13:00 / 27.12.2021
925

Транспорт воситасини маст ҳолда бошқарганлик учун жазо чоралари кучайтирилиши кутилмоқда

Транспорт воситасини маст ҳолда бошқарганлик учун жазо чоралари кучайтирилиши кутилмоқда
Тошкент шаҳрида 23 декабрь куни ўтказилган юк автомобиллари билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга доир йиғилишда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғи полковник Олим Саидов юк машиналари иштирокида содир этилаётган йўл-транспорт ҳодисалари бўйича маълумот берди.

«Kun.uz»нинг қайд этилишича, 2021 йилнинг ўтган 11 ойида республикада содир этилган ЙТҲлар сони 8 минг 731 тани ташкил этган. Шундан 964 таси ёки 11 фоизи юк автомобиллари ҳиссасига тўғри келади.

Йиғилишда спиртли ичимлик истеъмол қилиб рул бошқараётган ҳайдовчилар ҳам кўп учраётгани, уларга нисбатан жазо чоралари кучайтирилиши айтилган.

«Транспорт воситасини спиртли ичимлик ичган ҳолда бошқариш жиноят. Ҳозир айни шу йўналишда Маъмурий ва Жиноят кодексларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар киритилган. Бу мутасадди идоралар томонидан ўрганиб чиқиляпти», — деган Олим Саидов.

Маълумот берилишича, йил давомида юк ташиш билан боғлиқ ЙТҲларда 396 киши ҳалок бўлган, 804 нафар фуқаро жароҳатланган.

Олим Саидовнинг айтишича, «Б» ва «C» тоифадаги ҳайдовчиларни тайёрлаш тизимида камчиликларга йўл қўйилмоқда. Хусусан, Тошкент вилоятида жойлашган ўқув ташкилотларининг 4 таси текширилганида 25 нафар ҳайдовчи дарсларга сабабсиз қатнашмагани аниқланган.

«Бу ҳолатга нима деб изоҳ бериш мумкин? Улар қандай қилиб ўқишга қатнашмайди? У ўқув ташкилотини битирган ҳайдовчи эртага қандай ҳаракатланади? Қаерда бу кўникмаларни ҳосил қилади, билимни қаердан олади?», — деган ЙҲХББ раҳбари.

Статистик маълумотларга кўра, 2021 йилда республика бўйича юклар айланмаси 112, 3 фоизга ошган. Мазкур юкларнинг 74,2 фоизи автомобиль транспорти ёрдамида ташилган. Республикада рўйхатга олинган 3,8 миллионга яқин транспорт воситаларининг 8 фоизи ёки 295 мингтаси юк автомобиллари ҳиссасига тўғри келади.

Эслатиб ўтамиз, декабрь ойидан бошлаб Ўзбекистонда ҳайдовчининг мастлигини аниқлайдиган янги алкотестерлардан фойдаланиш бошланди. Ушбу намуна алкотест топшираётган ҳайдовчининг юзини суратга ҳам олиш имкониятига эга.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Транспорт воситасини маст ҳолда бошқарганлик учун жазо чоралари кучайтирилиши кутилмоқда