23:04 / 14.11.2021
2 364

«Судга бериш керак». Русланбек Давлетов электр энергиядаги узилишлар сабаб тадбиркорлар зарар кўраётгани ҳақида

«Судга бериш керак». Русланбек Давлетов электр энергиядаги узилишлар сабаб тадбиркорлар зарар кўраётгани ҳақида
Адлия вазири Русланбек Давлетов 12 ноябрь куни бўлиб ўтган аудио подкаст вақтида коммунал хизмат кўрсатиш сифати пастлиги жумладан, газ ва электрдаги узилишлар натижасида тадбиркорлар зарар кўриши билан боғлиқ муаммони ҳал этиш юзасидан ўз фикрини билдирди, деб хабар бермоқда «Gazeta.uz».

Вазир буни «жуда долзарб масала» деб атаб, энергия таъминотида ҳақиқатан ҳам узилишлар юз бераётгани, тадбиркорлар ҳам, аҳоли ҳам бундан қийналаётганини таъкидалаган.

«Айнан тадбиркорлар тўғрисида гап кетти… шартнома бор. Бу иккинчи томон монополист корхона бўлганидан кейин шартнома шартлари ҳам тегишли ташкилотлар томонидан ўрганилган, яъни у ерда стандартлаштирилган шартномалар бор. Шу шартномалар асосида кўриш керак», — деган Русланбек Давлетов.

Унинг сўзларига кўра, бунинг ечими ҳуқуқий онг, муносабатлар билан боғлиқ.

«Судга бериб, керак бўлса зарарни ундираётган тадбиркорлар ҳам бор. Чунки цех ишлаяпти, унинг маҳсулоти, хом ашёси ичида қолиб кетса, ‘свет’ келмай қолгандан кейин хом ашёни чиқариб, қайта [маҳсулот ишлаб чиқара олмайди]… бунинг ҳаммаси зарар билан боғлиқ», — деган вазир.

Русланбек Давлетов ҳуқуқшунос сифатида мазкур масалани суд орқали ҳал этишга чақирган.

«Судга бериш керак. Шу йўл билан ҳаммасини тартибга солса бўлади. [Таъминотчи ташкилотлар] масъулияти, албатта, ошади, тўлаб кўрсин зарарни кейин билади қанақа [ҳал] қилишни. Эртага бошқачароқ ҳаракат қилади. Жуда кўп ҳолатларда шунақа бўлади. Судлар давлат ва хўжалик органларини қонун, шартномаларга асосан мажбур қиладиган орган. Бундан фойдаланиш керак», — деган адлия вазири.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг ноябрида Самарқанднинг Каттақўрғон туманида электр тармоғидаги узилишлар сабаб иссиқхоналардаги сабзавотлар нобуд бўлганди. Каттақўрғон тумани прокуратураси мазкур ҳолатлар юзасидан фермер хўжаликларига етказилган 1 миллиард 54 миллион сўм моддий зарарни ундиришни талаб қилиб «Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари»ни судга берганди.

Шунингдек, Тошкент туманида қарийб 17 минг электр энергия истеъмолчиси фойдаланилган электр энергияси учун қарздорлигини тўлаганидан кейин ҳам электр тармоғига қайта уланмаганди. Шундай ҳолат Тошкент вилоятининг бошқа туманларида ҳам кузатилган.

Шу сабабли Монополияга қарши курашиш қўмитаси Тошкент, Зангиота, Қибрай тумани электр тармоқлари корхоналари раҳбарларига нисбатан маъмурий ҳужжатларни расмийлаштириб, тегишли тартибда кўриб чиқиш учун маъмурий судга юборган эди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Судга бериш керак». Русланбек Давлетов электр энергиядаги узилишлар сабаб тадбиркорлар зарар кўраётгани ҳақида