12:11 / 19.01.2022
2 879

Совчилик ёхуд қория қизга лойиқ бўлмаган йигит

Совчилик ёхуд қория қизга лойиқ бўлмаган йигит
Устозим бирдан "Юр, бир жойга борамиз!" дедилар. Ҳайрон бўлиб эргашдим. Охири сабрим тугаб, "Ака, қаерга кетяпмиз ўзи?" дедим.

"Бир танишим бор, қалин жўрам. Тақволи оила. Бўйи етган қизлари бор экан. "Яхши куёв бўлса далолат қилинг" деганди. Совчиликка борамиз" дедилар. Ҳайратим янада ошди, "Нима, мени кўнглимга қарамайсизми?" дейишимни биламан, кулиб юбордилар. Ўзим ҳам уялдим.

Хуллас айтилган манзилга келдик. Кичик ҳовли. Озода, саришта. Таъмирталаб, эски ҳовли бўлса ҳам, менинг кўзимга жуда файзли кўринди.

Бир киши бизни ичкарига таклиф қилди. Устозим билан жуда қалин кўришди. Уларнинг гап-сўзидан қалин дўст эканликлари яққол сезилиб турарди. Мен уялиброқ сўрашдим. Бундай учрашувга на тайёр ва на кутган эдим.

Уйга кирдик. Мезбон бироз баланд овозда "Меҳмон!" деди. Дарров нариги хонада чойнак овози эшитила бошлади. Машааллоҳ, уйдаги тарбия ва бошқарув мени ҳайратда қолдирган эди.

Улар ёшликдаги воқеаларни эслашиб ўтиришар, мен эса худди кўринмас одамдек: улар мени пайқамасди.

Бироздан сўнг суҳбат мен ҳақимда айлана бошлади. Устозим шунча танишлари орасидан биродарига мени раво кўрганини ва менга қанчалик ишонишини фахр ила гапирарди. Мен эса шу онда бу ердан ғойиб бўлиб қолсам-у, хижолат чекмасам дердим.

Шу пайт ошхонадан уч марта тиқирлаган овоз келди. Мезбон "Мен ҳозир" дея туриб кетди.

Шеригим "Қизи жуда яхши қиз. Одобли. Бу уйда эркак бошлиқ, шу сабабли хонадонда тартиб бор" дедилар. Шу он хона бурчагидаги китоб жавони менинг халоскорим бўлди. Аҳамият бермагандай ўрнимдан тўрдим ва жавон олдига келдим. Бирин-кетин разм солар эканман, юқорида энг четда турган эски қўлёзма Қуръонга кўзим тушди. Қўлимга олдим. Ичини очиб, разм солдим. Китобнинг варақлари деярли титилиб кетганди. Шу ондаёқ танамни титроқ босди.

Айрим саҳифаларни сиёҳи кўринмай кетганди. Диққат билан разм солсам, Жаҳаннам хақидаги оятлар экан. Қуръонхон айнан шу жойига келганида кўзидан дув-дув ёш варақдаги ҳарфлар устига тўкилгандек. Менинг танам энди музлай бошлаганди.

Шу пайт мезбон патнисда чой ва алланималардир олиб кирди. Унинг юзида мамнуният бор эди. Мен у кишига тикилиб "Бу Қуръонни ким ўқийди?" дедим. У киши таажжубланиб "Қизим!" дедилар.

Кўксимга ҳаво тиқилди, шу ондаёқ кўзимга ёш тўлди. Агар бир нафас олсам йиғлаб юбораман. Шундай ҳам бўлди...

"Кечирасиз, мен кетишим керак" деб уйдан чиқиб кетдим. Улар ҳайратда, менинг эса кўзларим тўла ёш...

Кўчада йиғлар эканман, кўксим тез-тез тўлиб кетар, бир хўрсинсам, кўзёшим шашқатор бўларди. Кўп ўтмай ортимдан устозим чиқди. "Нима бўлди?" дедилар ҳайрон бўлиб.

"Мен бундай қизга мос эмасман. Бу қадар тақво соҳибаси мени қўлимда хор бўлса, эртага Аллоҳга нима деб жавоб бераман? Бу қиз ҳақиқий солиҳ ва зоҳид инсонга муносиб. Мени кечиринг" дедим...

Йўл-йўлакай минг хил хаёл билан уйга келдим. Хонамда мусҳафим турарди: янги ва тиниқ.

Фурсатдан фойдаланиб “солиҳа, қория ва покдомон қиз”га уйланмоқчи бўлаётган йигитлардан бир савол сўрамоқчиман: “Сиз, ўзингиз шу айтаётгандек қизга муносибмисиз? Бир кунда неча пора Қуръон ўқийсиз? Намозларингиз комилми?”

Ҳимматилло Раҳматов

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Совчилик ёхуд қория қизга лойиқ бўлмаган йигит