13:55 / 15.11.2021
1 792

Ўзбекистон Мозори Шариф аэропортини реконструкция қилади

Ўзбекистон Мозори Шариф аэропортини реконструкция қилади
Фото: ТOLOnews
14 ноябрь куни Ўзбекистон Президентининг махсус вакили Исматулла Эргашев Афғонистон шимолидаги Балх вилоятида маҳаллий расмийлар билан учрашувда Ўзбекистон Мозори Шарифдаги Мавлоно Жалолиддин Муҳаммад Балхий халқаро аэропортини реконструкция қилишини маълум қилди. Бу ҳақда TOLOnews’га таяниб, «Gazeta.uz» хабар берди.

Исматулла Иргашев вилоят расмийларидан ташқари, Афғонистон Транспорт ва авиация вазирлиги вакиллари билан ҳам учрашган. Эргашевнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон афғонларга аэропортни реконструкция қилиш, техник носозликлар ва жиҳозларни таъмирлашда ёрдам бериш учун 30 кишидан иборат техник гуруҳ юборган.

«Биздан аэропорт фаолиятини тиклаш ва зарарланган ускунани таъмирлашда ёрдам беришга чақиришди. Шу боис Ўзбекистондан 30 нафар техник ходим олиб келдик. Тез орада аэропорт фойдаланишга топширилади», — дейди у.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон Афғонистонга турли соҳаларда, хусусан, инфратузилма соҳасида ёрдам беришга ҳаракат қилади.
Шу билан бирга, Балх маҳаллий расмийлари Ўзбекистонни Афғонистон билан иқтисодий соҳаларда ва икки давлат ўртасидаги савдо алоқаларини кенгайтиришда ҳамкорлик қилишга чақирган.

«Афғонистоннинг Ўзбекистон олдидаги электр энергияси бўйича қарзи юзасидан ҳам музокаралар бўлиб ўтди ва биз банк тизимидаги муаммолар ҳал бўлгач, тўловни тўлашимизни ва Ўзбекистон импорт қилинадиган электр энергиясини қисқартирмаслиги кераклигини айтдик», — дейди Балх вилояти губернатори Қудратуллоҳ Ҳамза.

«Ўзбекистон жамоаси аэропортнинг барча жиҳозлари ва ҳар бир участкасини таъмирлаб, қайта ишга туширади. Шунингдек, Мавлоно аэропортида вазирликнинг 83 нафарга яқин техник ходимларини Ўзбекистонда ўқитади», — дейди Афғонистон транспорт ва авиация вазири ўринбосари Ҳасибулла Соруш.

Эслатиб ўтамиз, 7 октябрь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация Афғонистон муваққат ҳукумат раҳбарининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Мулла Абдул Кабир бошчилигидаги Афғонистон раҳбарияти вакиллари билан музокаралар ўтказганди. Учрашув давомида томонлар яқин орада Термиз шаҳрида савдо-иқтисодий масалаларини, жумладан, Сурхон — Пули-Хумри электр узатиш тармоқлари ва Мозори-Шариф—Кобул—Пешовар йўналиши бўйлаб темир йўл қуриш лойиҳаларини амалга ошириш масалаларини муҳокама қилиш учун қўшма музокаралар ўтказиш тўғрисида келишиб олганди.

16 октябрь куни Термизда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ва Афғонистон муваққати ҳукумати вакиллари музокаралар ўтказди. Томонлар музокара давомида қиш мавсуми давомида икки томонлама савдони кенгайтиришни, шунингдек, Афғонистонга етказиб берилаётган ёқилғи ва биринчи галдаги зарурий товарлар ҳажмини оширишни муҳокама қилган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистон Мозори Шариф аэропортини реконструкция қилади