date
views 1 233

Хоразмда Ўзбекистон — Ҳиндистон қўшма ҳарбий машғулотлари ўтказилади

Хоразмда Ўзбекистон — Ҳиндистон қўшма ҳарбий машғулотлари ўтказилади
Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида имзоланган 2021-2022 йилга мўлжалланган икки томонлама ҳарбий ҳамкорлик режасига мувофиқ ҳиндистонлик бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар кеча, 22 март куни «Дўстлик-2022» ўзбек-ҳинд ўқувида иштирок этиш учун Тошкентга келган эди. Бугун улар Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги транспорт авиацияси томонидан йўлга қўйилган махсус рейс орқали Урганчга етиб келишди.

Меҳмонлар Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги ҳамда Хоразм вилояти ҳокимлиги томонидан Урганч халқаро аэропортидан ўзбекона урф-одат ва анъаналарга мос тарзда кутиб олинди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон–Ҳиндистон ҳарбий хизматчилари иштирокидаги дастлабки «Дўстлик–2019» ҳамкорликдаги ўқувлари 2019 йилнинг ноябрь ойида Тошкент ҳарбий округининг «Чирчиқ» умумқўшин полигонида бўлиб ўтган эди. Иккинчи бор ушбу мамлакатлар ҳарбий хизматчилари бир йилдан сўнг, 2021 йилнинг март ойида Ҳиндистоннинг Утаранчал штати, Раникхет провинцияси ҳудудида жойлашган «Чаубатия» ўқув марказида биргаликда ўқув-жанговар вазифаларни бажаришган.

Шунингдек, 2021 йилнинг декабрь ойида ҳамкорликдаги учинчи ўқувларни мувофиқлаштириш мақсадида Ҳиндистон ҳарбий делегацияси Хоразм вилоятида жойлашган Шимоли-ғарбий ҳарбий округининг «Янгиариқ» умумқўшин полигонига ташриф буюрган эди.

Таъкидлаш лозимки, сўнгги йилларда Ўзбекистон кўплаб етакчи хорижий мамлакатларнинг армиялари билан мудофаа соҳасида мустаҳкам ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиб, ҳарбий ва ҳарбий-техник масалаларда режалаштирилган тадбирларни самарали давом эттирмоқда.

Мамлакатимизга ҳамкорликдаги ўзбек-ҳинд ўқувида иштирок этиш ва ҳарбий соҳада ўзаро тажриба алмашиш мақсадида келган меҳмонлар барча шароитлар муҳайё этилган «Янгиариқ» умумқўшин полигонига жойлаштирилди.

Ўқувлар давомида икки давлат вакиллари ўқув-жанговар машғулотларидан ташқари маданий-ҳордиқ, ошпазлик маҳорати намойиши ҳамда бир қатор бошқа тадбирларда иштирок этиши белгиланган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Хоразмда Ўзбекистон — Ҳиндистон қўшма ҳарбий машғулотлари ўтказилади