«Korzinka.uz» супермаркетлар тармоғи асосчиси Зафар Ҳошимов Украинадаги воқеаларнинг Ўзбекистон иқтисодиётига таъсири ҳақида гапириб берди.
Ҳозирни ўзида пайдо бўлган муаммолар
Логистика
Украина ва Болтиқбўйи давлатлари портлари Россия орқали келадиган ҳамма нарсани қамраб олади. Буларнинг барчаси учун муқобил ва эҳтимол қимматроқ йўлларни топиш керак бўлади.
Баъзи маҳсулотлар учун бундай маршрутларни топиш имконсиз. Масалан, Польшадан олма, Молдовадан картошка, Болтиқбўйи давлатларидан сут олиб келдик. Россия, Беларусь ва Украина ҳудудларидан қуруқлик орқали ташиб ўтдик. Бу товарлар учун муқобил йўналишни ўйлаб топиш иқтисодий жиҳатдан имконсиздир.
Фото: Транс инфо
Россия портлари орқали дунёнинг турли давлатларидан олиб келинган юк муаммолари юзага келади. Кўплаб денгиз линиялари (халқаро денгиз юк ташиш компанияларининг кемалари) Россия портларига юк ташишдан бош тортади. Россия савдо кемалари эса Европа, Шимолий Америка, Япония ва Жанубий Корея портларига кира олмайди.
Шу сабабли барча денгиз юклари Қора денгизга, Босфор бўғози орқали ва фақат Грузиянинг Поти порти ёки Форс кўрфазидаги Бандер Аббос порти орқали ўтказилиши мумкин.
Баъзи товарлар учун бу йўллар қимматроқ бўлади. Бошқаларини эса нарх ва вақт туфайли қабул қилиниши бутунлай имконсиз. Катта эҳтимол билан портлар ёпилиб қолади ёки гавжум бўлади.
Банк иши
Россия Федерацияси ва Беларусь Республикасида импорт учун тўлов ва бизнинг экспортимиз учун ушбу мамлакатлардан тўловлар Россия банкларига нисбатан қўлланилган санкциялар туфайли мураккаблашади.
Қайд этиш керакки, бу муаммолар жуда қисқа муддатли, чунки тўлов ҳақида гап кетганда, қабул қилувчи томон ҳар доим мослашувчанлик ва зукколикни намоён этади ва уларни қандай тўлашнинг кўплаб вариантларини тезда таклиф қилади.
Биз ёпиқ пул тизимидаги бой ҳаёт тажрибасини ҳали унутганимиз йўқ.
Етказиб берувчилар
Россия ва беларуслик етказиб берувчилар билан янада мураккаб муаммолар юзага келади ҳамда ўрта ва узоқ муддатли истиқболда булар ўз таъсирини кўрсатади.
Ҳозирда хом ашё, технологиялар, материаллар, бутловчи қисмлар бозорлардан ажралиб чиқмоқда. Маҳсулотларнинг таркибий қисмлари маҳаллийлашгунга қадар узоқ вақт талаб қилиши мумкин.
Фото: Мining
Бироқ шунда ҳам баъзиларини маҳаллийлаштириш имконсиз. Натижада Россияда ишлаб чиқарилган ҳамда биз импорт қилаётган айрим товарларнинг танқислиги ва нархи ошиши кузатилади.
Кўпгина муҳим товарлар учун Россиянинг ўзи чекловлар ёки экспорт тақиқларини жорий қилади ва афсуски, бу биринчи навбатда ижтимоий аҳамиятга эга бўлган товарлар бўлади.
Россия аллақачон бундай товарларнинг бир қаторига қатъий чекловларни жорий қилган. Эндиликда ижтимоий аҳамиятга эга бўлган товарларни ишлаб чиқарувчилар учун ички бозорда сотишдан кўра ўз маҳсулотларини экспорт қилиш фойдалироқдир.
Фото: Moneycоntrol
Экспортнинг тез ўсиши эса Россия ҳукумати томонидан ички бозорни таъминлаш мақсадида экспортни тақиқлаш ёки чеклаш шаклидаги реакцияга сабаб бўлиши мумкин.
Украинага юбориладиган ва Украинадан келтириладиган барча юклар, албатта, тўхтатилади. Бу маҳсулотлар ва бозорлар энди муқобил топишлари керак бўлади.
Хизматлар
IТ, технология, дизайн, маркетинг хизматлари, маълумотларни сақлаш ва узатиш хизматлари, Украина компаниялари томонидан кўрсатиладиган техник ёрдам ҳам вақтинчалик тўхтатилган.
Бу ҳам ёмон, чунки бундай юқори даражада ва арзон нархда ушбу хизматларни украиналиклардан бошқа ҳеч ким тақдим қилмайди.
Фото: The Borgen
Бироқ баъзи Украина компаниялари, ҳарбий ҳаракатларга қарамай, ўз хизматларини онлайн амалга оширишда давом этмоқдалар.
Бу аллақачон пайдо бўлган тўғридан-тўғри ва осон башорат қилинадиган муаммоларнинг биринчи гуруҳи эди.
Яқинда пайдо бўладиган катта муаммолар
Рублнинг қадрсизланиши
Бу мигрантларимизнинг даромадига таъсир қилади. Россиядан нақд пул ўтказмалари қийинлашади. Россияда резидентлар ва норезидентлар учун валюта экспортига чекловлар аллақачон ўрнатилган.
Вазият кескинлашишда давом этса, чекловлар кучайтирилиши ва рубль янада тушиши мумкин. Даромадлари рублда бўлган мигрантларимиз учун бу тўғридан-тўғри пулни йўқотишдир.
Фото: Forbes
Мен ушбу мақолани ёзаётганимда, Россия банклари жисмоний шахслар томонидан валютани сотиш 30 фоиз комиссия билан амалга оширилиши эълон қилинди.
Кейинчалик бу комиссия 12 фоизга камайди. Бу қадамларнинг барчаси меҳнат муҳожирларининг мамлакатга пул ўтказмаларига сезиларли таъсир кўрсатади.
Россия иқтисодиёти чуқур санкциялар остида қолади
Бу аҳолининг иш ўринлари ва даромадлари, жумладан, биринчи навбатда меҳнат мигрантларининг ҳам қисқаришини англатади. Мигрантларнинг пуллари тўғридан-тўғри аҳолига тушади ва кундалик истеъмолнинг асосий қисмини ташкил қилади.
Яъни санкциялар аксарият россиялик истеъмолчиларнинг даромадлари ва харид қобилиятига таъсир қилади.
Рублнинг қадрсизланиши ўзбек сўмининг курсига чекланган бўлса-да, босимни келтириб чиқаради.
Бу босим ўзбек сўми 5-6 йил олдингига қараганда яхшироқ диверсификацияланганлиги ва ноаниқ ўзгарувчанлик даврида олтин нархининг асосий омиллардан бири бўлганлиги билан чекланади.
Жаҳон бозорида мамлакатга валюта тушиши манбалари ортиб бормоқда. Бу валюта тушумларининг қисқаришини қисман қоплайди ва маълум даражада барқарорлаштирувчи омил бўлади.
Экспорт тушумлари талабнинг қисқариши ва Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорларининг тўлов қобилиятининг пасайиши ҳисобига камаяди.
Фото: Anadolu
Буларнинг барчаси ўрта муддатли истиқболда инфляцияга таъсир қилади. Бундан ташқари, инфляция ички бозордаги нархлар динамикаси сабабли эмас, балки жаҳон нархлари туфайли содир бўлади.
Ўтган йилнинг ўзидаёқ юқори эмиссия, ишбилармонлик фаоллиги ва пандемиядан кейин товарларга талабнинг кескин ўсиши туфайли доллар инфляцияси 6 фоиздан ортиқни ташкил қилди.
Сўм курсини барқарор ушлаб туриш қийин ва зарарли бўлади. Чунки курсни ушлаб туриш орқали биз ўзимиз билмаган ҳолда анъанавий бозорларимизга экспорт ҳажмини янада камайтирамиз.
Россиянинг кўпгина банклари ва корхоналари Ўзбекистон молиялаштириш ва инвестиция фаолиятини амалга оширди.
