00:29 / 16.03.2022
1 488

Қашқадарё телевидениеси раҳбари цензурасига изоҳ берди

Қашқадарё телевидениеси раҳбари цензурасига изоҳ берди
Фото: «Дарё»
Қашқадарё телевидениеси раҳбари Жаҳонгир Тўйчиев журналист Инобат Абдуллаева томонидан тайёрланган лавҳа нега эфирга берилмаганига изоҳ берди.

«2022 йилнинг 18 февраль куни мухбир ҳамда тасвирчи президентнинг 2020 йил 6 ноябрдаги ‘Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида’ги фармони ижроси бўйича ‘Қашқадарё соҳили’ санаторийсида дам олаётган халқ таълими бўлими мудирлари, методистлари ҳамда умумтаълим мактаби директорларининг бепул дам олаётгани ҳақида лавҳа тайёрлаб келиш учун санаторийга юборилган. Улар тайёрлаб келган лавҳа бир томонлама, нохолис тайёрлагани учун эфирга берилмаган», — деди Жаҳонгир Тўйчиев.

Телевидение раҳбарининг айтишича, санаторийда тасвирга олинган материаллар синчиклаб кўриб чиқилганда Инобат Абдуллаева мавзуга бир томонлама ёндашганлиги ўз тасдиғини топган.

«У ўзига берилган топшириқ ижроси бир четда қолиб, мавзуни ёритишни бошқа томонга йўналтирган, яратилган шароитлар ҳақида санаторийда дам олаётган кўпчиликнинг фикрини ўрганмаган. Лавҳада мавзу юзасидан Нишон туманидаги 31-умумтаълим мактаби директори Абдулла Қаҳҳоровдан олинган интервьюдан умуман фойдаланилмаган. Бундан кўринадики, лавҳа юзаки, барча томонларнинг фикри инобатга олинмаган ҳолда, мухбирнинг шахсий ҳиссиётлари асосида тайёрланган. Мухбир, аввало, профессионал журналист сифатида дастлаб президент фармони ижроси юзасидан дам олувчиларнинг фикрларини олиб, сўнгра санаторийдаги камчиликларни холис ёритганида мантиқан тўғри бўларди ва бу лавҳа эфирга узатиларди», — дейди Жаҳонгир Тўйчиев.

Тўйчиевга кўра, Инобат Абдуллаева ўзининг нохолис, бирёқлама тайёрлаган лавҳаси эфирга берилмагач, вилоят телерадиокомпанияси мулки ҳисобланган тасвирларни ноқонуний тарзда ўз телефонига кўчириб олиб, уни монтаж қилиб, Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифасига пост сифатида жойлаштирган.

Жаҳонгир Тўйчиев Қашқадарё телеканалида танқидий, таҳлилий, муаммоли ҳолатлар акс этган лавҳалар мунтазам эфирга узатилаётганини билдириб, 2021 йилда фуқаролар мурожаатлари асосида 100 дан зиёд лавҳа эфирга берилганини айтмоқда.

«Шунингдек, мухбирларнинг ташаббуслари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорликда ҳам ўнлаб танқидий-таҳлилий лавҳалар тайёрланиб, эфирда намойиш қилинган», — дейди вилоят телевидение директори.

«Дарё» мухбири билан суҳбатлашган журналист Инобат Абдуллаева кимнингдир пиарига хизмат қилувчи лавҳа тайёрламаслигини айтиб, «Мен айтилган жойга бориб, ҳолатни ўргандим. Ва журналист сифатида ахборот олдим. Олган ахборотларимиз ва тасвирларимиз йилига минглаб дам олувчилар ҳордиқ чиқариб, даволаниши мумкин бўлган Қашқадарё соҳили санаторийсининг аянчли аҳволидан дарак берарди. Шу боис дам олувчилар айтган муаммоли ҳолатларни ҳам тасвирга олиб, борини борича ўрганиб қайтдик. Кўрсатувни монтаж қилиб, эфирга тайёр ҳолатга келтирдик ва масъулларга бердик. Аммо кўрсатув эфирга кетмади. Сабабини сўрасам, бош муҳаррир директор рухсат бермаганини айтди. Директорнинг ўзи Жаҳонгир ака билан гаплашганимда эса у мен сизни танқидий кўрсатув учун эмас, мақташ учун юборгандим, деди. Шундан сўнг бу ҳақда Facebook’даги саҳифамда ёздим», деганди.

Журналист, шунингдек, вилоят телевидениеда таниш-билишчилик, уруғ-аймоқчилик ҳам илдиз отиб кетганини айтиб, «Вилоят телевидениесида ҳамманинг ўз гуруҳи, содда қилиб айтадиган бўлсак ўз ‘мафия’си бор. Директор, директор ўринбосари, бош муҳаррир-у, бош ҳисобчининг ҳам ўз одамлари бор. Сиз шу гуруҳларнинг бирида бўлмасангиз, сизга на ‘съёмка’ беришади ва на тайинли гонорар», — деганди.

Жаҳонгир Тўйчиев ўз муносабатида журналистнинг бу иддаоларига жавоб бермаган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Қашқадарё телевидениеси раҳбари цензурасига изоҳ берди