Дарё тошиб, қирғоқдаги қишлоқларни сув босади. Асов оқим бир аёлни ҳам ёш гўдаги билан оқизиб кета бошлайди. Жувон сувда доҳийнинг портретини кўриб қолиб, боласини ташлайди ва доҳийнинг расмини бағрига босганча амаллаб қирғоққа олиб чиқади...
Ҳатто бирламчи озиқ-овқат маҳсулотини дўконда навбатда туриб харид қилаётганлар «Биз бахтлимиз!» дея қўшиқ айтди...
Бизга уялиб, қўрқиб ёхуд аяб айтилмаган гаплар барибир ортимиздан баралла сўзланади – аммо изоҳ-тушунтириш бермоқ имконимиз бўлмайди у маҳал...
Маҳаллангиздаги ҳолатни танқид қилсангиз, «Лўлидан ботир чиқса, ўз капасига ўт қўяди», деб ёзғиришади...
Шунинг учун улар халққа эмас, мансабдорларга ёқадиган қарорлар қабул қилиш, йиқиладиган ерига сомон тўшаб қўйишни маъқул кўради...
Тўғри, бу ҳол ҳеч биримизга ёқмайди, лекин начора, ойни этак билан ёпиб бўлмайди...
Бу – тиз чўкиб қилинадиган қароқчилик, итоат ниқобидаги ҳужумдир...
Германияга борганимизда прокуратура, суд, парламентда учрашувлар ўтказдик. Ўзбекчилик – чопон, дўппи, пичоқ каби совғалар олиб борганмиз. Қайси идорага кириб раҳбариятига ҳадя топширсак, негадир совғани рад этади...
Таниқли журналист Карим Баҳриев долзарб саволларга жавоб беради.
– Карим ака, путурдан кетган иморатнинг пештоқини бўяш билан демократик жамият қуриб бўлмаслиги кундек равшан. Бу борада баҳс кетганда, бир тоифа замондошларимиз халқимиз ҳали демократияга тайёр эмас, бинобарин, эркинликларни босқичма-босқич бериш керак, деган нуқтаи назарни оёқ тираб ҳимоя қилади. Бошқа бир гуруҳ эса, демократия – Ғарб тафаккури маҳсули, бировнинг эски ковушини судрамоқ чикора, дея эътироз билдиради. Сиз демократия мавзусида ўнлаб мақолаю рисолалар ёзгансиз, таъбир жоиз бўлса, сочингиз ана шу қадрият ҳимояси йўлида оқарди. Халқимиз чиндан ҳам эркинликларни оқилона тасарруф этишга тайёр эмасми? Инглиз адиби Жорж Оруэллнинг ўзингиз ўзбек тилига ўгирган ва қўлма-қўл ўқилаётган «1984» романида «Инсоният «Эркинлик керакми ёки бахт?» тарзидаги танловга рўбарў келади. Аксар кўпчилик эркинликдан кўра бахтли бўлмоқни афзал кўради» деган фикр бор. Бу ёруғ оламда одамзод эркинликсиз ҳам саодатманд ҳаёт кечириши мумкинми?
– «Путурдан кетган иморатнинг пештоқини бўяш билан демократик жамият қуриб бўлмаслиги» айни ҳақиқатдир – буни дунё тарихи, жумладан, ўз яқин кечмишимиз ҳам исботлади. Конституциясида демократик ҳуқуқий давлат деб эълон қилинган бир юртда сўз эркинлигининг чекланиши, айбсиз инсонларнинг қамалиши, маҳбусларга ғайриинсоний муносабатлар, халқ насибаси бўлган бюджетнинг талон-торож қилиниши кузатилди. Агар демократия пойдор бўлганида, биз бу фожиаларни кўрмас эдик.
Халқимиз ҳали демократияга тайёр эмас, деган қараш номақбулдир. «Келажагимиз – ҳуқуқий демократик давлат», «Буюк келажакка босқичма-босқич борамиз» қабилидаги гаплар пуч эканини кўрмадикми?! Мустақилликнинг илк йилларида эришилган эркинликларни «босқичма-босқич» йўқотмадикми?!
Демократия ва инсон ҳуқуқлари – бирбутун универсал тизимдир: унинг унсурларини олдинма-кейин жорий этиб бўлмайди; бу чала ҳомиладорликдек гап. Масалан, сўз эркинлигини муайян мавзуларга татбиқ қилиб, бошқасини тилга олдирмаслик ўша дахлсиз соҳанинг барбод бўлишига олиб келади. Ёки иқтисодиёт ислоҳот этилса-ю, сиёсатда ўзгаришларга йўл берилмаса, алалоқибат иқтисодиёт ҳам инқирозга юз тутади. Негаки, ҳаққоний сиёсий рақобат ва кучли фуқаролик жамияти бўлмаган, сўз эркинлиги жиловланган муҳитда коррупция ва таниш-билишчилик, қавму қариндошчилик илдиз отади.
Хўш, нега демократияга тадрижий йўл билан ўта олмадик? Аксинча, йилдан-йилга инсон ҳуқуқлари доираси торайди, халқ забун ҳолга тушди. Сабаб шулки, сиёсий рақобатнинг йўқлиги иқтисодиётда суиистеъмолчиликлар, халқ мулкининг бир тоифа шахслар томонидан тасарруф этилиши, ерости ҳамда ерусти бойликлари таланишига олиб келди; бунга қарши чиққан мухолиф ва ҳақгўйлар таъқибга учради. Агар сўз эркинлиги берилиб, сиёсий рақобатга йўл очилганида, жамоатчилик буларнинг бари хусусида ҳисоб талаб этарди. Балки шу важдандир, собиқ давлат раҳбари демократияга рўйхушлик бермади, пировардида эса ўз хатоларининг асирига айланди.
Хайриятки, ҳокимият ўзгариб, барча соҳаларда ислоҳотлар эълон қилинди. Ўтмиш хатолари тан олинди, инчунин, кечмиш давр «қўрқув салтанати» бўлгани эътироф этилди.
