19:13 / 02.03.2022
1 202

Чинозда алимент ололмаган аёл ўзи ва болаларини бензин сепиб ёқиб юбормоқчи бўлди

Чинозда алимент ололмаган аёл ўзи ва болаларини бензин сепиб ёқиб юбормоқчи бўлди
Ижтимоий тармоқларда 2 март куни Тошкент вилояти Чиноз туман прокуратураси ҳамда Мажбурий ижро бюросининг Чиноз туман бўлими ходимларига норозилигини билдириб, ўзи ва фарзандларига бензин ёқилғисини сепиб, ёқмоқчи бўлган аёл видеоси тарқалди. МИБ ахборот хизмати ҳолат юзасидан маълумот берди.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат бўйича ўрганиш ишлари олиб борилган. Аниқланишича, видеолавҳада ўзини фарзандлари олдида ёқмоқчи бўлган фуқаро Г.Х. билан боғлиқ 2 та ижро иши МИБнинг Чиноз туман бўлими иш юритувида бўлган. Жумладан, ижро иши бўйича суднинг 2021 йил 25 августдаги ижро варақасига асосан, фуқаро Г.Х. Чиноз тумани «Каттатепалик» маҳалласи Файзли кўчасидаги уйларининг бирига яшаш ва фойдаланиш ҳуқуқи билан киритиб қўйилиб, тегишли тартибда далолатнома расмийлаштирилган ва ижро ҳужжати тамомланган.

Бундан ташқари, фуқаролик ишлари бўйича Қуйичирчиқ туманлараро судининг 2019 йил 13 август кунидаги ижро варақасига асосан, қарздор С.Х.дан ундирувчи Г.Х. фойдасига алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати бўлим иш юритувига келиб тушган. Ариза келиб тушган куннинг ўзида «Суд ҳужжатлари ва бошқа орган ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонуннинг 23-моддасига асосан ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисида қарор чиқарилиб, тарафларга юборилган. Шунингдек, қарздорнинг номидаги мол-мулкларини аниқлаш мақсадида тегишли ташкилот ва органларига «МИБ Портал» электрон дастури орқали сўровномалар юборилиб, олинган жавоб хатларига асосан, қарздорга тегишли мол-мулклар мавжуд эмаслиги аниқланган.

Ижро ҳаракатлари давомида С.Х.га нисбатан Ўзбекистон Республикасидан чиқиш ҳуқуқлари вақтинча чекланган. Олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида қарздор Чиноз туманидаги «Равнақ Файз Агро» ФХда ишлаётгани аниқланиб, мазкур ижро ҳужжати ойлик иш ҳақига юборилган. С.Х.нинг ойлик ҳақидан 2021 йил 1 июль кунига қадар ундирувчининг пластик ҳисоб рақамига ўтказиб келинган.

Қарздор С.Х.дан ундирувчи Г.Х.га тилхат асосида 2021 йил июль ойидан 2022 йил 1 февраль ойига қадар 550 минг сўмдан нақд пул алимент пулларини тўлаган бўлса-да, ҳозирда қарздорлиги 7 миллион 991 минг сўмни ташкил этган. Шу боис қарздорликни тўлиқ бартараф этиш чорасини кўрмагани учун С.Х.га нисбатан тўпланган ҳужжатлар маъмурий жавобгарлик масаласи кўриб чиқиш учун Жиноят ишлари бўйича Чиноз тумани судига онлайн тарзда юборилган.

Видеодаги воқеалар 25 февраль куни соат 20:00 ларда Чиноз туман прокуратураси биносида фуқаро Г.Х. алимент тўловидан норози бўлиб келган вақтида содир бўлган. У ўзига бензин ёқилғисини сепиб ёқмоқчи бўлган вақтида туман прокуратураси ҳамда Миллий гвардия қўриқлаш хизмати ходимлари томонидан тўхтатиб қолинган.

Ҳозирда Г.Х.нинг соғлиғи яхши ва собиқ турмуш ўртоғи билан боғлиқ суд жараёнларига таклиф этилган. Шунингдек, бюронинг Чиноз туман бўлими масъул ходимлари хатти-ҳаракатлари бўйича текширув ишлари бошланган.

Чиноз, Алимент ололмаган аёл, Ўзи ва болаларини, Ёқиб юбормоқчи, Бензин сепиб, Ижро иши

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Чинозда алимент ололмаган аёл ўзи ва болаларини бензин сепиб ёқиб юбормоқчи бўлди