Фото: Dreamstime
Ҳозир кўпчилигимиз ҳафтасига 4 кунгина ишлаб, 3 кун дам олиш мумкинлигини тасаввур ҳам қила олмаймиз. Лекин бундан бир аср олдин ҳам одамлар 5 кун ишлаб, 2 кун дам олиш мумкинлигига ишонишмасди.
Инсоният доимий равишда иш унумдорлигини ошириш, параллел равишда дам олиш кунларини кўпайтириш учун ҳаракат қилиб келади. Аввал бир кунлик, кейин икки кунлик дам олиш жорий этилган бўлса, аллақачон 4 кунлик иш ҳафтаси устида ҳам экспериментлар ўтказила бошланди.
Масалан, 2018 йилда Янги Зеландиянинг Perpetual Guardian компаниясида ходимлар иш ҳақи камайтирилмаган ҳолда беш кун ўрнига тўрт кун ишлашган ва натижа аъло бўлган: ходимларда ҳаётдан умумий қониқиш янада ўсган. Бандлик ҳисси пасайиб, зўриқиш даражаси 45 фоиздан 38 фоизга тушган.
2019 йилда Microsoft корпорациясининг Япониядаги филиали ходимларига бир ой давомида жума кунлари ишламасликка имкон берганидан сўнг тўрт кунлик иш ҳафтаси компаниянинг иш унумдорлигини оширади, деган хулосага келган.
Охирги пайтларда эса давлатлар миқёсида 4 кунлик иш ҳафтасига ўтиш устида ишланяпти. Охирги пайтларда Испания, Белгия ва АҚШда иш вақтини қисқартириш бўйича режалар амалга оширилаётгани эълон қилинди.
4 кунлик иш ҳафтаси нима дегани?
Бунда иш соати ўртача 40 соатлик меъёрдан 32 соатга туширилади. Лекин бу ходимга тўланадиган маош ва ишхонанинг умумий фойдаси пасайишига хизмат қилмайдиган қилиб амалга оширилиши керак. 4 кунлик иш ҳафтаси бўйича қилинган таҳлиллар ходимлар кўпроқ соат ишлаши қайтага уларнинг самарадорлиги тушиб кетишига сабаб бўлишини аниқламоқда.
Ходимларга 3 кунлик дам олиш жумадан якшанбагача берилиши мумкин ёки иш шароитига қараб ҳафтанинг исталган бир кунида таътил берилишини амалга ошириш мумкин.
Иш ҳафтаси қисқариши: тарихга назар
Иш ҳафтасини қисқартириш ҳаракатлари ўзига хос тарихга эга.
Саноат инқилоби даврида ҳам ходимлар кунига 10 соатдан кўп ишлар, кам дам олар эди. Мана шундай вазиятда биринчи бўлиб 1926 йилда Америкада Ford Motor компанияси асосчиси Ҳенри Форд ўз ходимлари учун 40 соатлик иш ҳафтасини татбиқ этди ва иш соатининг қисқариши маош камайишига таъсир этмаслигини маълум қилди.
1930 йилда британиялик иқтисодчи Жон Мейнард Кейнс одамлар 100 йилдан кейин (2030 йилга бориб) ҳафтасига 15 соатча ишлашлари мумкинлигини прогноз қилган эди.
4 кунлик иш ҳафтасининг фойдаси
Швейцарияда жойлашган инсон ресурслари бўйича ихтисослашган компания Adecco Group эълон қилган таҳлилга кўра, 4 кунлик иш ҳафтасининг ижобий томонлари ҳам, салбий томонлари ҳам бор.
Ходим камроқ чалғийди: 2018 йилда 4 кунлик иш ҳафтасини экспериментдан ўтказган Янги Зеландиянинг Perpetual Guardian компаниясининг раҳбари Андрю Барнснинг маълум қилишича, ходимлар камроқ муддат ишда бўлса ҳам, ишга алоқадор бўлмаган веб сайтларга 35 фоиз камроқ киришган. Сабаби ходимларнинг ишдан ташқаридаги ҳаёти ва хўжалик ишларини тартибга солиши учун кўпроқ вақтлари бўлган, натижада улар иш куни ўз муаммолари ҳақида ўйлашлари одатдагидан сезиларли камайган.
Кўп ишлашнинг ўзи иш самарадорлигини ифодаламайди: Microsoft корпорациясининг Япониядаги филиали ҳам ўз ходимлари учун 4 кунлик иш ҳафтасини жорий қилиб кўради ва натижада, иш унумдорлиги 40 фоизга ошади.
Ақлий ва руҳан тетиклик. Камроқ ишда бўлиш ва кўпроқ оиласи учун вақт ажратиш фарзандлари бор ходимларга ҳаётини балансда ушлашга кўпроқ ёрдам беради. Ёши катта ота-оналари бор ходимлар ҳам яқинларига кўпроқ ёрдам беради.
Карбонат ангидрид истеъмоли камаяди. АҚШда ўтказилган тадқиқотларга кўра, одамлар дам олиш кунлари бошқа кунларга қараганда транспортда 17 фоиз камроқ ҳаракатланишади. Бу дегани иш ҳафтаси қисқарса, ҳавога чиқадиган эмиссиялар ҳам қисқаради.
4 кунлик иш ҳафтасининг минуслари
Харажатлар. Иш берувчилар ходимларни камроқ ишлатиб бир хил маош тўлашидаги харажатлар уларни бу фикрдан қайтариши мумкин. Масалан, АҚШда иш берувчилар ходимларининг пенсия ва суғурта харажатларини ҳам қоплаб беради. Шу сабаб ҳам иш берувчилар иш соатини қисқартиришга иккиланиши мумкин.
Тенгсизлик. 4 кунлик иш ҳафтаси офисларда тенгсизликларга сабаб бўлиши мумкин. Сабаби, одатда, ходимнинг сарфлаган вақтига қараб пул тўланади. Малакали ишчининг камроқ ишлаши ва энди иш ўрганаётганларнинг кўпроқ ишлаши улар ўртасида тушунмовчиликларга сабаб бўлиши мумкин.
Барча соҳалар ҳам 4 соатлик иш ҳафтасига эриша олмаслиги мумкин. Масалан, хизмат кўрсатиш соҳасида 4 кунлик иш режимида барча ишларни ҳал қилиш имкони бўлмайди. 24/7 режимида ишлаш учун кўпроқ иш соати талаб қилиниши мумкин.
Жамоани бошқариш қийинчилиги. Айниқса, 24/7 соат режимида ишлайдиган жамоаларда 4 кунлик иш ҳафтаси жорий этилса, ходимлар турли графикларда ишлашига тўғри келиши ва шу сабаб уларни бошқаришда қийинчиликлар бўлиши мумкин.
Келажак ўзгариши мумкинми?
Пандемия иш берувчиларга ходимлар масофадан ёки гибрид ишлаши мумкинлигини кўрсатиб берди. Яъни одамлар масофадан ишлашни ҳам янги норма сифатида қабул қилишди. 32 соатлик иш ҳафтаси ҳам бориб-бориб янги нормага айлана олиши мумкин.
Ахир бундан бир аср олдин одамлар ҳатто 5 кунлик иш ҳафтасини тасаввур қила олмасди, лекин ҳозир бу биз учун одатий ҳол. Худди шундай: кейинги меъёр – 4 кунлик иш ҳафтаси бўлиши эҳтимоли йўқ эмас.
Зилола Ғайбуллаева тайёрлади.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Россия армияси Купянскка киргани айтилмоқда
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи