13:45 / 19.11.2021
5 470

Комилов: «Афғон муаммоси юкини минтақа давлатлари, айниқса, энг яқин қўшнилар елкасига юкламаслик керак»

Комилов: «Афғон муаммоси юкини минтақа давлатлари, айниқса, энг яқин қўшнилар елкасига юкламаслик керак»
Фото: Ташқи ишлар вазирлиги
Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ўзбекистон–Европа Иттифоқи ҳамкорлик кенгаши йиғилиши якунлари бўйича журналистлар қизиқтирган саволларига жавоб берди. Хусусан, вазир бельгиялик журналист Садид Лайлумнинг бир қанча саволларига жавоб бериб ўтди.

«Шу уч ой давомида Ўзбекистон ҳукуматининг юқори мартабали аъзолари Афғонистонга бир неча бор ташриф буюрди. Шунингдек, ‘Толибон’ ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар 1997 йилдан бери, менимча, озми-кўпми очиқ.

Саволим шундан иборатки, келажакни қандай кўрасиз ва ‘Толибон’ бошқа гуруҳларни қўшмаган ҳолда ташкил қилган вазирлар маҳкамасига қандай муносабатдасиз? Мен улар инклюзив ҳукумат деб атайдиган нарсани назарда тутяпман, лекин аслида ундай эмас.

Афғонистондаги бошқа миллатлар ва аёлларга имкон берилмай тузилган ҳукумат билан Ўзбекистон муносабат ўрнатмоқчими? Бу мамлакатнинг келажагини қандай кўрасиз? Ва шунингдек, электр таъминоти ҳақида нима дейсиз? Ушбу йўналишда ишлашни давом эттириш имконияти борми?
», – дея савол берган Садид Лайлум.

Абдулазиз Комилов журналист саволларига қуйидагича жавоб берди.

«Бу муҳим савол учун раҳмат. Биз Афғонистон масаласида Ўзбекистоннинг позициясини бир неча бор билдирганмиз. Шу муносабат билан мен буни такрорламоқчи эмасман. Мен нимадан қочиш кераклигини ва бизнинг фикримизча, нима қилиш кераклигини айтиб бермоқчиман.

Биринчидан, Афғонистон халқаро ҳамжамиятдан ажралган ҳолда қолмаслиги керак. Коалиция қўшинларининг бу мамлакатдан олиб чиқилиши Афғонистон келажаги учун умумий манфаатлар ва жамоавий масъулият соқит бўлишини англатмаслиги керак.

Иккинчидан, Афғонистон нотинч давлатга айланмаслиги керак.

Учинчидан, Афғонистондаги уруш ноҳарбий усуллар билан давом эттирилмаслиги керак. Бу ерда мен активларни музлатиш, барқарор инсонпарварлик ёрдами ва уни етказиб беришдаги кечикишларни назарда тутяпман, бу эса «Толибон»ни ўзини изоляция қилиш сиёсатини олиб боришга ундамоқда.

Энди бу вазиятда нима қилиш керак?

Биринчидан, Афғонистондаги мавжуд воқеликни ва кучларнинг янги мувозанатини тан олиш муҳим. Афғон муаммоси юкини минтақа давлатлари, айниқса, энг яқин қўшнилар елкасига юкламаслик керак.

Иккинчидан, Афғонистонда гуманитар инқирознинг олдини олиш зарур. Афғонистоннинг хорижий банклардаги активларини музлатиб қўйиш ва транзакцияларни тиклаш керак.

Учинчидан, биз аниқ айтишимиз керакки, «Толибон»нинг тан олиниши маълум шартларга боғлиқ: барча гуруҳларнинг вакилларига асосланган ҳукумат тузиш, асосий инсон ҳуқуқларини таъминлаш, яхши қўшничилик сиёсатини юритиш, терроризм, гиёҳванд моддалар савдоси, уюшган жиноятчилик ва бошқаларга қарши кураш.

Тўртинчидан, Афғонистоннинг иқтисодий ривожланишига ҳар томонлама ёрдам беришимиз керак.

Ниҳоят, бешинчидан, «Толибон»нинг ижобий қадамларини ҳар томонлама рағбатлантириш керак. Мисол учун, қизлар учун мактаблар очиш, аёлларга давлат муассасаларида ишлаш ҳуқуқини бериш ва ҳоказо. Айни пайтда янги муваққат ҳукуматнинг бу борада қадамлари бор.

Шу боис, хонимлар ва жаноблар, бу Ўзбекистоннинг Афғонистонга нисбатан халқаро ҳамжамият, жумладан, Европа Иттифоқи томонидан қандай чоралар кўриши кераклиги ҳақидаги жуда аниқ ва очиқ позициясидир.

Ўзбекистонга келсак, биз энергетика ва транспорт коммуникациялари соҳасида жиддий лойиҳаларни амалга оширмоқдамиз. Биз Афғонистон муваққат ҳукумати аъзоларини Ўзбекистонга таклиф қилдик ва иқтисодиёт, савдо-сотиқ ҳаттоки хавфсизлик соҳасида ҳам ҳамкорликни қандай йўлга қўйиш ҳақида келишиб олдик.

Афғонистоннинг янги расмийлари билан музокаралар олиб борганимизда улар чегара хавфсизлигини таъминлаш бўйича кафолатлар берди. Бундан ташқари, биз ҳарбий коалиция билан ҳамкорлик қилган ва уларга ёрдам берган Ғарб давлатлари вакиллари, фуқаролари ва афғонларни бир неча йирик эвакуация операцияларини ташкил этиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларимизни мувофиқлаштирдик.

Шундай экан, қадамма-қадам керакли натижага эришиш мумкинлигига умид қиламиз. Бошқа танловимиз йўқ. Бу ҳақиқатни тан олиш ва минтақа давлатлари билан ҳамкорлик қилиш имкониятларини излаш керак. Албатта, биз муваққат ҳукуматни бир томонлама тан олмоқчи эмасмиз. Умумий халқаро ёндашув бўлиши керак», – дейди Комилов.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Комилов: «Афғон муаммоси юкини минтақа давлатлари, айниқса, энг яқин қўшнилар елкасига юкламаслик керак»