21:15 / 01.07.2024
190

Болливуд қироли Шоҳрух Хон томонидан рад этилган машҳур ҳинд фильмлари

Болливуд қироли Шоҳрух Хон томонидан рад этилган машҳур ҳинд фильмлари
Фото: Дзен
Дунёнинг турли бурчакларида минглаб мухлисларига эга бўлган Болливуд қироли Шоҳрух Хон Ҳиндистондаги энг машҳур ва бадавлат актёрлардан биридир. У “Менинг исмим Хон”, “Ўткинчи дунё”, “Девдас”, “Вир ва Зара” ва бошқа фильмлардаги ажойиб роллари билан миллионлаб томошабинлар қалбидан жой олган.

Ҳиндистонлик серқирра ижодкор ўз фаолияти давомида улкан муваффақиятга эришган бир нечта лойиҳаларда иштирок этишдан бош тортган. Бугун актёр Шоҳрух Хон томонидан рад этилган қатор фильмларни ёдга оламиз.

“Биродар Мунна: бахт сотувчиси”

Фото: Дзен
2006 йилда режиссёр Ражумар Хирани томонидан суратга олинган “Биродар Мунна: бахт сотувчиси” фильмидаги бош рол учун Шоҳрух Хон таклиф қилинган, бироқ у турли сабабларга кўра, жумладан, умуртқа поғонасида жарроҳлик амалиётини ўтказгани учун таклифни рад этган. Охир-оқибат бош қаҳрамонни Санжай Датт гавдалантирди ва комедия катта муваффақиятга эришди.

“Lagaan: бир куни Ҳиндистонда”

Фото: Дзен
Режиссёр Ашутош Говарикер Шоҳрух Хонга “Lagaan: бир куни Ҳиндистонда” тарихий драмасида Бҳуван ролини таклиф қилди. Бироқ актёрнинг иш жадвали жуда тиғиз бўлгани сабабли лойиҳада иштирок эта олмади. Унинг ўрнига Амир Хон бош ролни ижро этди ва фильм танқидчиларнинг олқишига сазовор бўлди ва ҳатто “Оскар” мукофотига номзодликка чиқди.

“Шафран ранги”

Фото: Дзен
Шоҳрух Хонга “Шафран ранги” фильмида лейтенант Ажай Ратод ролини таклиф қилишган, бироқ бу сафар ҳам актёрнинг суратга тушиш жадвали жуда банд бўлгани учун рад жавобини берган. Шу сабабли мазкур рол Мадхаванга топширилди ва у ўз вазифасини аъло даражада бажарди.

“Жодҳа ва Акбар”

Фото: Дзен
Режиссёр Ашутош Говарикер дастлаб Шоҳрух Хонни тарихий эпосда император Акбар образида кўрди, бироқ актёр бу ролдан воз кечди, чунки фильмни суратга олиш ишлари Шоҳрух Хон уйидан жуда узоқда жойлашган эди. Шунинг учун у оиласи билан кўпроқ вақт ўтказишни танлади. Император роли Ритик Рошанга берилди.

“Йўлбарс”

Фото: Дзен
Шоҳрух Хонга дастлаб “Йўлбарс” номли жанговар фильмда бош ролни таклиф қилишди, аммо у режиссёр билан ижодий келишмовчиликлар ва вақт билан боғлиқ муаммолари туфайли Йўлбарс лақабли махсус агент ролини ўйнашдан бош тортди. Сўнг мазкур рол машҳур Болливуд актёри Салмон Хонга насиб этди. Натижада фильм муваффақият қозониб, жосуслар ҳақидаги франшизанинг кейинги қисмлари ҳам суратга олинди.

“Севишингни айт”

Фото: Дзен
Ушбу мелодрама учун аввал Роҳит ролига Шоҳрух Хон кўриб чиқилган, сўнг номаълум сабабларга кўра актёр лойиҳа таклифини рад этган ва унинг ўрнига Ритик Рошан фильмда иштирок этган. “Севишингни айт” фильми Ритикнинг дебюти бўлиб, ёш актёрга лойиҳа илк машҳурликни келтирган.

“Харобадан чиққан миллионер”

Фото: Дзен
2008 йил намойиш этилган, режиссёр Дэнни Бойлнинг “Харобадан чиққан миллионер” фильми кўп фурсат ўтмасданоқ дунё бўйлаб машҳурликка эришди. Режиссёр дастлаб Шоҳрух Хонга “Ким миллионер бўлишни истайди?” кўрсатувининг бошловчиси ролини ўйнаш учун мурожаат қилди, лекин ўта банд актёр бу таклифни ҳам рад этди ва бошловчи образи Анил Капурга топширилди.

“Робот”

Фото: Дзен
Режиссёр Шанмугам “Робот” номли илмий-фантастик фильмдаги бош қаҳрамон ролини Шоҳрух Хонга таклиф қилди. Маълум муддатдан сўнг режиссёр ва актёр ўртасидаги ижодий келишмовчиликлар туфайли музокаралар муваффақиятсиз якунланди. Сўнг лойиҳага актёр Ражиникант таклиф этилди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Болливуд қироли Шоҳрух Хон томонидан рад этилган машҳур ҳинд фильмлари