Демократия – Ғарб тафаккури маҳсули, деган фикр худди Мағриб ва Машриқни айро тасаввур этиш каби нисбийдир. Ер юмалоқ бўлгани боис унинг ҳар нуқтаси марказдир – агар шарқдан ғарбга қараб юраверсангиз, яна ҳаракат бошлаган жойингизга қайтиб келасиз. XX асрда аксар демократик давлатлар Ғарб деб аталмиш ҳудудларда бўлгани боис шундай қараш ёйилди. Демократия сўзи ҳам, ўзи ҳам қадимги юнонлардан келади. Ҳокимият тақсимланиши тамойили эса Ғаззолийнинг «Кимёи саодат»и ва «Иҳёу улумиддин»идаёқ маълум маънода акс этган.
«Демократия – Ғарбники» деган фикр эскирди. Жаҳоннинг кучли демократик давлатлари бугун Шарқда. Табиий бойликлари бўлмаса-да, Япония, Жанубий Корея, Малайзия – энг фаровон юртлардир. Иқтисодий равнақи сабаб улар «Осиё йўлбарслари» деган ном олди.
Демократиянинг негизини адолат ташкил қилади. Энг йирик демократик давлатнинг валютасига «Адолат бу – Худодир» деб ёзиб қўйилган. Амир Темурнинг қиличида ҳам «Адолат бу – кучдир, қудратдир» деган ҳикмат дарж этилгани маълум.
Сиёсий моҳиятига кўра, демократия – халқнинг эркин сайлов ва вакиллар орқали давлат бошқарувидаги иштироки; ҳокимият тармоқларининг мустақиллиги ва фақат қонунга итоат қилишидир. Ҳуқуқ ва бурч нуқтаи назаридан эса фуқароларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаши, ўз ҳаёти учун масъулиятни зиммасига олиши демак. Хўш, халқ бундай ҳақ-ҳуқуқларни рад этадими? Уни тинимсиз эзғилаб, мол-мулкини талашлари, тақдируламал масалаларни унинг иштирокисиз ҳал этишларини истайдими?! Йўқ, албатта!
Назаримда, «демократияга тайёр эмасмиз» деган даъво халқ моли ва меҳнатини бебилиска истифода этишни кўзлаганларнинг баҳонасидир. Ҳаётий мисол келтирсам: машина ҳайдашни ўрганиш учун уловга ўтириш, чамбаракни тутиб, йўл юриб кўриш керак бўлади. Халқ ҳам демократияга ўрганиши учун ўша муҳитда яшай бошламоғи даркор. Дейлик, ҳокимларни сайлаш йўлга қўйилса, даставвал айрим номзодларни танлашда хатолар бўлар, лекин халқ албатта буни ҳам ўрганади. «Ҳали тайёр эмасмиз» десак, ҳозирлик жараёни худди «буюк келажак»ни кутганимиз каби авлодлар умри қадар чўзилаверади.
Демократия адолат тамали ўлароқ чинакам фаровонликка хизмат қилади. Эътибор беринг, моддий захиралари бўлмаса-да, демократик давлатлар бой ва фаровон; ерости-ерусти бойликлари мўл, раияти меҳнаткаш ўлкалар эса тоталитар ва авторитар тузум туфайли қашшоқ ва ҳуқуқсиздир.
Машҳур «1984» романида баҳс этилган эркинлик ва бахт танлови хусусидаги фикрни ёдга олдингиз. Бу – барчани тенг, бахт-саодатли этмоқни эълон қилган социалистик тузум охир-оқибатда диктатурага айлангани ҳақидаги романдир. Шўро ҳукумати баландпарвоз шиорларни ниқоб этиб миллионлаб инсонлар ёстиғини қуритди. Бирламчи озиқ-овқат маҳсулотини ҳам дўконда навбатда туриб харид қилаётган тобеинларига «Биз бахтлимиз!» деган қўшиқни айттирди. Беҳбудий, Чўлпон, Фитрат, Қодирийни қатл этиб, буюкларимизни сургун ва қамоққа ҳукм қиларак, омон қолган қаламкашларни «адабиётнинг гулисиз» деб авради. Уларни «Кўп ажойиб юртимиз бор: ярми – жаннат, ярми – боғ», «Ассалом, рус халқи – буюк оғамиз» дея мадҳия ўқимоққа мажбурлади...
Одамзод эркинликсиз саодатманд ҳаёт кечириши мумкин эмас. Бу – ҳайвоний, нафсоний саодатдир, асло инсоний эмас!
– Кейинги йилларда мамлакатимизда рўй берган эътиборга молик ҳодисалардан бири фикр айтиш эркинлигининг кўз очгани бўлди. Узоқ вақт қоронғи ертўлада ўтирган одам қуёшга бирдан тик қарай олмаслиги аён. Чорак аср мобайнида сукут сақламоққа одатланган жамият аҳли ҳам тутилиб-дудуқланиб бўлса-да, ўз фикрини айта бошлади. Сўз ва матбуот эркинлиги жабҳасидаги умидбахш ўзгаришларни халқаро ташкилотлар ҳам эътироф этаётир. Айни чоқда, сергак-ҳушёр торттирмоғи лозим бўлган хавфни ҳам айтмасак бўлмайди. Бир муддат пана-пастқамда биқиниб турган маддоҳлик, қуллуқбозлик каби иллатлар сўнгги вақтларда яна бош кўтариб қолди. «Танқид ва ошкоралик тўхтаган жойда ҳамду сано, маддоҳлик ва пинҳоналик бошланади» деган эди Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддинов. Дарҳақиқат, маддоҳлик илдиз отган юртга душман қўшин тортиши ҳам шарт эмас, ёлғону ўтрикнинг ўзи ўлкани ғорат қилади. Биров хушомадгўйларнинг бошидан тупроқ сочишни, бошқа биров маддоҳликни қонун йўли билан тақиқлашни таклиф этаётир. Сизнингча, бу иллатга қай йўл билан барҳам берса бўлади?
