13:37 / 10.12.2021
2 420

Қашқадарёлик ўқитувчилар ишга кириш учун директорга пора берилишини маълум қилган

Қашқадарёлик ўқитувчилар ишга кириш учун директорга пора берилишини маълум қилган
Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят кенгашининг навбатдаги сессиясида вилоятнинг собиқ ҳокими Зоир Мирзаев ташаббуси билан Қарши шаҳридаги мактабларда сўровнома ўтказилгани, сўровномада қатнашган 31-мактаб ўқитувчиларининг 42 фоизи мактабга ишга кириш учун директорга пул берилишини, белгиланган «ставка» 300 доллардан 500 долларгача эканини айтгани маълум қилинди. Бу ҳақда сессияни онлайн кузатган «Дарё» мухбири хабар берди.

Қайд этилишича, 9 декабрь соат 14:00 да бошланган Халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдаги сессияси Facebook’даги жонли эфирда жамоатчилик эътиборига ҳавола қилинган.

Сессияда сўз олган депутат Юлдуз Эршагева вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Тўлқин Каримовга юзланиб, вилоятдаги мактабларда таниш-билишчилик, уруғ-аймоқчилик илдиз отиб кетганини, ҳатто мактабларга ишга кирмоқчи бўлган ўқитувчилар ҳам ишини пора орқали ҳал этаётганини билдирди.

«Ижтимоий тармоқларда ҳар куни Қашқадарёдаги мактабларнинг ачинарли аҳволи, салбий ҳолатлари ҳақида ёзилаётгани ҳар бир қашқадарёликнинг дилини оғритади, албатта. Биз энг аввало келажагимизни ўйлашимиз керак, бугунги мактаб ўқувчилари, фарзандларимиз эртага шу ерда, бизнинг ўрнимизда ўтиради.

Мактабда миллат келажаклари тарбияланмоқда. Лекин минг афсуски бугун вилоятдаги мактабларимизнинг аҳволи қониқарли эмас. Шундай мактаблар борки, муҳит ёмонлиги сабаб айрим ўқитувчилар мактабга боргиси келмайди. Баъзи мактаб директорлари 10, 15 баъзан 20 йиллаб мактабни бошқараётганини кўришимиз мумкин.

Агар ўша мактаб яхши натижаларни кўрсатаётган бўлса, майли, директорнинг омадини берсин, аммо аксарият ҳолларда унақа эмаслиги, мактабда таниш-билишчилик, маҳаллийчилик, қариндош-уруғчилик бўлаётгани маълум бўляпти
», — деди сессияда сўз олган депутат Юлдуз Эргашева.

Депутат вилоятнинг собиқ ҳокими Зоир Мирзаев таклифи ва ташаббуси билан Қарши шаҳридаги мактабларда ижтимоий сўровномалар ўтказилганини, бу орқали мактаб директорларининг фаолияти ҳамда мактабдаги коррупцион ҳолатларни ошкор қилиш мақсад қилинганини билдирди.

«Қарши шаҳридаги 31-мактаб ўқитувчилари билан ўтказилган сўровномада 84 нафар ўқитувчи иштирок этиб, уларнинг 42 фоизи мактабга ишга кириш учун директорга пора берилишини, пора директор котибасига берилишини билдирган бўлса, 7-мактаб ўқитувчилари мактабга ишга кириш нархи 300 доллардан 500 долларгача эканини билдирган», — деди вилоят депутати.

Депутатнинг маълумот беришича, сўровномалар натижасига кўра мактабларда ходимни ишга олиш учун, ўқитувчига устама бериш учун, шунингдек, мактабга келган комиссия учун пул йиғилиши одатий ҳолга айлангани маълум бўлган.

«Қарши шаҳридаги мактаб ўқитувчиларининг ёзишича, ўтган ўқув йилидаги дарс тақсимотларида бир соат дарс нархи 100 минг сўм бўлган бўлса, 2021 йилдаги дарс тақсимотларида бу нарх 300 минг сўмни ташкил қилган», — деди депутат Юлдуз Эргашева.

Facebook’даги онлайн эфирдан англашилишича, депутат Юлдуз Эргашева томонидан депутатлар эътиборига ҳавола қилинган маълумотлар депутатлар томонидан совуқ қаршиланган ва бемаврид айтилган маълумот дея эътироф этилди. Хусусан, депутат Лола Саодатова бу маълумотлар махсус комиссияда муҳокама қилиниши кераклигини айтади.

Депутат нутқини тинглаган вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Тўлқин Каримов эса бундай айбловларни якуний хулоса кўринишида прокуратурага тақдим этиш лозимлигини, депутатлар талаби билан сессияда иши кўрилиб, ишдан олинган мактаб директорлари суд орқали ишга қайта тикланаётганини, шундай вазиятларда бошқарма бошлиғи сифатида у суд томонидан жаримага тортилиб қолаётганини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, «Дарё»да вилоятнинг Ғузор туманидаги 49-мактаб директори Фахриддин Холиқов мактабга ишга кириш ниятида бўлган ўқитувчидан 300 доллар талаб қилиб, ишга олиши учун унга «учта кал бериши» лозимлигини айтиб, таъмагирликка йўл қўяётгани ошкор қилганди. Мазкур ҳолатга эътибор қаратган Ғузор туман прокуратураси ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ишлари бошланганини билдирган бўла-да, якуний хулоса ҳақида жамоатчиликка ахборот беришни унутди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Қашқадарёлик ўқитувчилар ишга кириш учун директорга пора берилишини маълум қилган