19:00 / 11.11.2021
2 206

Талабаларнинг севимли транспорти: метро ва автобуслар билан боғлиқ айрим муаммолар

Талабаларнинг севимли транспорти: метро ва автобуслар билан боғлиқ айрим муаммолар
Фото: tashtrans.uz
Пойтахтда жамоат транспортидан талаба-ёшлар кўпроқ фойдаланади. Июл-сентябр ойларида сотилган АТТО карталарининг ярмидан кўпини ҳам талабалар сотиб олган. Хўш, улар учун жамоат транспорти нақадар қулай? Муаммоларга ечим борми? Kun.uz ёшлари кичик кузатувлар асосида баъзи фикрларни илгари суради.

Тошкентда талаба учун энг қулайи — жамоат транспорти. Жамоат транспорти йўловчиларининг ҳам салмоқли қисмини талабалар ташкил этади. Жорий йилнинг 4 ойи (июл–октябр) давомида автоматлаштирилган тўлов тизими карточкаларининг (АТТО) сотилиши 187 013 тани ташкил қилган бўлса, шундан 105 025 тасини ёки 56,2 фоизини талабалар харид қилган. Аммо жамоат транспорти билан боғлиқ айрим муаммолар уларни тез-тез жиғибийрон қилиб туради.

Ечим қоғозда, амалда эса — эски ҳаммом эски тос
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 16 мартдаги «Тошкент шаҳар йўловчи транспорти тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги №157-сонли қарорида айрим йўналишлар масофасини қисқартириш ёки узайтириш орқали автобусларнинг ўртача ҳаракатланиш оралиқ вақтини 20–30 дақиқадан 10–20 дақиқагача камайтириш белгиланган бўлиб, бу бўйича 2021 йилнинг 1 январигача 134 та шаҳар йўловчи ташиш транспорти йўналишларини оптималлаштириш, 14 та йўналишни ёпиш ва 7 та янги йўналиш очиш режалаштирилган эди.

Аммо кўп жойларда ҳалигача автобуслар қатновининг камлиги, ҳаракатдаги оралиқ вақтнинг узоқлиги йўловчиларнинг кўзлаган манзилига ўз вақтида етиб боролмаслигига сабаб бўлмоқда. Айниқса, бекатларга осиб қўйилган жадвалдаги автобусларнинг режадаги қатнов оралиқ вақти билан амалдаги транспорт қатнов вақтининг бир-бирига мос келмаслиги эрта тонгда ишга ёки ўқишга шошаётган йўловчини жиғибийрон қилади. Узоқ кутилган автоуловингиз ҳам келади, лекин ичи тўла одам... Айни пандемия шароитида бундай тирбандлик кўпчиликнинг соғлиғига зарар келтириши турган гап. Бундай ҳолларда ё кейинги автобусни кутиш керак, ё такси билан кетишга тўғри келади.

Йўловчи оқими кўп бўлган ва транспорт сони етишмаётган йўналишларга қўшимча автобуслар қўшиш масаланинг ечими бўла олади, бизнингча.

«Юнусобод» метро йўлида поездларнинг келиши кечикади
Жамоат транспорти ҳақида гап кетганда, Тошкент метрополитени ҳақида ҳам гапирмасликнинг иложи йўқ. Тан олиш керак, сўнгги йилларда метрополитен тизимида янги йўналишлар очилиб, йўловчиларнинг узоғи яқин бўлди ва бу борадаги ишлар давом этмоқда. Қўшимча станциялар қурилиши билан бирга Россиядан 2019 йилда 20 та, 2021 йилда эса 40 та янги метро вагонлари келтирилиб, фойдаланишга топширилди. Бу йўловчи ташиш хизматининг сифати ва тезлигига ижобий таъсир қилди, албатта. Лекин янги келтирилган вагонларининг барча метро йўналишларига тенг тақсимланмаслиги бир йўналишдан иккинчисига ўтиб ҳаракатланувчи йўловчиларга қийинчилик туғдиради.

Режага кўра, «Чилонзор» ва «Ўзбекистон» метро йўналишларида ҳаракатланувчи поездларнинг қатнов оралиғи эрталабки соат 7:30 дан 9:00 гача 4 дақиқа қилиб белгиланган, амалда эса 4 дақиқа эмас, 1 дақиқа ичида ҳам поезд келиши мумкин. Бу, албатта, яхши, лекин «Юнусобод» йўлида бунинг аксини кўрамиз. Мазкур йўналишда поездларнинг оралиқ вақти 6 дақиқа этиб белгиланган. Амалда эса бу вақт 7 дақиқадан 9–10 дақиқагача чўзилиши мумкин.

Агар янги келтириладиган метро вагонлари (2024 йилгача жами 48 та янги метро таркибларини харид қилиш кўзда тутилган) «Юнусобод» йўлига ҳам қўйилса, йўловчиларнинг вақти тежалиб, бекатлардаги тирбандлик камаяди. Автобусларда валидаторларнинг ишламай қолиши кузатилиб туради.

Бир қарашда арзимасдек туюлган кичик камчиликлар борки, улар ҳам йўловчиларнинг «вақтини ўғирлашга», транспортнинг ражадаги вақт бўйича ҳаракатланишига тўсқинлик қилади. Масалан, баъзи автобусларда ҳайдовчи ўзининг асосий ишидан ташқари йўловчилардан йўл ҳақини йиғиб олиш вазифасини бажаради. Кичик автобусга чиптачи керакмасдек гўё. Ёки баъзи ҳолатларда валидаторнинг ишламай қолиши чўнтакдан нақд пул ёки танга ахтаришимизга сабаб бўлади.

Транспорт — кундалик режалаштирган ишларимизнинг ўз вақтида бажарилишида муҳим аҳамиятга эга. Пойтахтимизда автобуслар сонининг кўпайтирилиши ва соҳага алоқадор камчиликларни бартараф этиш транспорт хизмати самарадорлиги ошишига хизмат қилиши шубҳасиз.

Жавоҳирбек Турсунов тайёрлади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Талабаларнинг севимли транспорти: метро ва автобуслар билан боғлиқ айрим муаммолар