2 799
Супер-контрактга кирган қизнинг контрактини тўлаб берган ректор муҳокамаларга сабаб бўлмоқда
Қарши давлат университети ректори супер-контрактга кирган қизнинг 57 миллион сўмга тенг контракт пулини тўлаб бергани ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинмоқда. Ректорнинг бу «яхшилиги»ни ҳамма ҳам хурсандчилик билан қабул қилмади.
Дастлаб «Халқ сўзи» газетаси чироқчилик қизнинг «супер контрактга илингани» ҳақида хабар берди.
«Қашқадарё вилоятининг Чироқчи тумани Ўрта қишлоғида яшовчи Ирода Қаршибоева Қарши давлат университетининг кимё-биология факультетига ҳужжат топшириб, «супер контракт»га илинди.
Астойдил олий таълим олишни истаган бу қизнинг қўлига 57 млн 713 минг 490 сўмлик шартномани тутқазишганида кўз олди қоронғилашиб кетди: «Бунча пулни қаердан топаман? Оиламнинг имкони етмаса...» деган фикр хаёлидан сира кетмас, кейинги йил яна бир бор омадини синаб кўриш ҳақида ҳам ўйлар, лекин олийгоҳда ўқиш истаги ҳаммасидан устунлик қиларди.
Бир илинж — бу университет ректори Дилмурод Набиевга учрашиш, жуда ўқигиси келаётганини айтиш эди. Аммо ректор уни қабул қиладими? «Талаб шу, пулини тўласангиз, ўқийсиз», деса нима дейди? У шундай ўй-хаёллар билан ректорга учрашди.
«Қизим, орзум ушалди, деяверинг...» Ирода ректорнинг самимият билан айтган бу гапини тушида ёки ўнгида эшитганини фарқлай олмай қолди. Кўзларидан беихтиёр ёш оқди. Ректорга қандай миннатдорлик билдиришни билмасди. Фақат у «Наҳотки мен талаба бўлдим? Бу хабарни тезроқ онамга етказишим керак», дер эди», — дейилади мақолада.
Қарши давлат университети матбуот хизмати маълумотига кўра, Ирода Қаршибоева шу йил 23 ноябр куни университетнинг кимё-биология факультети 1-босқичида ўқишни бошлади. «Супер-контракт» суммаси ОТМ бюджетдан ташқари маблағи ҳисобидан тўлаб бериладиган бўлган.
Блогер Хушнудбек Худойбердиев Twitter’даги саҳифасида ушбу воқеа юзасидан фикрларини билдирди.
«Албатта, меценатликнинг ҳар қанақаси яхши. Буни муҳокама қилиш ҳам ғалати. Аммо ўқишга кира олмаган талабага 57 млн сўм бергандан, ўқишга кирган 10 талабага ёрдам бериш яхшироқ, менимча. Яна ҳам ким билсин? Бюджет тақсимоти ҳам тахминан шунақа бўлади бизда», — деб ёзди у.
Телеграм каналларининг бирида эса «Халқ сўзи»дагиларга кимдир эслатиб юборсин, «супер контракт» бўлиб ўқишга кирилмайди ёки илинилмайди. «Супер контракт»да соққасини тўлаб ўқилади», деган маънода пост жойланди.
Воқеа атрофидаги фикрлар эстафетасини блогер Шаҳноза Соатова давом эттирди. У битта супер-контракт пулига беш талабанинг контрактини тўлаш мумкинлигига урғу беради.
«Халқ сўзи» сайтида маълум қилинишича, қиз ҚарДУнинг кимё-биология факультетига ҳужжат топшириб, «супер контракт»га илинган («супер-контракт»га илинмаслик мумкинми ўзи?) Ректор билан учрашибди: аҳволини тушунтирган бўлса керак, ректор шартнома пулини университет жамғармаси ҳисобидан тўлаб берадиган бўлган.
Битта «супер-контракт» пулига камида 5 нафар талабанинг йиллик контракт пулини тўлаш мумкин эди. Шартнома пулини тўлолмай ўқишни ташлаб кетаётганлар ёки ўқишга бормай, дарсда ўтирмай, ишлаб юрганлар қанча экан? Бу қиз кейинги йил пухтароқ тайёрланиб келгани, ўрнига бир неча талабага шартнома пули тўлаб берилгани яхшироқ эмасмиди?» — деб ёзади блогер.
У ректорнинг ваколати ва журналистнинг мақоласи борасида ҳам бир неча саволларни ўртага ташлаган.
«Университет пулини ректор шахсан тасарруф қиладими, битта суҳбат давомида? Кенгаш-комиссия деган нарсалар йўқми?
Хабарни тайёрлаган журналистга ҳам қойилмасманки, таҳлил йўқ, маълумот чала: балки қиз ижтимоий қийин аҳволдадир, балки у яшаётган ҳудудга айнан шу қиз каби мутахассислар етишмас, балки бир ё ярим балл етмай қолгандир, булар тўғрисида маълумот йўқ.
Хуллас, мақсадли ва оқилона маблағ сарфлашга ўрганмадик-ўрганмадик-да», — дея таъкидлаган блогер.
Маълумот учун, Дилмурод Набиев 2018 йилнинг июлидан Жисмоний тарбия ва спорт вазири лавозимида ишлаган, 2021 йил февралида Қарши давлат университети ректори этиб тайинланганди. “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи