16:24 / 18.03.2022
1 169

«Шифокорнинг фарзанди эканлигимдан ғурурланаман» — Шавкат Мирзиёев

«Шифокорнинг фарзанди эканлигимдан ғурурланаман» — Шавкат Мирзиёев
Тошкентдаги «Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройида Шавкат Мирзиёевнинг соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан «Ўзбекистон тиббиёти — инсон қадри учун» мавзусидаги очиқ мулоқоти бўлиб ўтмоқда, деб хабар бермоқда «Дарё» нашри.

Шавкат Мирзиёев бугунги очиқ мулоқотга тайёргарлик жараёнида келиб тушган муаммоларнинг ечимлари ва бугунги таклифлар бўйича қисқа муддатда қарорлар қабул қилинишини таъкидлаган.

«Уларда барча таклиф ва ташаббуслар, шунингдек, бугун билдириладиган фикр-мулоҳазалар ҳам ўз аксини топади. Бу мақсадлар учун 2022 йилда бюджетдан соҳага ажратилган 24 триллион сўмга қўшимча 3,2 триллион сўм бериш бўйича ҳисоб-китоблар қилинган. Барчангиз тушунасиз, ҳозир дунёда содир бўлаётган мураккаб вазиятда, соғлиқни сақлаш тизими учун бундай катта маблағларни излаб топиш, албатта, осон бўлаётгани йўқ. Биз халқимиз саломатлиги учун ҳар қанча маблағ ва куч-имконият сарфлашга тайёрмиз. Шахсан мен учун халқимиз саломатлиги ҳамма нарсадан устун ва қадрли», — дейди Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев «беморларни фақат дори билан эмас, балки меҳр билан, ақл билан даволаш ҳам муҳим аҳамиятга эга эканлигини» қайд этган.

«Минг афсуски, соғлиқни сақлаш муассасаларида айрим шифокорларнинг аҳоли билан қўпол муомалада бўлиши, одамларни менсимаслик, ўз вазифасини суиистеъмол қилиши каби салбий ҳолатлар ҳамон учраб турибди. Бундай вазиятни ўзгартириш учун, аввало, тиббиёт ходимларининг маънавий дунёсини, беморлар билан мулоқот маданиятини юксалтириш зарур. Ўйлайманки, бу сўзлар авваламбор сизларга – тиббиёт аҳлига қарата айтилган. Шахсан мен, президент сифатида, сизларнинг машаққатли меҳнатингизни юксак қадрлайман. Қолаверса, шифокорнинг фарзанди бўлганимдан ғурурланаман», — дейди президент.

Шавкат Мирзиёев «барча тиббиёт ходимлари жамиятимизнинг энг маданиятли қатлами, зиёлиларимизнинг энг пешқадам вакиллари бўлишларини орзу қилишини» таъкидлаган.

«Сизларни театр ва музейларда, концерт заллари ва кутубхоналарда янада кўпроқ кўришни истайман. Шу мақсадда, республикамиз тиббиёт ходимларини давлат ҳисобидан театр ва концертларга бепул олиб бориш тизими ташкил этилади», — дейди Шавкат Мирзиёев.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Шифокорнинг фарзанди эканлигимдан ғурурланаман» — Шавкат Мирзиёев