– Ёлғон, аввало, катта гуноҳ; рост эса савобдир. Яратган «Имонли бўлингиз ва рост сўзлангиз» дея амр этади (Қуръони каримнинг «Азҳоб» сураси). Демак, рост сўзламоқ – имоннинг асосий шартларидан бири. Имом Молик ривоят қилган ҳадиси шарифга кўра, бир куни саҳобалар «Эй Оллоҳнинг Расули, мўмин қўрқоқ бўлиши мумкинми?» деб сўрашди. «Ҳа, бўлиши мумкин», дедилар у зот. «Эй Оллоҳнинг Расули, мўмин бахил бўлиши мумкинми?» дея савол берилди. Пайғамбаримиз (с.а.в.) яна тасдиқладилар. «Мўмин ёлғончи бўлиши мумкинми?» деб сўралганда эса, «Йўқ!» дея қатъий жавоб бердилар.
Сўз эркинлиги инсоннинг асосий ҳақ-эркинликларидан саналади. У давлатлар ва халқлар тақдирида ҳал қилувчи кучга эга. Шўро салтанати ҳам сўз эркинлиги ва ошкоралик зарбидан қулади. Имкон берилиши биланоқ мазлумлар юрти, миллати, динию тилига соҳиб чиқиб, қафасда яшашни истамаслигини баралла айтди. Улкан шўро ўрдуси, қатағон тизими, ташвиқот машиналари ҳали ҳаракатда эди, аммо қайта уйғонган ўзликка дош беролмади.
Сўз эркинлиги – золим тузумнинг душманидир, у адолатсиз тартиботни қулатади. Сўз эркинлиги – одил давлатнинг дўстидир. Адолатли тузумлар сўз эркинлигидан қўрқмайди, рост сўзлаганларни қатағон қилмоққа зарурат ҳам бўлмайди. Адолатсизлик кучайгани сари сўз эркинлиги сарҳади торая боради, ёлғону маддоҳлик авжига чиқади. Лаганбардорлик – тиз чўкиб қилинадиган қароқчилик, дейдилар. Чунки мақтаётган шахс мақталаётган одамдан бойлик, мансаб ёхуд унвон тама қилади. Сираси, маддоҳлик – итоат ниқобидаги ҳужумдир. Мақталаётган инсоннинг ўзи ҳам ўтрикларга маҳлиё бўла бошлаши эса чин фожиа...
Инсон рост сўзни айтмоғи керак. Биз мияси ва забони бор хилқат, тили ва маданияти бор миллат вакили сифатида миллион йиллардан бери мавжуд бўлган ва яна эҳтимол миллион йиллар давом этадиган бу дунё ҳаётида олдингилар кўрмаган, кейингилар ҳам кўрмайдиган бир даврнинг шоҳиди эканимизни теран мушоҳада этмоғимиз даркор. Нодираи давроннинг «Мақсад на эди жаҳона келдинг? / Кайфиятини баён этиб кет» деган даъватини эсланг.
Имом Ғаззолий эса «Кимёи саодат»да масалани янада кескин қўяди: «Хулласи калом буки, ҳеч нимарса ўзингга ўзингдин ёвуқроқ эрмастур. Вақтики ўзингни танимасанг, ўзгани нечук таниғайсан? Ҳамоно айтурсанки, ўзимни танурмен. Ғалат қилурсанки, бу навъ танимоғлиқ Ҳақ cубҳонаҳу ва таолони танимоқға сабаб бўлмаски, чаҳорполар ҳам ўзларини бу навъ танурлар. Эй инсон! Зоҳирингни танимоқда бош, юз, қўл, фут ва гўштдин ўзгани танимассен. Ботининг аҳволидин мунчалик билурсенким, вақтики оч бўлсанг, нон ерсен. Ва ташна бўлсанг, сув ичарсен. Вақтики, ғазабинг келса, бир кишига иззо берурсен. Ва шаҳват ғолиб келса, хотун олурсен. Ва ҳама чаҳорпо ва ҳайвонлар бу ишларда сенинг бирла баробардурлар. Бас, сенга лозимдурки, ҳақиқатингни талаб қилғайсен,ўз аслинг не нимарсадур ва не ердан келибсен ва не ерга боргунгдур? Бу олам манзилгоҳига нима ишга келибсен ва сени нима учун офарида қилибдур? Cаодатинг не ишдадур?»
Назаримда, ўзлигимизга доир шу каби саволларни жавобсиз қолдириб кетмоқ нораво. Инсон ўзини мудом ҳали-вери ўлмайдигандай тутади. Бир донишманд аёл «Умримнинг тўртдан уч қисмини «Ҳали ҳаммаси олдинда! Ҳали ҳаммаси яхши бўлиб кетади» деб ўтказиб юборибман» деган эди надомат ила. Шоир Булат Окужава эса «Мана, кун ҳам ўтди... Ўтар умр ҳам. Тупроққа тушармиз баргихазондай...» деб ёзади. Айрим нарсаларни ҳозир мавриди эмас деб, айтмай юрамиз. Холиқи олам умр чироғимизни шамни шамол ўчиргандек ногоҳ сўндирса-чи?..
Бизга уялиб, қўрқиб ёхуд аяб айтилмаган гаплар барибир ортимиздан баралла сўзланади – аммо изоҳ-тушунтириш бермоқ имконимиз бўлмайди у маҳал. Шунинг учун рост сўзимизни бугун айтиб кетганимиз маъқулдир.
Танганинг иккинчи томони ҳам бор – айтилган сўз муносиб қабул қилинмоғи муҳим. Маҳаллангиздаги ҳолатни танқид қилсангиз, «Лўлидан ботир чиқса, ўз капасига ўт қўяди», деб ёзғиришади. Мамлакатдаги камчиликларни ёзсангиз, мамлакат обрўйини тўкиш ва ҳатто «хоин»ликда айбланасиз. Ҳолбуки, мақсад-муддаонгиз – маҳаллани, юртингизни камчиликлардан холи кўрмоқ, холос.
Рост гапириш инсоннинг бирламчи мажбуриятидир. Бировни алдаш, кўзни лўқ қилиб ёлғон сўзлаш унга нисбатан ҳурматсизликдир. Бир кишига айтилган ёлғон кечирилмас экан, бутун бир халқни алдаш-чи?! Бу нафақат халққа нисбатан нописандлик, Яратганнинг амрига қарши чиқиш ҳамдир. Зеро, муқаддас китобда айтилганидек, Оллоҳ ростгўйларни севади.
Ривоят қилишларича, салжуқий ҳукмдор султон Санжарнинг саройида Муизий деган шоир бўлар экан. У ҳукмдорнинг ўтириб-туриши, еган таоми, кийган либосигача мадҳ қилиб юраркан. Бир куни султон аъёнлари сафида Муизийни ҳам овга олиб кетибди. Шикор вақти ҳукмдор кийикни отаман деб Муизийни отиб қўйибди. Жароҳатланган шоирни кўтариб саройга олиб келишибди. Ўқ ўз ҳунарини кўрсатибди. Ўлим тўшагида ётганини ҳис этган Муизий шоҳни чақиришларини сўрабди. Султон Санжар «Ўладиган бўлса, ҳолидан хабар олганим бўлсин» дебди. Ҳукмдор ёнига келиши билан маддоҳ шоир султон отган ўқни мадҳ этиб, ашъор ўқибди ва жони узилибди. Ўша сўнгги шеър мазмуни бундай экан: «Сиз отган ўқ шундай чиройли учдики, унга маҳлиё бўлдим, ўқингиз унга кўнгил берганимни сезди шекилли, менинг кўксимдан жой олди».
Чингиз Айтматов шундай ҳикоя қилган: «Рус тилида чиқадиган бир корейс журналида Кореянинг шимолий қисмини яқин ярим аср бошқарган ва тириклигидаёқ илоҳийлаштирилган Ким Ир Сенга боғлиқ бир воқеани ўқиб қолдим. Бир куни дарё тошиб, қирғоқдаги қишлоқларни сув босади. Асов оқим бир аёлни ҳам ёш гўдаги билан оқизиб кета бошлайди. Жувон сувда Ким Ир Сеннинг портретини кўриб қолиб, боласини ташлайди ва доҳийнинг расмини бағрига босганча амаллаб қирғоққа олиб чиқади. Журнал жувоннинг бу ишини олий ватанпарварлик деб атабди».
Мана – лаганбардорлик, маддоҳликнинг даҳшатли оқибати! Шахсга сиғиниш, жамият ҳаётини ўта сиёсийлаштириш ва бир ғояга бўйсундириш сиёсий манқуртликларни туғдиради. Ҳа, чексиз ҳокимият охир-оқибат одамларни ўз мустақил қарашидан, инсонлик шаънидан маҳрум этади. Бу иллатга қарши курашиш учун ҳар намоён бўлганида уни фош қилмоқ, одамларни ҳушёрликка даъват этмоқ лозим.
– Демократик давлатларда парламент муҳим ўрин тутади, кези келганда, ҳокимиятнинг бошқа бўғинларини жиловлаб-тергаб туради. Икки йил аввал улкан умидлар билан янги парламентни сайладик. Афсуски, қонунчилик идораси электорат ишончини тўлиқ оқлай олмаётир. Ижтимоий тармоқларни кузатсангиз, бамисоли порох солинган идиш дейсиз! Юртдошларимиз монополиядан тортиб коррупцияга қадар – жамият тараққиётига ғов бўлаётган катта-кичик муаммолар ҳақида бонг урмоқда. Аксар депутату сенаторларимиз эса тўни ямоқ, қўли қадоқ раият ғам-ташвишидан бехабар гўё. Парламент мажлисида мудраб ўтирган валламатларни кўриб, булар янглишув сабаб сайланиб қолибди-да, деган хаёлга борасиз. Сиз ўтган асрнинг долғали йилларида депутат бўлгансиз. У йиллар парламенти фаолияти зарбулмасал ҳам бўлиб кетган. Бугунги қонунчилик идорамиз аъзолари чинакам халқ ноиби сифатида фаолият юритишига нима тўсқинлик қиляпти экан?
– Аввало, парламент демократиясининг асл моҳиятини аниқлаштириб олсак. Давлат – жамият учундир, халқ ва инсон учундир. Шу жиҳатдан, «Кучли давлатдан – кучли жамият сари» деган даъват аҳамиятли эди. Афсуски, жамиятимиз ҳануз ўз ҳақ-ҳуқуқига тўлиқ соҳиб ва талабгор эмас, кези келганда кучли давлат қаршисида заиф бўлиб қолаётир.
Халқ иродаси акс этмоғи учун парламент таркиби электорат, яъни сайловчиларнинг истакларига уйғун келиши керак. Бу асосан партиялар воситасида амалга оширилади. Халқ орасида бизнесменлар кўп бўлса, қонунчилик идорасида тадбиркорлар етакчилик қилади; деҳқонлар кўп бўлса, қишлоқ хўжалиги вакиллари устун келади; миллиятчилик кайфияти кучли бўлса, миллий ҳаракат тамсилчилари асосий ўрин эгаллайди. Сайлов қанча эркин бўлса, парламентда халқ иродаси шу қадар аниқ акс этади.
Ўз истаклари парламентнинг юксак минбарида акс садо бераётгани, унинг манфаатларига мос қонун-қарорлар қабул қилинаётганига ишонч ҳосил қилган халқ норозилик намойишига чиқмайди. Демак, рисоладаги парламент тинчлик ва барқарорликка ҳам замин ҳозирлайди. Акс ҳолда, дарди ичида қолган оломон таҳликалидир. Бинобарин, халқ сайловга жиддий ёндашиши, англаган ҳолда овоз бериши шарт. Жорж Оруэлл «Золим, жоҳил, бадният кимсани сайлаган халқ унинг қурбони эмас, ҳамтовоғидир» деганда ҳақ эди.
