22:35 / 27.12.2021
1 047

Ўзини ёнғин назорати ходими сифатида таништириб пул ундираётган фирибгарлар пайдо бўлмоқда

Ўзини ёнғин назорати ходими сифатида таништириб пул ундираётган фирибгарлар пайдо бўлмоқда
Фото: «Подробно»
Тошкент ва бошқа шаҳарларда уйлар бўйлаб ўзини давлат ёнғин назорати органи ходими сифатида таништириб, фуқаролардан 20-40 минг сўм ундираётган фирибгарлар яна пайдо бўлди, деб хабар беради Telegram’даги «Ҳуқуқий ахборот» канали.

«Сўнгги йилларда, асосан, куз-қиш мавсуми бошланишида аҳоли орасида, айниқса, туманларда махсус формали кийим-бош кийиб юрган ёки шу кийимга жуда ўхшаш кийимдаги шахслар ўзларини давлат ёнғин назорати органи ходими сифатида таништириб фуқаролардан йиллик 20-40 минг сўм атрофида мажбурий тарзда солиқ ёки коммунал тўлов сифатида ноқонуний йиғиш ҳолатлари кузатилмоқда», — дейилади хабарда.

Юқоридаги масалалар бўйича келиб тушган мурожаатлар ўрганилганда, ушбу ҳаракатлар турли хил шаклда ташкил этилган, асосан, номида «ёнғин», «олов», «қарши кураш», «хавфсизлик», «ҳимоя» каби сўзлардан иборат бўлган ва ёнғиннинг олдини олиш акс этган турли хил рамзлар туширилган муҳр-штамплардан фойдаланиб келаётган тадбиркорлик субъектлари томонидан амалга ошириб келинаётгани маълум бўлган.

Мазкур ҳолат бўйича Адлия вазирлиги айрим шахслар томонидан ўзларини давлат ёнғин назорати органлари ходими сифатида таништирган ҳолда ёлғон маълумотлар асосида фуқаролардан мажбурий тўлов тўланишини талаб этиши ноқонунийлигини маълум қилади.

Таъкидланишича, фуқаролар мажбурий тарзда қуйидаги коммунал хизматлар учун тўловларни белгиланган тартибда тўлаб бориши лозим:
- совуқ сув таъминоти;
- иситиш ва иссиқ сув таъминоти (кўп қаватли уйларда);
- электр таъминоти;
- газ таъминоти;
- канализация (истеъмолчи уланган бўлса).

Қайд этилишича, ёнғин ва унинг олдини олиш билан боғлиқ бирон бир тўлаб борилиши шарт бўлган коммунал тўлов ёки солиқ қонунчиликда мавжуд эмас.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 209-1-моддасига кўра, формали кийим-бош кийиб юриши назарда тутилган вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар ҳарбий хизматчилари ҳамда ходимларининг тасдиқланган намунадаги ҳарбий, идоравий ва махсус формали кийим-бошини бундай ҳуқуққа эга бўлмаган шахслар томонидан кийиб юриш учун жавобгарлик белгиланган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзини ёнғин назорати ходими сифатида таништириб пул ундираётган фирибгарлар пайдо бўлмоқда