Улар яқин йилларда ликвидликка эга бўлмайди ва бу ҳам мамлакат иқтисодиётидаги ликвидликка босим ўтказади, деб айтиш мумкин. Шунингдек, истеъмол кредитлари ҳажми ва қиймати яхшиланмайди.
Янги имкониятлар
Шу билан бир қаторда янги ва кутилмаган имкониятлар очилаётган соҳалар ҳам борлигини таъкидлаш керак.
1. Россия ва Беларусдан мутахассислар ва тадбиркорларни кўчириш. Ушбу мамлакатларнинг кўплаб вакиллари ўз ватанидан ташқарида янги имкониятларни қидирмоқда.
Булар IT-мутахассислари, дастурчилар, ижодий сектор, маслаҳатчилар, технологлар, аудиторлар, маркетинг, дистрибюторлик, кўнгилочар бизнес ва чакана савдо бўйича мутахассислар.
Бу бизнинг меҳнат бозоримиз учун жуда яхши имконият: айнан мана шундай мутахассисларда бизда жуда катта танқислик бор.
2. Туризм. Ҳозир кўплаб давлатлар Россия ҳамда Беларусь учун ёпиқ ва бизнинг мамлакатимизга сайёҳлик ҳажми ўсишига ишончим комил.
Кеча бир россиялик Тошкентга «Бетмэн» ҳақидаги янги фильмнинг премьерасини томоша қилиш учун келган эди.
3. Авиация ривожланиши учун ажойиб имкониятлар очилмоқда. Деярли барча Россия авиакомпаниялари фаолияти чекланган бир вазиятда, кўплаб чегарадош давлатлар улар учун осмонларини ёпмоқда.
Фото: Uzbekistan Airways
Россия устидан ҳам уча оладиган бизнинг авиациямиз учун қанча имкониятлар очилишини тасаввур қилинг.
Нима қилиш керак?
1. Барча озиқ-овқат ва истеъмол товарларига импорт божлари ва акцизлари бекор қилиниши зарур.
2. Бозорларни ва маҳсулот турларини, ҳам экспорт, ҳам импортни диверсификация қилиш лозим.
3. ЖСТга киришни имкон қадар тезлаштириш ва барча давлатлар билан эркин савдо шартномаларини тузиш зарур.
4. Халқаро ҳуқуқ ва давлатлараро шартномаларга мувофиқ барча транзит мамлакатлар, жумладан, биринчи навбатда Россия ҳудуди орқали юкларнинг тўсиқсиз ўтишини таъминлаган ҳолда мамлакатимизга олиб борувчи логистика йўналишларини диверсификация қилиш керак.
5. Имконият даражасида меҳнат муҳожирларимиз учун меҳнат бозорларини диверсификация қилиш керак.
6. Россия ва Белaрусда бизнинг меҳнат бозоримиз маркетингини фаоллаштириш зарур.
7. Мутахассисларни бошқа жойга кўчиришни имкон қадар соддалаштириш керак. Махсус соддалаштирилган виза режимларини, рўйхатга олишнинг соддалаштирилган тизимини, яшаш ва ишлаш учун рухсатномаларни беришни жорий қилиш ва буни барча мутахассисликлар бўйича амалга ошириш зарур.
8. Фуқаро авиациясида рейслар ва маршрутлар сонини ҳаво транспорти бозорини либераллаштириш ҳисобига кўпайтириш керак. Бизнинг авиакомпанияларимиз муваффақиятга эришиш учун ноёб имкониятга эга.
Россия-Украина уруши, Ўзбекистонга таъсири, Зафар Ҳошимов, Нималар деди Россия ва Украина уруши “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Ўмон султонлиги элчиси: «Урушларни ҳарбий куч билан ҳал қилиб бўлмайди»
Шавкат Мирзиёев Россия бош прокурори билан учрашув ўтказди
Зеленский Путин борасида баёнот берди: “Тинчликни истаганлар юзига тупурмоқда”
Бефойда ва қиммат: шифокорлар тавсия этмайдиган 5 турдаги биологик фаол қўшимчалар
Диний қўмита Умра зиёратини ташкил қилиш учун 12 та турфирмага лицензия берди
Путин Украинадаги объектга баллистик ракета зарбаси берилганини эълон қилди