Ўтган асрнинг 80-йилларидаги парламентни ёдга олдингиз. Ўша кезлар сайлов бир қадар эркин ўтган ва унда жамиятнинг кенг қатлами қатнашган. Қолаверса, у – шўро давлати заифлашган, жамият ўз кучини англай бошлаган шароитда сайланган парламентдир. Сайлов олдидан беш йил «қайта қуриш ва ошкоралик даври» кечган, яъни сўз эркинлиги ва сиёсий плюрализм шароитида шахслар ўзини намоён қилиши, сиёсатчилар етишиб чиқиши, халқ уларни таниши учун муддат ва шароит бўлган эди. Салмоқли қисми эркин фикрли, элпарвар, ориятли депутатлардан иборат парламент юрт мустақиллиги ва президентлик республикасини эълон қилди, Конституция ва беш юзга яқин қонунларни амалга киритди.
Сайловни бир кун ёки уч ой (номзод илгари суришдан овоз беришгача) деб ўйлаш хатодир. Аслида, овоз бериш ўтгач, беш йилдан сўнг бўладиган кейинги сайлов мавсуми бошланади. Демак, электорат ишонч билдирган вакилларининг сўзию амалини баҳолаб бориши, кўриб-кузатиб янги номзодларни танлаши керак. Муносиб номзод лоп этиб сайлов кунида чиқмайди, у йиллар бўйи тарбияланади.
Эҳтимол, фикрим баҳсли туюлар, аммо ҳозирги парламентимизда бир гуруҳгина ҳақиқий депутат бор, холос. Президент Шавкат Мирзиёев бу депутатларни илк сессияда номма-ном санаб, уларнинг қатъиятини эътироф этди. Қонунчилик идорамиз аъзоларининг савия-даражаси мени ҳам кўпдан буён ўйга толдиради. Сабаб-омиллар бисёр, мен бир қисмини айтақолай.
Биринчидан, амалдаги депутатлар мавжуд фирқалар илгари сурган номзодлардир. Расмий партияларимизнинг дастурлари деярли бир хил, ижро ҳокимиятининг қарорларига кўпинча эътироз ҳам билдирилмайди. Менимча, чинакам рақобатчи фирқалар ҳам рўйхатга олиниши, илгари бўлгани каби, меҳнат жамоалари, аҳолининг ташаббускор гуруҳлари кўрсатган, бирор партия аъзоси бўлмаган номзодларга ҳам сайланиш ҳуқуқини бериш керак. Ўзбекистонда жами партия аъзолари бир миллионнинг нари-берисида бўлса, аҳолининг катта қисми бирор фирқага аъзо эмас, ахир...
Иккинчидан, депутатлар халқ ичидан етишиб чиқиши керак. Ҳозиргиларнинг таржимаи ҳолига қарасангиз, аксари ижроия ҳокимияти ёки бошқа давлат идорасидан келганини кўрасиз. Демак, ваколат муддати тугаса, яна амалдор бўлиш эҳтимоли катта. Шунинг учун улар халққа эмас, мансабдорларга ёқадиган қарорлар қабул қилиш, йиқиладиган ерига сомон тўшаб қўйишни маъқул кўради. «Жим ўтирсам, итоатгўй бўлсам, яна сайланаман, юқорироқ мансабга ўтаман» деган хомхаёл сабаб халққа ҳисобдорликни унутади.
Учинчидан, бизда сиёсий ислоҳотлар амалга оширилаётганига қарамай, ҳокимиятларнинг тақсимланиши ва бир-биридан мустақиллиги тўлиқ рўёбга чиққанича йўқ. Гоҳида суд ҳокимияти ҳукм эълон қилишда ижро ҳокимиятининг қош-қовоғига қарайди. Парламентда ижро ҳокимиятига итоат меъёрга айлангандек, ижро тизими ҳаракатларини мунтазам сўроқлайдиган бир-икки депутатга эса телбага қарагандек қарашади. Ҳокимиятлар аралашиб-уйқашиб кетган ўринлар ҳам бор. Масалан, камида еттита ижро ҳокимияти аъзоси – вазирлар бир вақтнинг ўзида қонун чиқарувчи идора вакили, сенатордир. Ёхуд вилоят, шаҳар ва туман кенгашларида ҳамон ҳокимлар раислик қилмоқда. Бу ҳол конституциявий ҳокимият тақсимланиши тамойилига тўғри келадими?!
Сирасини айтганда, парламентимиз тақдири сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларнинг тўлақонли амалга оширилиши ва қонунчилик ҳокимиятининг чинакам мустақиллигига боғлиқдир.
– Коррупция тараққиётимизга тушов бўлаётган жиддий хатарлардан бири экани сир эмас. Илоҳлик даъво қилган Фиръавндан «Нега бу қадар оғир гуноҳларга қўл урдинг?» деб сўралганда, «Мени ёмонликдан қайтарадиган одам топилмади», деб жавоб берган экан. Омонатга хиёнат қилаётган коррупционерларни ҳам ўз вақтида тўхтатиш, кичик йиртқич улкан наҳангга айланмасдан қармоққа илинтириш – оқилона йўлдир. Мамлакатимизда коррупцияга қарши беаёв кураш эълон қилинган. Аммо у худди саратон ҳужайраси каби, жамиятнинг бир аъзосини даволасангиз, тананинг бошқа узвига ўтиб жон сақлаётгандек. Суҳбатлардан бирида «Давлат ташкилотига коррупцияни тугатиш учун пул ажратиш – арақхўрга ичкиликбозликни тугатиш учун арақ ажратиш билан баробар. Яъни коррупцияга қарши ажратилган пуллар ҳам коррупция қурбони бўлади», деган эдингиз. Сизнингча, коррупция аталмиш юҳони тўхтатмоқ учун қандай кескин чора-тадбир кўриш керак?
– Юртни севганлар ва унинг тақдирига куюнган инсонларни қувонтириб, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев коррупцияга қарши курашишга доир давлат дастурини имзолади. Давлат хизматчилари даромади декларация қилиниши, порахўрлик кўрсаткичи юқори бўлган йўналишларда «Коррупциясиз соҳа» лойиҳаси амалга оширилиши эълон қилинди. Дастурнинг моҳияти бундай: давлат хизматчилари ва амалдорлар даромадини декларация қилади, мансабдорлар танлов асосида сараланади, суд ҳокимияти мустаҳкамланади ва матбуот эркинлиги таъминланади.
