10:59 / 26.02.2022
939

ДХХ Самарқандда иккита уюшган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйди

ДХХ Самарқандда иккита уюшган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйди
Фото: ДХХ
Давлат хавфсизлик хизмати Самарқанд вилояти бошқармаси ходимлари томонидан тадбиркорлик ниқоби остида фуқароларга тан жароҳати етказиш, автомобиль олиб қочиш, талончилик қилиш, пул ундириш каби жиноий хатти-ҳаракатларни содир этган иккита жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда ДХХ ахборот хизмати хабар қилди.

Маълум бўлишича, 1978 йилда туғилган Макар лақабли Ж.М. (муқаддам судланган) 1975, 1984, 1985, 1989 йилларда туғилган беш нафар фуқарони атрофига бирлаштириб, жиноий гуруҳ ташкил қилган. Улар 2021 йилнинг апрель ойида жабрланувчи бир фуқарога тан жароҳати етказиб, рақамсиз Malibu автомашинасида мажбуран Чўпонота тепалигида жойлашган ҳовлига олиб бориб, 3 кун давомида таҳқирлаб келган.

Буни мобил телефонга тасвирга олиб, ушбу ҳолатлар бўйича шикоят қилса ёки қарзларини талаб қилса, видеоларини ижтимоий тармоқларга чиқариш билан қўрқитган.

2021 йил февраль ойида жабрланувчи катта миқдордаги пулини Макардан талаб қилганда, уни «Бўзи» МФЙдаги умумий овқатланиш жойларидан бирига олиб кириб, уриб, ўлдириш билан қўрқитиб, пулларини бермаслигини айтган. Жабрланувчи эса Макарнинг гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилиши ва тарқатиши тўғрисидаги маълумотларни ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига етказишини маълум қилган.

Шунда Макар қарзларини қайтармаслик мақсадида шериклари орқали жабрланувчини алдаб чақириб, ўлдириш билан қўрқитиб, уриб, тан жароҳати етказган ва унинг иккита телефонини хотирасида гиёҳвандлик моддалари савдоси бўйича далиллар бор деган гумонда синдириб ташлаган.

Ўтказилган тезкор тадбир давомида Макарнинг жиноий шеригининг Spark машинасида 0,8 грамм опий гиёҳвандлик моддаси ва яна бир целлофан пакет бўлагида опийга ўхшаш гиёҳвандлик моддасига ўхшаш модда қолдиқлари борлиги аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.

Бундан ташқари, Макар ўзига тегишли ер майдонида таниш тадбиркорларни чақириб, ҳужжатларни сохталаштирган ҳолда, қурилиш ишларини амалга оширгани аниқланган.

Ҳолат юзасидан Макар ва унинг жиноий шерикларига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олинди. Судланувчи М.Қ. Жиноят кодексининг 105-моддаси (қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) 2-қисми «и» банди, 28,137-моддаси (одам ўғирлаш) 2-қисми «б,в» банди, 28, 138-моддаси (зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш) 2-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, Жиноят кодексининг 59-моддасига асосан суд томонидан тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Унинг 5 нафар жиноий шериги эса 5 ярим йилдан 7 йилгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

Навбатдаги уюшган жиноий гуруҳ етакчиси 1989 йилда туғилган Иси лақабли П.М. (муқаддам судланган) Самарқанд шаҳридаги бир қанча тунги клубларни бошқариб, атрофига спортнинг турли йўналишлари билан мунтазам шуғулланган 1989, 1997, 1985 ва 1983 йилларда туғилган тунги клуб ишчи ходимларини жиноий тўдага бирлаштирган. Улар турли зўравонлик, фирибгарлик ҳамда товламачилик жиноятларини содир этиб келган.

Жумладан, 2021 йилнинг 2 июнь куни жабрланувчи фуқаро ўзининг машинасида Самарқанд шаҳар Рудакий кўчасида жойлашган озиқ-овқат дўконига борган вақтда Иси маст ҳолатда унинг автомашинасини олиб қочмоқчи бўлган. Лекин мақсадига етолмаган. Шундан сўнг жабрланувчини ҳақорат қилиб, унга тан жароҳати етказган.

2021 йилнинг 6 июнь куни эса Иси ва унинг жиноий шериклари яна ўша жабрланувчини ушлаб олиб, бўйнидан бўғиб, юз ва бош қисмига тан жароҳатлари етказган.

Шунингдек, дўконга танишлари билан кириб, сотувчиларни ҳеч бир сабабсиз ҳақорат қилиб, тан жароҳати етказиш билан қўрқитиб, дўкондаги маҳсулотларни ҳар томонга улоқтириб, қимматбаҳо маҳсулотларни очиқдан очиқ олиб чиқиб кетган.

Бундан ташқари, Иси енгил табиатли қизлар орқали айрим тадбиркорларга бўҳтонлар уюштирган ва 5 минг долларгача пул беришини талаб қилиб келган. Исига тегишли бўлган тунги клубларнинг барчаси электр тармоғига ноқонуний улангани, акциз маркасиз спиртли ичимликлар ва тамаки маҳсулотлари сотиб келгани маълум бўлган.

Олиб борилган тинтув жараёнида Исига қарашли тунги клубларнинг бирида ишлайдиган ишчининг ёнидан 1000 сўмлик купюрага ўралган марихуана гиёҳвандлик воситаси аниқланиб, ҳужжатлаштирилган. Ҳолат юзасидан Иси ва унинг жиноий шерикларига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олинган.

Судланувчи П.М. Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) 2-қисми «в» банди, 166-моддаси (талончилик) 1-қисми, 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми «б» банди ва 277-моддаси (безорилик) 2-қисми «б» бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилиб, Жиноят кодексининг 59, 61-моддаларига асосан 6 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Унинг жиноий шерикларидан бир нафари 5 йил муддатга қамалди, қолган 3 нафарига нисбатан турли жазо чоралари қўлланилди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » ДХХ Самарқандда иккита уюшган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйди