11:30 / 24.01.2022
1 136

Навоийда ЙПХ ходимини калтаклаган ҳайдовчи қилмишидан пушаймонлигини айтди

Навоийда ЙПХ ходимини калтаклаган ҳайдовчи қилмишидан пушаймонлигини айтди
Фото: Видеодан кадр
Навоийда автомобилини жарима майдонига олиб кетаётган ЙПХ ходимини калтаклаган Matiz ҳайдовчиси ушланиб, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилганди. Вилоят ИИБ матбуот хизмати хабарига кўра, ҳайдовчи қилмишидан пушаймонлигини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, воқеа 22 январь куни соат 12:20 ларда юз берганди. Вилоятнинг Навбаҳор тумани ҳудудида хизмат олиб бораётган ЙПХ ходими Matiz ҳайдовчисини тўхтатган. Текширув давомида ҳайдовчи йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланиши ва унинг ёнида кунлик йўл варақаси мавжуд эмаслиги маълум бўлган.

Инспектор ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома тузиб, автомобилини вақтинча сақлаш учун жарима майдонига олиб кетилаётганида ҳайдовчи унинг хизмат олиб боришига тўсқинлик қилиб, уни ҳақоратлаб, танасининг турли жойларига қўл-оёғи билан тан жароҳати етказган. Шундан сўнг машинасига миниб, воқеа жойидан қочиб кетган.

Олиб борилган тезкор-суриштирув ҳаракатлар натижасида ҳайдовчи А.Т. (1993 йилда туғилган) экани аниқланган ва унга нисбатан Жиноят кодексининг 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 3-қисми «а» банди ҳамда 219-модда (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.

«Таъкидлаш керакки, фуқаролар ўртасида турли хил норозилик ҳаракатлари келтириб чиқармаслиги учун ЙПХ инспектори унга нисбатан куч ишлатмаган, ҳеч қандай қаршилик кўрсатмаган. Бу эса унинг тан жароҳати олишига сабаб бўлган», — дейилади вилоят ИИБ муносабатида.

Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновнинг «Дарё»га маълум қилишича, ЙПХ инспекторининг кўз пастки қовоғида, бўйин орқа соҳаси ва ўнг қўл тўртинчи бармоқ-тирноқ фалангаси соҳаларида шилинмалари каби тан жароҳатлари Республика суд-тиббиёт экспертиза илмий-амалий маркази Навоий филиалининг 23 январдаги маълумотномасига кўра, енгил тан жароҳати деб топилган.

«Мен ЙПХ ходимини урганимдан жуда ҳам афсусдаман. Бу нарса қайта такрорланмайди. Қилган ишимдан пушаймонман», — деган ҳайдовчи ўз иқрорида.

«ЙПХ инспектори ҳам аввало инсон. У ҳам кимнингдир фарзанди, кимнингдир оила аъзоси. Унинг шаъни қадрсизланишига сабаб бўлиш, албатта, қонунда белгиланган тартибда жавобгарлик келтириб чиқаради. Содир бўлган ҳолат барча ҳайдовчиларга дарс бўлиши керак», — дейди Навоий вилояти ИИБ ахборот хизмати раҳбари Ўткам Усмонов.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Навоийда ЙПХ ходимини калтаклаган ҳайдовчи қилмишидан пушаймонлигини айтди