Коррупцияга қарши кураш мавсумий кампания эмас, жадид боболаримиз таърифи билан айтганда, ҳаёт-мамот масаласидир. Мана, сўзнинг амалга айланиши мушкул кечаётган иқтисодий, сиёсий, маъмурий, молиявий ислоҳотларнинг тақдири ҳам ана шунга боғлиқ бўлиб турибди. Узоқ йиллар мобайнида давлат, жамият ҳаётининг аксар соҳаларини ўргимчак тўри каби қамраган иллатга қарши курашгина қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш ва мамлакатнинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини оширишга хизмат қилади. Ривожланган давлатларнинг тараққиёт сири шундаки, коррупциянинг давлат барқарорлиги ва миллий хавфсизликка таҳдид экани барвақт англаб етилган. Қолоқ давлатларда эса айнан коррупция тараққиётга тушов бўлаётганини кўриш мумкин.
Минг афсуски, мамлакатимиз порахўрликка ботган ўлкалар рўйхатида қоляпти. Transparency International ташкилоти ҳисоботида (2020 йил) Ўзбекистон 180 давлат орасида 146-ўринда қайд этилган. Жаҳон банки ҳисоботида ҳам коррупция кўрсаткичи юқори давлатлар гуруҳига киритилганмиз. Тўғри, бу ҳол ҳеч биримизга ёқмайди, лекин начора, ойни этак билан ёпиб бўлмайди, йиллар мобайнида юзага келган вазият кундек равшан. Коррупция иллати бешикдан то қабргача етиб борди – туғруқхонадаги шифокордан тортиб қабристон хўжайинигача қўлга қарашга одатланди.
Коррупция катта-кичик давлат амалдори иштирок этган жиноят экани, айнан шуниси билан киссавурлик ёки фирибгарликдан фарқ қилишини ҳисобга олсак, фақат мансабдорлардан иборат комиссия билан унга қарши самарали курашиб бўлмайди. Такрор бўлса-да айтаман, коррупцияга барҳам бериш учун мансабдорларга пул ажратиш – пиёнисталарга ичкиликбозликни тугатиш учун арақ ажратиш билан баробардир. Чунки давлат маблағи коррупцион схемалар орқали талон-торож этиб юборилмаслигига кафолат йўқ.
Коррупцияни жамият ва жамоат назоратисиз, одил судлов ва ҳуқуқ-тартибот тизимисиз, эркин оммавий ахборот воситалари ҳамда жасур ва ҳалол фуқаролик жамияти вакиллари иштирокисиз енгиш амримаҳол. Аксилкоррупция кураши давлат хизматини ўташда манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, аҳоли ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришни ҳам тақозо этади. Давлат хизматчилари даромадини декларация қилиш тартиби эса зудлик билан жорий этилиши керак.
Ҳукуматнинг аксилкоррупция кампаниясидан айрим мансабдорларнинг бировдан қутулиш ё ўч олиш мақсадида фойдаланишига асло йўл қўйиб бўлмайди. Қолаверса, ҳақ ва халқ хизматидаги фуқаролик жамияти фаоллари ва журналистлар ҳам давлат ва қонун ҳимоясида бўлмоғи лозим.
Президент Шавкат Мирзиёев бир гал «пора бермасанг, қўл қўймайман» қабилида ишлаётган тизимни синдириш осон кечмаётгани, шу балодан қутулсак, тадбиркорларга кўп енгиллик бўлишини айтган эди. Дарҳақиқат, инсон омилига боғлиқ бўлган бюрократик тизим порахўрликка замин яратиб, хорижий сармоя истиқболига соя солади. Гоҳида эса қонунчиликдаги «туйнук»лар панд беради. Айрим хорижий сармоядорлар мамлакатимиздаги мураккаб лицензиялаш тизими, мужмал солиқ қонунчилиги ва валюта чекловларидан ёзғириши бежиз эмас.
Келинг, жамиятимизда учраётган айрим коррупцион жиноятларни таҳлил қилиб кўрайлик.
Биринчиси – давлат бюджети талон-торожи. Таниш фирмаларга давлат буюртмасини тендерсиз бериш, қурилиш ёки таъмирга аталган маблағни ўзлаштириш, «ўлик жонлар» воситасида чўнтак қаппайтириш ва ҳоказо. Бюджетни ўмариш турли миқдорда, турфа хил соҳаларда учраётир. Бу дарднинг давоси – бюджет маблағи устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишдан иборатдир.
Иккинчиси – порахўрлик. Пора одатда мансабдорнинг бирон «хизмати» эвазига берилади. Йўл нозирига – жарима қўлламаслиги, ҳуқуқ посбонига – жиноятни хаспўшлаши, ҳокимга – ер ажратиши, божхоначига – контрабандага кўз юмиб туриши, амалдорга – лицензия бериши учун ширинкома тарзида тутқазилади. Бу ҳол барҳам топиши учун амалдорнинг изнига боғлиқ ҳужжатларни жиддий қисқартириш, лицензияни интернет орқали, яъни мансабдор ва талабгорнинг бевосита учрашувига йўл қўйилмайдиган тартибда бериш керак.
Учинчиси – манфаатлар тўқнашуви. «Фалон ҳоким миллиардлаб сўмли давлат буюртмасини қизининг фирмасига олиб берди», «Фалон мансабдор оилавий бизнесига шароит яратиш учун айрим маҳсулотларни четдан олиб киришга божни оширди» мазмунидаги хабарларни ўқиб-эшитиб турибмиз. Бундай номақбул ҳолатларга очиқ ҳуқуқий баҳо берилмас, таниш-билишчилик, қариндош-уруғчиликка йўл қўйганлар муқаррар жазоланмас экан, иллат урчийверади.
