16:16 / 29.12.2021
1 125

Канада Ўзбекистонда виза маркази очишни режалаштирмоқда

Канада Ўзбекистонда виза маркази очишни режалаштирмоқда
Фото: Flickr
Ўзбекистоннинг Канададаги элчиси (қароргоҳи Вашингтонда) Жавлон Ваҳобов Оттавада ушбу мамлакат Ташқи ишлар вазирлигининг Шарқий Европа ва Евросиё бўйича бюроси бош директори Хайди Кус, ташқи ишлар вазирининг Европа, Яқин Шарқ ва Ғарб масалалари бўйича ўринбосари ёрдамчиси Сандра Маккарделл, Афғонистон ва Покистон департаменти ижрочи директори Кристофер Гиббинс билан учрашувлар ўтказди, деб хабар беради «Дунё» агентлиги.

Музокаралар чоғида сиёсий, иқтисодий ва гуманитар соҳалардаги икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалалари, жумладан, меҳнат миграцияси соҳасидаги чора-тадбирларни амалга ошириш, инвестициялар жалб этиш борасидаги ҳамкорлик, афғон халқига ёрдам доирасидаги шериклик, шунингдек, Ўзбекистон—Канада ҳамкорлигини кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинган.

Таъкидланишича, Канада Ташқи ишлар вазирлиги вакилларининг алоҳида эътибори Ўзбекистон ташқи сиёсати ва иқтисодий дипломатиясининг моҳиятига қаратилган. Ўзбекистон бугунги кунда дипломатик фаоллик маркази экани, унинг минтақавий сиёсати ва янгиланган ташқи сиёсати тинчлик ва мулоқотни мустаҳкамлашга ҳисса қўшаётгани, шунингдек, аниқ-равшан сиёсий реализм ва прагматизмни намоён этаётгани қайд этилган.

Бош директор Хейди Кус билан учрашув чоғида Канада олий ва юқори даражадаги сиёсий алоқаларни фаоллаштиришдан манфаатдор экани таъкидланган. Канада ТИВ вакили йиллик сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказиш амалиётини давом эттириш, шунингдек, турли даражадаги сиёсий мулоқотлар даражасини ошириш ва ўзаро алмашинувларни кўпайтириш муҳимлигини қайд этган. У 2022 йилда Тошкентда сиёсий маслаҳатлашувларнинг 9-раундини ўтказиш учун Канада делегациясининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этишга тайёрлигини билдирган.

Бундан ташқари, Канада вакили Ўзбекистон устувор ҳамкор давлатлар қаторига киритилгани, мамлакатда Канада виза марказини очиш режалаштирилаётгани ва дунёда эпидемиологик вазият юмшаши билан бу ҳақда қарор қабул қилиниши кутилаётганини маълум қилган.

Ташқи ишлар вазири ўринбосари ёрдамчиси Сандра Маккарделл билан учрашув чоғида икки томонлама ва ҳудудлараро ҳамкорлик юзасидан фикр алмашилган.

Хусусан, Сандра Маккарделл Ўзбекистоннинг ўтаётган йилдаги тараққиётини шарҳлар экан, президент Шавкат Мирзиёев амалга ошираётган ислоҳотлар ва ўзгаришларнинг кўлами улкан эканини қайд этган. Шу нуқтаи назардан, Канада вакили Ўзбекистон раҳбарини сўнгги умумхалқ сайловидаги ишончли муваффақияти ва улкан ғалабаси билан табриклаган. «Ишончим комилки, Ўзбекистон кейинги беш йилда аввалги йилларга нисбатан янада катта муваффақиятларга эришади», — дея қўшимча қилди Сандра Маккарделл.

Афғонистон ва Покистон департаменти ижрочи директори Кристофер Гиббинс билан музокаралар чоғида Афғонистондаги вазият юзасидан атрофлича фикр алмашилган.

Кристофер Гиббинс Ўзбекистон раҳбариятининг Афғонистондаги мураккаб гуманитар вазиятни юмшатиш борасидаги ташаббусларини қўллаб-қувватлаган ва афғон халқига биргаликда инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш бўйича чора-тадбирларни батафсил муҳокама қилиш учун Ўзбекистон билан музокаралар ўтказишга тайёрлигини тасдиқлаган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Канада Ўзбекистонда виза маркази очишни режалаштирмоқда