17:13 / 22.02.2022
1 386

Тошкентда 19 йил олдин содир этилган қотиллик фош этилди

Тошкентда 19 йил олдин содир этилган қотиллик фош этилди
Кадр: Telegram
Тошкентда бундан 19 йил аввал содир этилган жиноят фош этилди. Бу ҳақда «Замон» информацион дастурида маълум қилинган.

Таъкидланишича, жиноят 2003 йил 10 январда содир этилган. Учтепа туманига қарашли кўп қаватли уйларнинг бирида ёлғиз ўзи яшовчи 56 ёшли рус миллатига мансуб аёлнинг мурдаси тан жароҳатлари билан қонга беланган ва бошига целлофан пакет кийгизиб кетилган ҳолда топилган.

«Ҳодиса жойига етиб келган тезкор тергов гуруҳи аъзолари томонидан хонадон кўздан кечирилганда, хонадонга кириш эшиги калити ташқи томонда қолдирилгани, хонадонда газ иси тўпланиб қолгани ҳамда уйда мавжуд газ жўмраклари очиқ ҳолда қолдирилгани аниқланган», — дейди Тошкент шаҳар прокуратураси ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими алоҳида муҳим ишлар бўйича терговчиси Даврон Эгамбердиев.

Ўша вақтда олиб борилган тезкор суриштирув ва тергов ҳаракатлари давомида хонадон эгасининг қасддан ўлдирилгани бўйича ҳодиса жойидан спиртли ичимлик шишалари, сигарета қолдиқлари ва улардан олинган қўл-бармоқ излари ҳамда ювиниш хонасидан эркаклар узуги топилган. Аммо 19 йил давомида бу бармоқ излари кимга тегишли эканлиги номаълум бўлиб қолган.

«Иш ҳужжатларига кўра, жабрланувчи бир ўзи истиқомат қилгани ва унинг ҳузурига келиб кетувчилар ҳақида маълумот бўлмагани туфайли жиноят содир этган шахсни аниқлашнинг имкони бўлмаган. Жиноят иши Жиноят-процессуал кодекснинг 364-моддаси 1-банди 1-қисмига асосан ҳаракатдан тўхтатилган», — дейди терговчи.

2021 йилнинг 9 ноябрига келиб, ўша вақтда олинган уч бармоқ излари Тошкент шаҳар ИИББ эксперт-криминалистика маркази ходимлари томонидан айнан кимга тегишли экани аниқланган.

Аниқланишича, 1998 йилда собиқ Акмал Икромов (ҳозирги Учтепа) туманида давлат ташкилотларидан бирида масъул лавозимда ишлаган фуқаро мазкур идора биносида жойлашган бошқа ташкилот ходимаси, 1947 йилда туғилган аёл билан танишиб қолган. У пул эвазига аёлнинг уйида фоҳиша аёллар билан учрашиб юрган ва уйнинг эгаси билан ҳам жинсий алоқада бўлиб келган.

«Ўтириб озгина ичдик, у мендан қарзга 300 доллар сўради. Қизимнинг олдига Россияга кетаман, деб айтди. Беролмайман, деб айтганимдан кейин ‘шантаж’ қилишни бошлади. Мен оилангни биламан, уйингни биламан, деб бақириб кетди. Мен уни тинчлантириб, ҳозир 100 доллар топиб беришим мумкин, деб айтдим, у кўнмади. Эшикни ёпиб, ҳозир топиб берасан, деб бақиришни бошлади. Қўлимга нима илинганини билмайман, кайфим зўр эди, қолаверса, асабим бузилди, бошига қаттиқ урдим», — дейди жиноятчи.

Маълум қилинишича, ушбу зарба оқибатида аёлнинг вафот этмаганини билгач, айбланувчи целлофан пакет билан унинг бош қисмини ёпиб, қўллари билан юзи ва бошига кўплаб тан жароҳатлари етказиб, уни қасддан ўлдирган. Шундан сўнг ўзи томонидан содир этилган ўта оғир жиноятни ёпиш мақсадида хонадонда мавжуд газ жўмракларини очиқ қолдириб, воқеа жойидан яширинган.

Дастлабки тергов ҳаракатлари натижасига кўра, Тошкент шаҳар прокуратураси ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан мазкур шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) ҳамда 173-моддаси (мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) 2-қисми билан айб эълон қилиниб, жиноят-процессуал кодекси 388-моддаси тартибида судга юборилган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тошкентда 19 йил олдин содир этилган қотиллик фош этилди