосимов
Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги «Хўжа Порсо» масжиди бузиб ташлангани бўйича ишни тергов қилиш мақсадида Бош прокуратурага юборди.
Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилган Марғилондаги қадимий «Хўжа Порсо» жоме масжиди бузиб ташлангани ҳақида хабар берилганди.
Унда журналист Элмира Тухватуллинанинг Facebook’да ёзишича, гид Жамил Қосимов Буюк Британиядан келган сайёҳларни бетакрор устунлар ва нақшинкор шифтни кўрсатиш учун олиб борганида масжид бузилиб, унинг ўрнида қурилиш ишлари олиб борилаётганига гувоҳ бўлган.
«1869 йилда қурилган, кўплаб саёҳат журналларида ёзилган ва бир қатор суратлари эълон қилинган ҳамда пандемиядан аввал жон деб экскурсияга олиб борилган ушбу масжид энди йўқ. Устунлар ва бузиб ташланган нақшинкор шифт эса шунчаки кераксиз буюмдек ерда чангга беланиб ётибди», — деган Жамил Қосимов ва масжиднинг ўша кунги ҳолати акс этган видео ҳамда 2019 йилда ўтказилган аввалги экскурсияларидан олинган суратларни тақдим этган.
Қайд этилишича, масжид ўрнида пишиқ ғиштдан янгиси қурилмоқда, ёдгорликлар янги масжидга қайта ўрнатилади. Чет эллик сайёҳлар бундан ҳайратга тушган: «Қандай қилиб шундай гўзалликни бузиш мумкин, ахир бу ушбу объектни сайёҳлик жиҳатидан жалб қилиб турган нарса-ку? Янги нарса барибир янги».
Аксарият мамлакатларда тарихий бинолар хароб ҳолга келиб қолса ҳам, уни ё реставрация, ё консервация қилишга ҳаракат қилишади. Англиянинг ўзида, дейлик, 50 йиллик бинони таъмирлаш учун кўплаб комиссиялардан ўтиш керак. «Нега бизда тарихий иншоотларни бузиб ташлаш тўғрисидаги қарорлар осонгина қабул қилинади?» — дея савол берган журналист.
Журналист ва блогер Никита Макаренко айвон шифтидаги безаклар бутун бинога қўшиб бузиб ташланганига норозилигини билдирган. «Толибон ташқарида эмас, Толибон аллақачон ичимизда. Бу сиёсий ҳаракат эмас, муайян шахсларнинг ижтимоий ва маданий ривожланиш даражасидир», — деб ёзган у ўзининг Telegram каналида.
Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳолат юзасидан муносабат билдирган. Унда таъкидланишича, 2019 йил ноябрда олиб борилган техник экспертиза давомида хом ғиштдан қурилган бинонинг деворлар конструкциясида ҳамда пойдеворида чўкиш ёки ёрилишлар мавжудлиги, намлик таъсирида деворнинг уқаланиши бошлангани, «юк кўтарувчи ва тўсиқ конструкциялар» меъёрий ҳужжатлар талабларига умуман мос келмай қолгани аниқланган.
Хабарда, шунингдек, «техник жиҳатдан бинони реставрация ёки реконструкция қилиш имкониятлари йўқлиги сабабли бузиб, қайта қуриш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилган ҳамда масъул идоралар экспертлари хулосаси олинган», — дея қайд этилган.
Маданий мерос агентлиги Марғилон шаҳридаги «Хўжа Порсо» жоме масжиди бузиб ташлангани юзасидан ўз хулосасини эълон қилиб, агентлик ҳузуридаги Илмий кенгаш рухсат бермаганини маълум қилди.
Фарғона вилояти Маданий мерос бошқармасининг 2021 йил 14 августдаги 851-сонли хатига асосан «Хўжа Порсо» жоме масжиди ҳудудида қўшимча бино иншоотлар қуриш бўйича лойиҳа таклифи Маданият вазирлиги Маданий мерос департаменти қошидаги Илмий-эксперт кенгаши томонидан кўриб чиқилган.
Ўрганишлар натижаси юзасидан 2020 йил 3 ноябрдаги хат билан Фарғона вилояти Маданий мерос бошқармасига «Хўжа Порсо» жоме масжиди ҳудудида миллий рўйхатдаги Республика аҳамиятига эга бино мажмуаси сақланган ҳолда, бинонинг янги бош режаси тақдим қилиниши, бино кўриниши Марғилон анъанавий меъморчилиги асосида лойиҳалаштирилиши, гумбаз, арка (равоқ) қурилиши усулига эътибор қаратилиши юзасидан кўрсатма берилган.
«Бинонинг тарихий бош тархи тақдим этилмагани, янги ва эски биноларнинг бир-бири билан мутаносиблиги ишлаб чиқилмагани ҳамда лойиҳа ташкилоти лицензиясиз кенгашга тақдим этилгани сабабли лойиҳа таклифи Илмий-эксперт кенгаши аъзолари томонидан бир овоздан рад этилган», — дейилади хабарда.
Таъкидланишича, «Илмий-эксперт кенгаши томонидан сўралган маълумотлар Маданий мерос агентлигига қайта тақдим этилмаган».
Мазкур масала юзасидан ўрганилган хулосалар барча тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинган ҳолда ўрнатилган тартибда Бош прокуратурага ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш учун юборилди. “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
Глобал очлик ва қашшоқликка қарши кураш алянсига 82 мамлакат аъзо бўлди
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
Тюмен областига Ўзбекистондан меҳнат мигрантлари ишга жалб қилинади
КХДР Россияга 100 минггача ҳарбий юбориши мумкин
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Ижтимоий тармоқлар даврида руҳий саломатликни қандай сақлаш мумкин?
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?