Ортиқча вазн нафақат инсон саломатлигига зарарли, балки катта кўринишга ҳам сабаб бўлади. Ўзбек санъати вакиллари орасида ҳам ортиқча вазндан азият чеккан ва бу ҳолат ижодига ҳам салбий таъсир этганлар бисёр эди. Шу боис улар ортиқча вазндан қутулишга жиддий киришди.
Муяссар Бердиқулова
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Муяссар Бердиқулова бир неча йилдан буён ортиқча вазн билан курашарди. Бир неча йиллик қатъий диета сабаб 25 кг вазн ҳам ташлаганди. Аммо натижани ушлаб қолиш осон кечмади. Шу боис актриса ошқозон кичрайтириш амалиётини бошдан кечирди. Вазни 85 кг бўлганида жарроҳлик амалиётини ўтказиб, 30 килограммдан кўпроқ вазн ташлади.
— Қорним очганда меъёрида овқатланаман. Ширинликлардан, хамирли овқатлардан воз кечганман. Баъзида ширинлик егим келса, ейман, лекин олдингидек муккасидан кетиб истеъмол қилмайман. Олдин ва ҳозирги ҳолатнинг фарқи бор. Озгина, 2-3 қошиқ овқатдан сўнг қорним тўйиб қолади, — дейди актриса.
Тез вазн йўқотиш актрисада тери осилишига ҳам сабаб бўлган. Шу боис у яна пластик жарроҳларга мурожаат қилди. Instagram кузатувчилари “Озғинлик ёшингизга ярашмабди, аввалги қиёфангиз яхшироқ эди”, дейишса ҳам, у амалиётдан мамнун.
Зуҳра Солиева
Шу кунгача томошабинлар Зуҳра Солиевани хипчабел қиёфада кўрмаган эди. Чунки актриса дебют ролини ижро этган пайтда ҳам дўмбоқ эди. У машҳурликка эришишида ташқи кўриниши ва кулиши ҳам аҳамият касб этган.
— Аввал 110 килограмм эдим, ҳозир тенг баробар озганман. Ортиқча вазн сабаб соғлиғим ёмонлашарди. Ўзи овқатга ружу қўйган одам эмасман, олдин ҳам кам овқат ердим, кўп инсонлар шишиб кетганимга камроқ овқат ейишим кераклигини ва кейин озишим мумкинлигини айтди. Менга бу гап ёқмас эди, чунки кўп овқат ейдиган одам эмасман. Операциядан сўнг соғлиғим анча яхшиланди. Энг муҳими, гўзал эканлигимни аввалдан ҳам кўпроқ ҳис қилайпман. Аммо режиссёрлар аввалгидек шаддод, комик ролларни беришга бир оз чўчишяпти. Чунки бугунги кўринишимга кўпроқ назокатли аёллар роллари мос, — дейди Зуҳра Солиева.
Ўткир Мелиев
Ўзбек миллий академик драма театри актёри Ўткир Мелиев ҳам озиш учун сўнгги чорани қўллашга мажбур бўлди. Ёдингизда бўлса, у “Сардор” сериалидаги дебют ролини ижро этганида ҳам озғин эмасди. Аммо сўнгги йилларда у катта вазн тўплади, бу ҳаракатланишига ҳам халал берди.
— 60 килога оздим. Аммо бу кутилган натижа эмас, яна вазн ташлашим керак. Наҳорги ошларга борганда ҳам 4-5 қошиқ ош еб, тўйиб қоляпман. Вазн ташлаш кўп жиҳатдан нафсни жиловлашга боғлиқ экан. Афсуски, баъзан буни уддалай олмай қоламиз, — дейди актёр.
Шаҳноза Отабоева
“Ниҳол” номидаги давлат мукофоти совриндори Шаҳноза Отабоева она бўлгач, ортиқча вазн билан курашишни бошлади. Ҳатто у катта вазн сабаб 5 йил клип суратга ололмагани ва саҳнага чиқишни истамагани ҳақида сўзлаб берди.
— Аёл киши фарзанд кўргандан кейин барибир семиради. Айниқса, Cовид-19 дан кейин кўп ўзгаришлар бўлди, яшаш учун курашдик. Яқинда Озарбайжондан келган шифокорга бордим ва жарроҳлик йўли билан озиш учун операция қилдирдим. Шифокорга борганимда вазним 113 кг эди. Ҳозир эса озиб, ўзимни жуда яхши ҳис қиляпман, чунки 5 йил саҳнадан қочиб юргандим. Вазним сабабли клип ололмадим, саҳнага чиқолмадим. Озиш учун ҳамма нарса қилдим, фойдаси бўлмади”, — дейди хонанда.
Феруза Жуманиёзова
Хонанда Феруза Жуманиёзова ҳам ортиқча вазндан қутулиш учун ҳар қандай чорани қўллаб кўрган. Унинг айтишича, ундаги вазн ортишига гормонал ўзгаришлар ва стресслар сабаб бўлган.
— 2007 йили “запрет”га тушганим ҳам семиришимга сабаб бўлди. Стресс мияга ўрнашиб қолганидан кейин ундан қутулиш қийин бўларкан. Ортиқча вазн билан ўзимни ноқулай ҳис қилардим. Халқ ичига киришга ҳам ҳайиқиб қолгандим. Чунки мухлислар ташқи кўринишнинг ўзгаргани ва нега саҳнага чиқмаётганимнинг сабабини билишни исташарди. Охири ошқозон кичрайтириш амалиётини бошдан ўтказишга қарор қилдим. 3-4 ойдаёқ натижалар сезилди. Ҳозирги кўринишимдан хурсандман, — дейди хонанда.
Муборак Абдуллаева
Instagram фойдаланувчиларига яхши таниш бўлган вайнер ва актриса Муборак Абдуллаева ҳам яқиндагина ошқозон кичрайтириш амалиётини бошдан кечирди.
— Вазним 130 кг эди. Катта вазн эгаларининг наркоздан кейин ўзига келиши қийин кечар экан. Мен нафақат ортиқча вазндан, балки қандли диабет хасталигидан ҳам азият чекардим. Шу боис ошқозон кичрайтириш амалиётига рози бўлдим, — дейди Муборак Абдуллаева.
“Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг