20:26 / 07.08.2024
104

Netflix’нинг топ-3 фильмлари рейтингидан ўрин олган ҳинд фильми

Netflix’нинг топ-3 фильмлари рейтингидан ўрин олган ҳинд фильми
Фото: Netflix
Кино тарихидаги кўгилларни ларзага соладиган ва кўз ёшларни тийишга йўл бермайдиган фильмларни эсласангиз, албатта, кўз ўнгингизга “Хатико” ҳамда “Форрест Гамп” каби фильмлар келади. Дарҳақиқат, имконияти чекланган одамлар ва турли касалликларга чалинган беморлар ҳақидаги фильмлар доимо энг таъсирли бўлиб келган.

Бугунги кунда Netflix платформасида топ-3 та энг кўп кўрилган фильмлар орасида ҳинд кино саноатига тегишли ажойиб фильм етакчилик қилмоқда. Ушбу лойиҳа Netflix’да жорий йилнинг инглиз тилида бўлмаган илк муваффақиятли лойиҳаси бўлиб, миллионлаб томошабинлар томонидан юқори баҳоланиб келмоқда.

Фильм “Шрикант” деб номланади. Унда 33 ёшли тадбиркор Шрикант Боллнинг мураккаб ва зиддиятли воқеаларга тўла ҳаёти ҳақида ҳикоя қилинади. Фарзанди дунёга келганида ота-онанинг қувончи кўкка етган эди, аммо бу хурсандчилик узоққа чўзилмади. Маълум вақтдан сўнг шифокорлар болага даҳшатли ташхис қўйдилар — Шрикант кўзлари кўрмайдиган ҳолда туғилган эди.

Фото: Netflix
Шундан сўнг уларнинг оиласига турли “маслаҳатлар” ёғила бошлади, ҳатто болани меҳрибонлик уйига топшириш кераклиги ҳақида уқтирган шахслар ҳам бўлди. Аммо Шрикантнинг ота-онаси бундай номақбул таклифларнинг ҳеч қайси бирига қулоқ солмади ва чақалоққа бор меҳрини бериб, парвариш қила бошлади.

Шрикант ўз навбатида аъло баҳоларга ўқиди ва муваффақиятли инсон бўлиб етишди. Ҳаёт йўлидаги қийинчиликларга қарамай, у Bollant Industries деб номланган экологик тоза бир марталик идишлар ишлаб чиқарувчи йирик компанияга асос солди.

Фото: Netflix
Фильм кўплаб мотивация берувчи иқтибослар ва охирида кўз ёш тўкадиган саҳналарга бой эмас. Унда бош қаҳрамон муаммога ўзгача назар билан боқишни ўргатади ҳамда энг ёмон ҳолатларда ҳам ўз устидан ҳазил қила олиши билан ажралиб туради. Томошабин қаҳрамонга ачиниб, йиғлай бошлайдиган бир пайтда Шрикант юмор орқали кўтаринки кайфият беради.

Фото: Netflix
“Шрикант” фильмининг премьераси май ойининг охирида бўлиб ўтган бўлса-да, IMDb рейтингида у 7,5 баллга эга. Унинг бутун дунё бўйлаб касса тушумлари бор-йўғи 137 508 долларни ташкил этади. Шундай бўлса-да, ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари фильм ва бош қаҳрамон ҳақида мақтов ва олқишларга тўла шарҳлар қолдиришда давом этмоқда.

Фильм ҳозирча фақат ҳинд тилида мавжуд бўлиб, инглиз тилида субтитрлар ёрдамида томоша қилиш мумкин.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Netflix’нинг топ-3 фильмлари рейтингидан ўрин олган ҳинд фильми