00:30 / 01.02.2022
999

Тошкентда Инсон қадри индекси жорий этилади

Тошкентда Инсон қадри индекси жорий этилади
Шавкат Мирзиёев ҳузурида 31 январь куни Тошкент шаҳрида амалга ошириладиган лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, дастлаб аҳоли ҳаёт даражасини маҳаллалар кесимида ўрганиш натижалари ҳақида маълумот берилган.

Тошкент шаҳрида аҳолининг ҳаёт сифати, саводхонлик даражаси ва умри давомийлигини қиёсий баҳолайдиган Инсон қадри индексини жорий этиш бўйича таклиф тайёрланган. Бунинг учун Чилонзор, Учтепа, Сергели ва Юнусобод туманларидан биттадан маҳалла танлаб олиниб, аҳоли ўртасида 56 хил масала бўйича сўровнома ўтказилган. Бу орқали маҳаллада қайси соҳа оқсаётгани, одамларда нималарга талаб борлиги аниқланган.

Тақдимотда шундай таҳлилни синов тариқасида пойтахт маҳаллалари кесимида йўлга қўйиш, унинг натижаларига қараб, муайян ҳудудга эътиборни кучайтириш таклифи билдирилган.

«Бунинг мезонлари қандай бўлади? Олти ой ёки йил якунида нимага эришилади? Шунинг учун илмий асосланган тизим керак. Шаҳар ҳокимлигида Ситуацион марказга ўхшаш таҳлил маркази ташкил қилиш, дастурий маҳсулот яратиш зарур. Маҳаллабай ишлаш осон эмас, зиммамизга катта масъулият оляпмиз. Бу тизим қайси маҳаллага, қайси кўчага биринчи бўлиб киришни кўрсатиб бериши керак. Ҳамма ишларни жамоатчилик билан маслаҳатлашиб, маҳаллий кенгашларда тасдиқлаб, тартиб билан бажариш зарур», — деган Шавкат Мирзиёев.

Индекс лойиҳасини мутахассислар билан муҳокама қилиб, ҳар томонлама такомиллаштириш, сектор раҳбарларига бу тизимни ўргатиш бўйича тавсиялар берилган. Бу уларнинг ўз иш услубини ўзгартиришга ундаши таъкидланган.

Тақдимотда инвестиция ва экспорт масалалари ҳам кўриб чиқилган.

Хусусан, 2022 йил пойтахтда 738 та лойиҳа бўйича жами 3 миллиард 800 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилиши қайд этилган. Шундан 2 миллиард доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ҳисобланади. 500 та лойиҳа жорий йилнинг ўзида ишга туширилиб, 27 мингта янги иш ўрни ташкил этилади.

Инвестиция лойиҳаларини маҳаллалар кесимида шакллантириш чоралари, бу соҳада 2022—2026 йилларга мўлжалланган мақсадли кўрсаткичлар ҳақида ҳам ахборот берилган.

Давлат раҳбари Тошкент шаҳрининг молиявий, иқтисодий имкониятлари кенглигини, ҳудудий лойиҳаларни кўпайтириб, ҳар бир туманга қўшимча 100 миллион доллар жалб қилиш мумкинлигини таъкидлаган.

Ташқи савдо борасида ҳам «ўсиш нуқталари» белгилаб олинган. Хусусан, жорий йилда Тошкент шаҳри экспорти 1 миллиард 400 миллион доллар бўлиши кутилаётган бўлса, 2026 йилга бориб бу кўрсаткични 2 миллиард 500 миллион долларга етказиш мўлжалланган. Йирик халқаро брендларни жалб қилиш орқали ҳам ички бозор талабини қондириш, ҳам экспортни ошириш бўйича кўрсатмалар берилган.

Видеоалоқа орқали туман ҳокимлари ва сектор раҳбарлари билан маҳаллабай ишлаш масалалари юзасидан мулоқот бўлган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тошкентда Инсон қадри индекси жорий этилади