Тўртинчиси – турли соҳалардаги монополия. Бу ҳол миллий ишлаб чиқарувчини қўллаб-қувватлаш, бир неча минг одамга иш ўрни яратиш баҳонаси ила, миллионлаб фарзанди муҳожирликда меҳнат қилаётган халқни маҳсулот ва хизматни танлаш ҳуқуқидан маҳрум этмоқда. Монополиядан воз кечиб, расмана бозор иқтисодиёти тартиблари, рақобат шароитини жорий этиш вақти аллақачон келди.
Шоир Абдулла Орипов суҳбатлардан бирида порахўрлик иллатини тирноққа ўхшатган эди, яъни у ўсиб чиқаверади, фақат мунтазам қирқиб туриш керак. Дарҳақиқат, коррупцияни батамом енгган мамлакат йўқ, аммо уни жиловлаганлар бор – бу давлатлар тажрибаси эса бизга асқатиши шубҳасиз.
Германияда коррупцияга қарши кураш борасида очиқ ва изчил механизм яратилган. Қинғирликка мойил соҳаларда ўзига хос кураш усуллари татбиқ этилган. Масалан, давлат харидлари очиқ ва ошкора тарзда йўлга қўйилган. Оммавий ахборот воситаларида доимий равишда коррупция ҳақида кескин материаллар эълон қилинади. Олмон амалдорини пора эвазига оғдириш мушкул, чунки у бир лаҳзада мансаби, имтиёзлари, жумладан, кафолатланган пенсиядан қуруқ қолишдан қўрқади.
1998 йили Германияга борганимизда прокуратура, суд, парламентда учрашувлар ўтказдик. Ўзбекчилик – чопон, дўппи, пичоқ каби совғалар олиб борганмиз. Қайси идорага кириб раҳбариятига ҳадя топширсак, аввал рад этади, қистаганимиздан кейин совғани кирим қилиб, ҳужжатлаштириб қўяди денг! 7 доллардан зиёд миқдорда совға олиш мумкин эмас экан.
Ўзбек мусаввири Исфандиёрнинг «Олтин куз» асари Лувр музейида сақланишидан фахрланамиз. У довруқдор музейдан қандай қилиб ўрин олган? Гап шундаки, картинани Ўзбекистон етакчиси Франция президентига совға қилган. Фаранг раҳбари совғани ўзига олиши мумкин бўлмагани учун музейга топширган...
Сингапур мустақилликка эришган илк кезлар коррупция ниҳоятда авжида бўлган. «Коррупция – осиёча ҳаёт тарзининг ўзига хос хусусиятларидан бири. Одамлар мукофотни очиқдан-очиқ қабул қилар, зотан, бу улар ҳаётининг бир қисми эди. Уни йўқотишда ишни қариндошу дўстларингиздан учтасини панжара ортига ўтқазишдан бошланг. Бунинг сабабини сиз ҳам, улар ҳам яхши биласиз. Жазонинг муқаррарлиги коррупцияни жиловловчи бирламчи омилдир», деган эди атоқли давлат арбоби Ли Куан Ю.
Демак, ишни коррупцияга нисбатан муросасиз муҳит яратишдан бошлаш керак. Коррупцияга қарши курашда илгари силжимоқ учун бизда ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий тизим ислоҳ қилинаётир. Эндиликда мустақил адлия тизими ривожланиши, матбуот ва фуқаролик жамияти институтлари янада эркинлашиши лозим. Бу курашда ҳаммамиз иштирок этсак, давлатимиз, шаънимиз ва номусимизга соҳиб чиқсак, мурод ҳосил бўлгуси...
– Давлат статистика қўмитасининг маълумотига қараганда, юртимизда 2000 йилда кутубхоналар (ахборот-ресурс марказлари) 6027тани ташкил этган бўлса, 2020 йилда улар сони 400тага тушган. Қарангки, 20 йил ичида кутубхоналаримиз қарийб 90 фоизга қисқарган! Публицист Ҳалим Саидов ҳалокат остонасидаги миллат зиёхоналарини асраш учун давлат дастури қабул қилиниши керак, деб ёзди. Бозор иқтисодиёти (балки уни шафқатсиз капитализм деб атайверган маъқулдир) тутумлари илмий-маърифий жабҳага ҳам мўр-малахдек бостириб келаётган бир паллада кутубхоналарни сақлаб қолиш имкони борми? Ҳар нарсани моддий манфаат, ақчаю бўғча билан ўлчайдиган арбобларни маърифат масканлари сув билан ҳаводек зарур эканига ишонтириб бўлармикан?
– Ваҳки, вазият айтганингиз кабидир, балким ундан-да ёмон. Муаммо мураккаблашиб ҳам кетган. Чунки одамлар китоб ўқиш кўникмасини бой бераётир, китобат саноати ривожланаётган бўлса-да, ададлар камайиб кетган. Таклиф ва талабларга қарамай, ноширлик бизнеси ҳам солиқлардан озод этилмади. Айрим ҳудудларда эса ҳокимлар кутубхона биносини тадбиркорларга бериб юборган. Охирги йигирма йилда 5 минг 500 кутубхонанинг йўқ бўлиб кетгани – катта фожиадир. Биз хорижни танқид қиламиз, аммо у ерларда минглаб кутубхоналар ишлаётир, автобус бекатларию хиёбонларда ҳам мўъжаз кутубхоналар, кўчма китоб дўконлари ташкил қилинган. Ажнабий миллатлар келажак китобга боғлиқ эканини теран англаганда биз нега бефарқмиз?
Бизда ҳам кутубхоналар тикланиши, вақт синовидан ўтган илмий, бадиий китоблар, газета-журналлар ҳар бир мактаб кутубхонасига етказилиши лозим. Қолаверса, бой электрон база шакллантирилиши керак. Токи ёшлар жаҳонда чоп этилаётган янги адабиётларни планшет ва смартфонида ўқиб борсин. Бунга маблағ топиш имкони борми? Бор, албатта. Дейлик, ҳалигача ясама кўтаринкиликдан қутулолмаётган давлат телеканаллари ҳамда дабдабали тадбирларга ажратилаётган маблағнинг бир қисмини китоб соҳасига йўналтириш мумкин.
