22:00 / 27.10.2021
2 740

Саида Мирзиёева Тошкентда талаба қизга тегажоғлик қилингани ҳақида нима деди?

Саида Мирзиёева Тошкентда талаба қизга тегажоғлик қилингани ҳақида нима деди?
Фото: Telegram / Саида Мирзиёева
Тошкентда декан ўринбосари талаба қизга тегажоғлик қилиб уни ойнадан итариб юборгани ҳақидаги хабарлар кенг жамоатчилик муҳокамаларига сабаб бўлди. Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари, Ўзбекистонда гендер тенглигини таъминлаш комиссияси аъзоси Саида Мирзиёева бунга муносабат билдириб, талаба қизларга нисбатан шилқимликни жиддий муаммо деб атади.

Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг 3-босқич талабасининг бу борадаги мурожаатини «Nemolchi.uz» эълон қилганди. Унда қиз Зулфия мукофотига тавсиянома олиш мақсадида ёшлар ишлари бўйича 37 ёшли декан ўринбосарининг хонасига кирганида эшикни ичкаридан қулфлаб, унга тегажоғлик қилмоқчи бўлганини, ойна олдига келиб, ёрдамга чақирмоқчи бўлганида эркак уни деразадан итариб юборганини билдирган.

«Менимча, қиз-аёлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи бундай ОАВ фаолияти — катта муваффақият ҳамда адолатсизлик ва сексизмга тоқат қилишни истамайдиганларнинг сўнгги умидидир. Фонд ушбу йўналишда фаолият юритаётган бундай оммавий ахборот воситаларини олқишлаши ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашини таъкидламоқчиман», — дейди Саида Мирзиёева.

Шу билан бирга жамоатчиликка ошкор этилаётган бу каби ҳолатлар денгиздан томчи эканини таъкидлаб ўтган.

«Албатта, бу ҳақда очиқ гапиришга жазм қилган қизларнинг жасорати ва қатъияти таҳсинга сазовор. Бироқ тазйиқ ва ноҳақлик ҳақида баралла гапира олмай, дарду ҳасратини машъум кабинетлар ҳамда хотирасининг узоқ бурчакларига дафн этганлар қанча! Жабрдийданинг ўзини айблаб, терговни ёпди-ёпди қилиб юборилган ҳолатлар қанча! Қанчадан қанча жиноятчилар ожизани муросага кўндиргани ёки қўрқитиб қўйгани учун сувдан қуруқ чиққан?», — дейди у.

Саида Мирзиёева бу борада Сенат, Бош прокуратура, ИИВ ва ОАВнинг ҳаракатини бирлаштирадиган йирик лойиҳа зарурлигини билдириб ўтди.

«Айни кунларда бу ҳақда тинимсиз ўйлаяпман. Биз бу борада Сенат, Бош прокуратура, ИИВ ва ОАВ ҳаракатини бирлаштирадиган йирик лойиҳага муҳтожмиз. Айбдорлар жавобгарликдан қоча олмаслиги учун бундай ҳодисаларнинг ҳар бири жамоатчиликка ошкор қилиниши шарт. Зўравонлик қурбонлари уларнинг нидосини эшитадиганлар ва ёрдам берадиганлар борлигига ишончи комил бўлиши, зўравонлар эса жазо муқаррар эканлигини англаши зарур.

Шунда нафақат ўқишдан ҳайдаш ёки бошқа баҳоналар билан ОТМ талаба қизларига таҳдид қилишга, балки исталган бошқа жойда ҳам лавозим ва мавқейини суиистеъмол қилиш билан қонунни бузишга йўл қўйилмайди
», — деб таъкидлади Ўзбекистонда гендер тенглигини таъминлаш комиссияси аъзоси.

Эслатиб ўтамиз, талаба қиз 18 октябрь куни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб келинган. Тезкор текширувлар натижасида унга кататравма, қўшма жароҳат, ўнг ўтиргич ва қов суякларининг синиб силжиши, қуймуч суягининг ўнг томонда синиб қониқарли туриши, бешинчи бел умуртқаси ён ўсиғининг синиб қониқарли туриши, бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, пешона соҳаси эзилиб йиртилган жароҳати, иккинчи даражали травматик шок ташхислари қўйилган.

Қизнинг яқинлари айтишича, декан ўринбосари томонидан келган одамлар уларга ўз кўрсатмаларини ўзгартиришлари учун пул таклиф қилган. Декан ўринбосари эса ҳаммага қиз ўз жонига қасд қилган демоқда. У ўқиган факультет талабаларини тўлиқ онлайн таълимга ўтказилган.

19 октябрь куни декан ўринбосарига нисбатан Жиноят кодексининг 105 (қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш), 118-моддаси (номусга тегиш) билан жиноят иши қўзғатилган. 23 октябрь куни экспертиза жавоби чиқиши билан декан ўринбосари процессуал тартибда ушланган.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги талаба қизга тегажоғлик қилингани айтилган университет раҳбариятига қатъий чора кўрилишини маълум қилди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Саида Мирзиёева Тошкентда талаба қизга тегажоғлик қилингани ҳақида нима деди?