16:56 / 26.12.2021
1 235

Маст ҳайдовчиларга жазо қўллаш: Ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этишдан қамоққача

Маст ҳайдовчиларга жазо қўллаш: Ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этишдан қамоққача
Фото: somanyhorses.ru
ЙҲХББ бошлиғи машинани маст ҳолда бошқариш Жиноят кодексига киритилиши кераклигини айтди. Дарҳақиқат, маст ҳолда рулга ўтирганлар ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум бўлса ҳам, машинани ЙПХ ходимларидан яширинча бошқариб юрибди.

ИИВ ЙҲХББ бошлиғи полковник Олим Саидов машинани маст ҳолда бошқариш жиноят эканлиги, бу борада Маъмурий ва Жиноят кодексларига жазони оғирлаштирувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар киритилганини айтиб ўтди.

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов спиртли ичимлик истеъмол қилиб рул бошқараётган ҳайдовчиларга нисбатан 15 сутка қамоқ жазоси ва ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилишни таклиф этди.

Айни пайтда маст ҳолатда транспорт воситасини бошқариш Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 131-моддасига кўра, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан бир йил-у олти ойдан уч йилгача муддатга маҳрум қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш баравари (6 млн 750 минг сўм) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Айрим давлатларда маст ҳайдовчиларга дарҳол жиноий жавобгарлик қўлланади.

Россияда маст ҳолда транспорт воситасини бошқарганлик учун 30 минг рубл жарима солинади, шунингдек, 2 йилгача ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиш билан жазоланади. Депутутлар жарима миқдорини 100 минг рублгача кўпайтириш, ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилишни уч йилгача узайтиришни таклиф этишмоқда.

2010 йил августида АҚШда жаҳонда илк бор маст ҳайдовчи умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бунгача Техас штатида яшовчи Бобби Стовалл рулга тўққиз марта маст ҳолатда ўтириб қўлга тушган. Округ прокурори Жон Брэдли ўз қарорини шундай тушунтирган: «У кимнидир ўлдириб қўйишидан аввал, биз уни тўхтатишга қарор қилдик».

Қўшма Штатларда қоида тариқасида автомобилни маст ҳолатда бошқариш жарима билан жазоланади. Штатига қараб, ўртача 750 доллар жарима тўлаш ёки 30 кундан 6 ойгача қамоқхонада ўтиришга тўғри келади. Қоидабузарлар ҳайдовчилик ҳуқуқидан ҳам маҳрум этилади. Биринчи марта тушганларнинг «права»си 90 кунга, иккинчи марта — 1,5 йилга, учинчи марта — умрбод олиб қўйилади. Айрим штатларда қоидабузарлик такрорланса, автомобил мусодара қилинади.

Буюк Британияда рулга маст ҳолда ўтирган ҳайдовчи илк қоидабузарлик учун 6 ой қамоқ жазосига ҳукм қилинади, у шунингдек, 5 минг фунт-стерлинг жарима тўлаб, ҳайдовчилик ҳуқуқидан 3 йилгача маҳрум этилади.

Германияда ҳаммаси ҳайдовчининг қонида аниқланган алкогол миқдорига боғлиқ. Агар у 1,1 промилледан юқори бўлса, жиноят кодекси доирасида жазога мубтало бўлади. У ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилади, 3 ойлик иш ҳақи миқдорида жаримага тортилади ёки 5 йилга озодликдан маҳрум этилади.

Сингапурда бундай қоидабузарлик учун 1 йилга ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этиш жазоси қўлланади. Шунингдек, ҳайдовчи катта миқдорда жарима тўлайди ёки ярим йилча қамоқда ўтиради. Қайта қоидабузарлик учун қамоқ жазоси 3 йил этиб белгиланган.

Бизда ҳам жазо чоралари ўта қатъий қилиниши керак. Иложи бўлса, бир йўла ҳам қамоқ, ҳам жарима, ҳам узоқ муддатга транспорт воситасини ҳайдаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш қўлланиши керак. Маст ҳолатда бошқарилган транспорт воситаси эса (асл эгаси ким бўлишидан қатъи назар) «жиноят содир этиш воситаси» сифатида узоқроқ (3-6 ой) муддатга жарима майдончасига киритиб қўйиш лозим. Ишонаверинг, машинадан маълум муддатга «айрилиш» энг самарали жазо чораси бўлади.

ДЙҲХХ белгиланган жазо чораларини аҳоли ўртасида кенгроқ тарғиб этиши лозим. Токи рулга ўтирган ҳар бир ҳайдовчига етиб борсин.

Шуҳрат Шокиржонов, журналист

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Маст ҳайдовчиларга жазо қўллаш: Ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этишдан қамоққача