07:27 / 06.02.2022
1 487

ОТМ талабалари учун қишки таътил муддати узайтирилиши мумкин

ОТМ талабалари учун қишки таътил муддати узайтирилиши мумкин
«Олий, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида таълим олувчиларнинг ҳар йилги қишки таътили тўғрисида»ги президент фармони жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Унга кўра олий, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида таълим олувчиларнинг қишки таътил вақтида ўзлари доимий равишда истиқомат қилаётган жойларга ўз вақтида ва хавфсиз етиб боришларини ташкиллаштириш, уларнинг қишки таътил вақтини самарали ва мазмунли ўтказиши таъминланади. Таълим соҳасидаги ваколатли давлат бошқаруви органларининг декабрь ойининг охирги ўн кунлиги ва январь ойининг биринчи ўн кунлиги оралиғида профессионал таълим муассасалари ўқувчилари ва олий таълим муассасалари талабаларининг ҳар йилги икки ҳафталик қишки таътилини ўтказиш бўйича таклифлари маъқулланган.

Таълим соҳасидаги ваколатли давлат бошқаруви органлари мавжуд шароитдан келиб чиқиб ўқувчи ва талабаларга таътил бериш муддатини ўзгартириш ҳуқуқига эга ҳисобланади. Тизимида давлат олий таълим, ўрта махсус, профессионал таълим муассасалари ва уларнинг филиаллари, шунингдек, давлат иштирокидаги олий, ўрта махсус, профессионал таълим ташкилотлари ва уларнинг филиаллари бўлган вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари:
  • қишки таътилни уюшқоқлик билан ўтказиш юзасидан зарур чораларни кўради;
  • кундузги таълим шаклидаги таълим ташкилотида таълим олувчилар ва ўқувчиларнинг доимий истиқомат жойларига бориб келишига ёрдам беради;
  • ўқувчи ва талабалар учун қишки таътил бошланишидан 10 кун аввалдан бошлаб чиптанинг тўлиқ қийматидан 50 фоизли чегирма тўлови асосида республика ичида ҳаракатланувчи тезюрар ва йўловчи (юқори тезликда ҳаракатланувчи поездлар ва барча йўловчи поездларнинг СВ, VIP вагонлари бундан мустасно) поездларига ҳамда маҳаллий авиарейсларга чипталар сотуви ташкил этилади;
  • ўқувчи ва талабаларнинг йўналишли шаҳарлараро автобус қатнови орқали ҳаракатланиши учун ҳам имтиёзли чипталар тақдим этиш механизми жорий этилади. Уларнинг қишки таътилда ҳаракатланиш графигини мувофиқлаштириш мақсадида яшаш жойи республиканинг бир минтақасида, таълим олиш жойи эса бошқа минтақасида бўлган ўқувчи ва талабалар ҳақида махсус электрон платформани яратилади.

Таълим соҳасидаги ваколатли давлат бошқаруви органлари 2022 йил 1 майга қадар платформа фаолиятини тўлиқ йўлга қўяди. Бунда платформага шахсни верификация қилиш мақсадида Транспорт вазирлигининг уланиши инобатга олинади.

Ҳар йили 25 ноябрга қадар ҳудудлар кесимида ўқувчи ва талабалар ўқийдиган таълим муассасалари, улардаги ётоқхоналарнинг манзиллари, ўқувчи ва талабаларни қишки таътилга жўнатиш манзиллари ва бошқа зарур маълумотлар платформада жойлаштириб борилади.

Платформани ишлаб чиқиш, уларга хизмат кўрсатиш ва кейинчалик модернизациялаш бўйича буюртмачининг функциялари таълим соҳасидаги ваколатли давлат бошқаруви органлари ўртасида платформага киритиладиган ўқувчи ва талабалар сонидан келиб чиқиб мутаносиб равишда тақсимланади.

Таълим соҳасидаги ваколатли давлат бошқаруви органлари платформани доимий равишда ҳаққоний ва фаол ишлаб туришига, шунингдек, унинг доимий техник қўллаб-қувватланишига, маълумотларни таҳлил қилиш, тузилган рейтинглар шаффофлиги ва ошкоралигини таъминлашга масъул ҳисобланади.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан президентга ҳар йили 1 февралга қадар ахборот берилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда талаба ва ўқувчилар учун қишки таътил 25 декабрдан бошланган эди. Таътил 2022 йилнинг 10 январигача давом этиши ва дарс жараёнлари 11 январдан бошланиши белгиланганди. Кейинроқ олий таълим муассасаларининг талабалари, академик лицей ва ҳунар мактаблари ўқувчилари учун қишки таътил муддати 24 январгача узайтирилди. Бунга сабаб қилиб ректорлар, проректорлар, деканлар ва молия масалаларига масъуллар учун ўз касбий маҳоратини ошириш, янгича тартибда ишлашни бошлаш мақсадида 2022 йил 10—24 январь кунлари амалий семинар-тренинглар ташкил этилиши кўрсатилган.

Қишки таътил муносабати билан Uzbekistan Airways ва «Ўзбекистон темир йўллари» Янги йил муносабати билан махсус чегирмалар эълон қилган. Кейинчалик талабаларга авиа ва темир йўл чипталарни 24 январгача бепул алмаштириш имкони берилганди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » ОТМ талабалари учун қишки таътил муддати узайтирилиши мумкин