10:40 / 16.02.2022
1 481

Қашқадарёда ИИБга олиб кетилган фуқаро ўлик ҳолда уйига қайтарилди

Қашқадарёда ИИБга олиб кетилган фуқаро ўлик ҳолда уйига қайтарилди
Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов Facebook’даги саҳифасида Қашқадарё вилоятининг Миришкор туманида яшовчи 37 ёшли фуқаро Юсуф Султонов туман ИИБга олиб кетилиб, тўрт-беш соатдан сўнг уйига ўлик ҳолда қайтарилганини ёзди. Бу ҳақда муносабат билдирган вилоят прокуратураси мазкур иш юзасидан тергов-суриштирув ишлари бошлаб юборилганини маълум қилди.

Қайд этилишича, марҳум 2022 йилнинг 11 февраль куни оқшом пайтида маҳалла профилактика инспектори Сунатилла Дониёров томонидан туман ИИБга олиб кетилган ва тўрт-беш соатдан сўнг ўлик ҳолда қайтарилган.

«Дарё» мухбири билан телефонда мулоқот қилган маҳалла профилактика инспектори Сунатилла Дониёров марҳум ҳақиқатан ҳам ўша куни оқшом пайтида қишлоқдошининг шикояти сабаб ИИБ ходими томонидан олиб кетилганини тасдиқлади.

«Аммо марҳумни мен эмас, шогирдим олиб келаётганди. Мен уларга йўлда қўшилдим», — дейди маҳалла профилактика инспектори.
Маълум қилинишича, марҳум Юсуф Султоновнинг қишлоқдоши ИИБ ходимларига мурожаат қилиб, унинг тинчини бузаётганини айтган.

«Марҳум ўша куни шогирдим томонидан қоронғи тушаётган пайтда олиб келинган. Шогирдим уларни, яъни марҳум ва унинг устидан шикоят қилган қишлоқдошини шикоят қилган одамни қизининг уйи олдидан топган. Биз маҳалла фуқаролар йиғинидаги профилактика инспекторининг хонасида бир соатдан ортиқ ўтирдик, кейин вилоят Наркология диспансерига кетдик. Марҳумнинг қишлоқдоши маҳаллада қолди. Юсуф Султонов эса Қарши шаҳрига боргунча машинада ухлаб борди. Бирор жойи оғриётгани ёки мазаси бўлмаётгани ҳақида шикоят қилмаганди», — дейди «Чандир» МФЙ профилактика инспектори Сунатилла Дониёров.

Профилактика инспекторининг айтишича, улар вилоят Наркология диспансерига соат 22:30 да кириб борган.

«Вилоят наркологияда кўрикдан ўтганидан сўнг Юсуф Султоновни соҳил бўйидаги шифохонага олиб боришимиз кераклигини айтишди. Шифохонага борганимизда эса, унинг тоби йўқлигини тез ёрдамга олиб боришимиз кераклигини айтишди. Кейин уни Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Қарши филиалига олиб бордик. Раҳматли ўша ерда вафот этди», — дейди маҳалла профилактика инспектори.

«Дарё» мухбири билан суҳбатда бўлган «Чандир» МФЙ раиси Исмат Авазов марҳум Юсуф Султонов ўша куни айнан қаерга олиб борилганини аниқ билмаслигини, аммо марҳум ҳақиқатан ҳам ичкиликка ружу қўйганини билдирди.

«Дунёдан ўтган одамни ёмонлаш эмас-у, аммо марҳум кўп ичарди. Унинг дастидан оиласига тинчлик йўқ эди. Ўзининг ҳам, хотинининг ҳам паспортини ичкилик олиш учун гаровга бериб юборганди. Икки нафар боласи бор, болаларининг ҳатто гувоҳномаси ҳам йўқ. Бир ногирон акасининг паспортини ҳам шу йўқ қилганди», — дейди МФЙ раиси.

Миришкор туман ҳокимлиги ахборот хизматининг туман ИИБга таяниб ёзишича, туман ИИБга Юсуф Султоновнинг вафот ҳақида 2022 йилнинг 12 февраль куни соат 01:47 да хабар берилган.

«2022 йил 11 февраль куни соат 18:15 да 56 ёшли фуқаро К.А. профилактика инспектори, майор Сунатилла Дониёровга телефон қилиб, Юсуф Султонов маст ҳолда кўчада фуқаролар тинчини бузаётганини айтиб, чора кўришини сўраган. Лейтенант Қ.Ниёзбоев қўшни ҳудуд профилактика инспектори лейтенант И.Очиловни телефон орқали чақириб, унинг машинасида Юсуф Султоновни ‘Чандир’ МФЙ биносига олиб бориб, спиртли ичимлик истеъмол қилгани юзасидан ҳужжатлар расмийлаштирган. Юсуф Султоновни профилактика инспекторлари — лейтенант Қ.Ниёзбоев ва майор С.Дониёров вилоят наркология диспансерига олиб борган. Диспансер шифокорлари Юсуф Султоновнинг соғлиғи ёмонлигини, шифохонага олиб боришлари кераклигини билдирган. Шундан сўнг бемор 23:10 да Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Қарши филиалига олиб борилган. Шифокорлар томонидан кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан Ю.Султонов шифохонада вафот этган», — дейилади Миришкор тумани ҳокимлигининг расмий ахборотида.

Ҳокимликнинг қайд этишича, суд тиббий экспертиза хулосасида марҳум ўткир заҳарланишнинг оғир даражаси, аспирацион синдром, алкоголь комаси, 2-, 3-даражали УНЕ, 2-даражали УЮКТЕ, аганал ҳолати натижасида вафот этган. Танасида жароҳатлар йўқ.

Вилоят прокуратурасининг расмий маълумотига кўра, Юсуф Султоновнинг ўлими юзасидан Қарши шаҳар прокуратураси томонидан тергов-суриштирув жараёнлари бошлаб юборилган.

Юсуф Султонов Қашқадарёда ИИБ ходими томонидан олиб кетилиб, маълум вақтдан сўнг вафот этган ягона марҳум эмас. Вилоятнинг Чироқчи тумани Лангар қишлоғида яшаган Юсуф Абдураҳмонов ҳам 2020 йилнинг январь ойида мол ўғрилигида айбланиб, туман ИИБ биносига олиб келинган ва маълум вақтдан сўнг уйдагиларига ўлик ҳолда қайтарилган. Кейинчалик аниқланишича, марҳумнинг ўлимига ИИБ ходимлари томонидан аёвсиз калтаклангани сабаб бўлган. Шунингдек, вилоятнинг Нишон тумани «Каптарли» маҳалласида яшаган 51 ёшли Нурсоат Муҳаммадиев ҳам 2021 йилнинг 25 июль оқшомида уйидан ИИБ ходимлари томонидан соғлом ҳолда олиб кетилиб, 26 июль куни пешиндан сўнг шифохона орқали ўлик ҳолда қайтарилган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Қашқадарёда ИИБга олиб кетилган фуқаро ўлик ҳолда уйига қайтарилди