14:53 / 27.10.2021
1 687

ССВ жабрланувчи қизнинг саломатлиги ҳақида маълумот берди

ССВ жабрланувчи қизнинг саломатлиги ҳақида маълумот берди
Фото: Nemolchi.uz
Бугун интернетда Тошкент давлат педагогика университетида декан ўринбосари ўз хонасида 3-курс талабасига тегажоғлик қилгани, қиз қаршилик кўрсатгандан сўнг у деразадан итариб юборилгани ҳақида хабар тарқалди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан жабрланувчининг саломатлиги жиддий назоратга олинган. Унга барча зарур тиббий ёрдамлар кўрсатиляпти ва муолажа жараёнлари давом этмоқда.

«Бемор М. К. жорий йилнинг 18 октябрь куни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб келинган. Тезкор текширувлар натижасида унга кататравма, қўшма жароҳат, ўнг ўтиргич ва қов суякларининг синиб силжиши, қуймуч суягининг ўнг томонда синиб қониқарли туриши, бешинчи бел умуртқаси ён ўсиғининг синиб қониқарли туриши, бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, пешона соҳаси эзилиб йиртилган жароҳати, травматик шок иккинчи даражаси ташхислари қўйилган.

Бемор олиб келинганида пешона соҳасига бирламчи жарроҳлик ишлови берилиб, тикилган. Шокка қарши амалиётлар ўтказилиб, марказнинг травматология бўлимига ётқизилган. Шундан сўнг мазкур бўлимда белгиланган стандартлар асосида унда қатор терапия амалиётлари бажарилган.

Шунингдек, ҳар куни жароҳатига хирургик ишлов берилган. Уч кун давомида динамикада УЗИ қилинган. Қон таҳлиллари текширилган. Қўшимча мутахассислар жалб қилинган.

Ҳозир беморнинг динамикада аҳволи қониқарли. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг тажрибали шифокорлари томонидан муолажалар давом эттирилмоқда
», дейилади ССВ матбуот хизмати хабарида.

Бундан олдинроқ Nemolchi.uz (Sukut saqlama) лойиҳаси талаба Муштарибону Камилованинг мурожаатини эълон қилганди. Унга кўра, 18 октябрь куни ушбу талаба «Зулфия» номидаги давлат мукофотига тавсиянома олиш мақсадида ёшлар ишлари бўйича декан ўринбосари Боғабек Юлдашевнинг хонасига кирган ва у шу ерда ҳужумга учраган.

Бош прокуратура матбуот хизмати хабар беришича, Тошкент давлат педагогика университети талабасини зўрлашга қаратилган хатти-ҳаракатлар амалга оширилгани ҳақидаги хабар Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан ўрганиб чиқилмоқда ва натижалари маълум қилинади.

ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов декан ўринбосари Боғабек Юлдашевга нисбатан 19 октябрь куни ЖКнинг 118- (номусга тегиш) ва 105- (қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилгани, у 23 октябрь куни қўлга олингани ҳақида маълум қилди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » ССВ жабрланувчи қизнинг саломатлиги ҳақида маълумот берди