«Ҳар нарсани моддий манфаат билан ўлчайдиган арбоблар»га келсак, улар илм-маърифатга асло қарши эмас – ана, ўз жигарбандларини жарақ-жарақ пул тўлаб хусусий ёки хорижий таълим даргоҳларида ўқитаётир. Оддий халқнинг болалари таҳсил кўрадиган мактаблар, зиё масканларимизнинг аҳволи эса хийла ночор. Вазиятни ўнгламасак бўлмайди!..
– Карим ака, «чархи кажрафторнинг шеваси»ни кўрингки, айни кучга тўлган навқирон йилларингиз «узлатнишинлик»да ўтди, қизғин сиёсий жараёнлардан четда тутилдингиз, талай йиллар илмий, адабий китобларингиз нашрига изн берилмади. Бунга эса муросасиз сиёсий фаолиятингиз сабаб бўлгани маълум. Қодир Оллоҳ сизга умр йўлини янгидан босиб ўтиш имконини туҳфа этса, яна қилич тиғидек кескир сиёсат йўлидан юрармидингиз ё «эл қатори» яшамоқни маъқул кўрармидингиз?
– «Мен ҳақимни оларман тундан», деб ёзган эди Александр Блок. Камина ҳам «узлатнишин»ликка ўрганиб, ҳақимни меҳнатдан олдим. Мақтанчоқликка йўймасангиз, савол баҳонасида ижодий ишларимни сарҳисоб этиб чиқсам. «Томчидил» шеърий тўпламим, «Демократия ва инсон ҳуқуқлари», «Журналистнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва масъулияти», «Оммавий ахборот воситалари фаолиятининг ҳуқуқий асослари» каби илмий-оммабоп китоблар, «ОАВ ва сайловлар» номли қўлланма, «Сўз эркинлиги ҳақида сўз» деган сиёсий-ижтимоий рисола ўзбек, рус ва инглиз тилларида нашр қилинди, танқидий-таҳлилий мақолаларим чоп этилди.
Сенека, Афлотун, Вольтер, Монтень, Паскаль, Вовенарг, Ларошфуко, Лабрюйернинг фалсафий асарлари; жаҳон халқлари ҳикматлари; Жорж Оруэлл ва Малкольм Гладуэлл романлари; Чингиз Айтматов, Дино Буццати, Жованни Папини, Коррадо Альваро, Марчелло Вентури ҳикоялари; Ҳенри Форд мемуари; уйғур шоири Темур Давомат, озар шоири Ромиз Равшан шеърлари; Абдураҳмон Авторхоновнинг «Кремль салтанати» китобини таржима қилдим. Олмон, турк, юнон, фаранг, араб, инглиз, испан, форс, япон, корейс, ҳинд ва бошқа кўплаб эллар шоир-адибларининг асарлари таржимамда чоп этилди.
Яқинда Анна Ахматова таржимасида корейс шоирлари шеърларини ўқиб қолдим. Рус шеъриятида хориж адабиётидан энг гўзал шеърий таржималарни айнан Анна Ахматова ва Борис Пастернак қилган. Гап шундаки, норасмий тақиқда бўлган бу ижодкорларнинг ўз асарлари босилмаган, лекин таржималари чоп этилаверган. Сираси, ғайриихтиёрий тарзда мутаржимликка берилган улар. Мен ҳам тақиқ йилларида кўпроқ таржимага ошно тутиндим. Таржималарнинг ҳажми ўз ижодимдан бир неча баробар ортиб кетди. Чоп этилиши ва қаламҳақидан умид бўлмагани боис фақат қалбимга яқин иншоларни она тилимизга ўгирдим. Таржималаримнинг ҳеч бир сатридан хижолат эмасман.
Яқинда Нобель мукофоти совриндори Светлана Алексиевичнинг «Чернобиль таваллоси» романи таржимасини тугатиб, нашриётга топширдим. АЭС қуришни мўлжаллаётган юртимиз учун кони фойда асар бу. Мақола, илмий тадқиқот ва адабий суҳбатлардан иборат салкам уч жилд асаримиз, таржималаримиз, илмий-бадиий китобларимиз ўз ноширини кутмоқда.
Менинг анча вақт сиёсий «узлатнишинлик»ка дучор бўлганимга келсак, узлат бу – дин ва илмга доир улуғ тушунчадир. Қани эди, яссавиёна узлатга муносиб бўлолсак!..
Ҳаётга ўн қайта келсам ҳам шу тахлит яшардим, «эл қатори», жимгина умргузаронлик қилолмайман. Мени ислоҳотлар тақдири юртдошларимизнинг чинакам ўзгариши, фикр такомиллашувига боғлиқ экани мудом ўйлантиради. Собиқ Иттифоқнинг паймонаси тўлган даврга оид бир мутойиба бор. Михаил Горбачёв ҳарбийга ихтисослашган иқтисодиётни ислоҳ қилиш илинжида конверсия деган жараённи бошлаган, яъни ҳарбий аслаҳа заводларининг ускуналари қайта қурилиб, тинчликка хизмат қилувчи ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Ўша кезлар «Калашников» қурол заводи болалар аравачаси ишлаб чиқарадиган корхонага айлантирилибди. Совет ишчиси, маош рўзғорга етса-етмаса, ишхонадан қўлига илинган бир нимани яширинча олиб кетишга одатланган эди. Бир ишчи болалар аравачасининг қисмларини ўмариб келиб, уйида йиғса, аравача эмас, барибир автомат бўлиб чиқармиш... Алҳазар!
Таассуфки, бизда ҳам шундай бўлаётгандек: ислоҳотларга қарамай, маҳсулотимиз баъзан «автомат» бўлиб чиқяпти. Халқ ва миллат ўлароқ ўзгаришимиз оғир кечяпти. Ислоҳотлар самара бериши учун халқ уйғонмоғи, ўз тақдирига масъул бўлмоғи лозим ва лобуддир.
С.Ёқубов суҳбатлашди.
«Тафаккур» журналидан олинди.
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
«Тафаккур» журналидан олинди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Анчелотти: “Реал”да катта хатога йўл қўйдим. Бу менга катта дарс бўлди