22:44 / 21.01.2022
1 766

«Бозоримизга катта миқдорда қалбаки валюта кириб келган» — Мамаризо Нурмуродов

«Бозоримизга катта миқдорда қалбаки валюта кириб келган» — Мамаризо Нурмуродов
Ўзбекистонда тадбиркорлик субъектлари учун валюта айирбошлаш пунктлари очиш қонунийлаштирилмайди. Бу ҳақда 20 январь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов айтиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дарё».

Анжуманда Мамаризо Нурмуродов валюта айирбошлаш пунктларини тадбиркорлик субъектлари очишига рухсат берилмаслиги бўйича Марказий банкнинг қатъий позицияси борлигини маълум қилди.

«FATF (Financial Action Task Force) халқаро ташкилоти талабларидан келиб чиқиб, биз хусусий сектор томонидан валюта айирбошлаш пунктлари очилиши бўйича бир тўхтамга келганимиз йўқ. Охирги пайтларда банкоматларда валюта айирбошлашда шанба ва якшанба кунларида узилишлар бўлаётгани тўғри, лекин бу уларни ёмон ишлаётганидан эмас. Гап шундаки, ҳозирда бозоримизга катта миқдордаги қалбаки валюта кириб келган. Шунақа валюта кириб келдики, уни банкоматлар ўқий олмаяпти. Шунинг учун шанба ва якшанба кунлари кўп банкоматлардан фойдаланиш ҳолатларини чекладик. Банкоматлар дастурларини ўзгартиряпмиз», — деди Марказий банк раҳбари.

Унинг қўшимча қилишича, валюта айирбошлашда дам олиш кунлари юзага келадиган муаммога барча тижорат банклари шанба ва якшанба кунлари ҳам ишлайдиган айирбошлаш пунктлари ташкил этиши ва бу бўйича маълумотларни ўз сайтларида эълон қилиб боришлари ечим бўла олади.

Аввалроқ Ўзбекистонда тадбиркорларга валюта айирбошлаш хизматларини кўрсатишга рухсат берилиши мумкинлиги хабар қилинганди. Бу масала президентнинг «Рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатадиган тўсиқларни бартараф этиш ва тадбиркорлик фаолияти йўналишларини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳасида кўзда тутилгани келтирилган.

Ҳужжатда 2022 йилда хорижий давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, норасмий валюта операциялари вужудга келишининг олдини олиш, шунингдек, хизматларни узлуксиз равишда кўрсатиш имконини яратиш мақсадида хусусий тадбиркорларга валюта айирбошлаш хизматларини кўрсатишга рухсат бериш режалаштирилаётгани белгиланган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Бозоримизга катта миқдорда қалбаки валюта кириб келган» — Мамаризо Нурмуродов