10:28 / 19.11.2021
5 805

70 ёшли отахон ўз фарзандини ўлдирди. Бунга нима мажбур қилди?

70 ёшли отахон ўз фарзандини ўлдирди. Бунга нима мажбур қилди?
Тошкентнинг Бекобод туманида ота ўз ўғлини ўлдирди. 70 ёшли фуқаро ўз фарзандига болта билан кўплаб зарба бериб, унинг ўлимига сабабчи бўлган. Бу ҳақда «Замон» информацион дастури орқали хабар қилинди.

Бекобод тумани Зафар шаҳарчасида ўз фарзандига 25 марта болта билан зарба бериб, унинг жонига қасд қилган кекса ота суд мажлисида ОАВ вакилларининг ҳам иштирок этишини сўраб, ўз иқрорини баён этган.

«Мен ким эдим, қайси оиладан келиб чиқдим. Ким бўлдим ва ҳозирги кунда кимман. Ҳозирги кунда қотилман. Ўз ўғлимнинг қотилиман. Қолганларга ўрнак бўлсин, келажак авлодга ўрнак бўлсин. Мана мен беш ярим ой ҳибсхоналарда ётиб келдим. Келажак авлоддан илтимос қиламан. Бунақа ишларни қилишмасин», дейди Фазлиддин Юсупов.

Отахон олий маълумотли, тўрт нафар фарзанднинг отаси. Суиқасд қилинган ўғли оиланинг кенжаси бўлган. Уйланган ва унинг ортидан уч нафар боласи қолди.

Маълум бўлишича, марҳум ЙПХ ходими сифатида 9 йилдан ортиқ фаолият кўрсатган. Ишидаги хато ва камчиликлар туфайли тўсатдан вазифасидан озод этилган. Ишига қайта тикланишини сўраб қилган мурожаатлари қаноатлантирилмагач, бекорчи бўлиб қолиб, спиртли ичимликларга муккасидан кетган.

Ичимлик истеъмол қилган вақтларида эса оила аъзоларига муттасил равишда тазйиқ ўтказиб келган. Жорий йилнинг 7 июнь санасида кўтарилган жанжал мудҳиш якун топди. Ота ўз фарзандининг қилмишларига бардош бера олмаган.

«Менга пул деб айтди. Сейфимда пул йўқ, 1 200 000 нафақа олганман, керак бўлса шуни олиб ишлат дедим. Менга у пул керакмас, менга кўп пул керак деб айтди. Кейин кампиримни хонасига кирсам, деванни устида ўтирибди. Кампирим сейфни очиб берган. Кўзим болтага тушиб, болтани қайси томони билан, неча марта урганман эслай олмайман», дейди Фазлиддин Юсупов.

Ота марҳум ўғлининг бу ишларига чидай олмасдан, ҳатто тўрт маротаба ўз жонига қасд қилмоқчи бўлганлигини маълум қилган, бироқ суд залидаги гувоҳлар бу ҳақида сўз очишни истамаган.

Ўша куни жанжал бошланганида марҳумнинг аёли ИИБ ходимларига мурожаат қилган. Бироқ ота-она бу ишни ўзимиз ҳал қиламиз деб ходимни қайтариб юборишган.

«Кунда уруш бўларди уйимизда, ўрганиб кетганман, фақат дадажон ўғилларини ўлдириб қўйишларини тасаввур қилиб ҳам кўрмаганман», дейди марҳумнинг аёли.

70 ёшли Фазлиддин Юсуповга нисбатан суд 12 йил қамоқ жазоси тайинлади. Суд якунида маҳкумга оила аъзолари билан хайрлашишга рухсат берилган, бироқ ота бу таклифни рад этган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » 70 ёшли отахон ўз фарзандини ўлдирди. Бунга нима мажбур қилди?